16.02.2016

ЯНГИ ҒОЯЛАР, ТЕХНИК ИШЛАНМАЛАР, ИХТИРОЛАР

намойиш этилди

Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, соҳага илм-фан ютуқлари, илғор технология­ларни татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ёш олимларга илмий салоҳиятини янада юксалтириш, дунёвий тараққиёт билан ҳамқадам бўлиш имконини бермоқда. Бу эса IX инновацион ғоялар, техно­логия­лар ва лойиҳалар ярмаркасининг Андижон давлат тиббиёт инс­титути босқичида яна бир бор намоён бўлди.

Кўргазмалар 5 та инновацион гуруҳ доирасида ташкил этилиб, унда мутлақо янги ғоя, техник ишланма ва ихтиролар намойиш этилди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ички касалликлар, кардиология ва ноинфекцион хасталиклар профилактикаси, жарроҳлик, травматология ва ҳарбий дала жарроҳлиги каби йўналишлар бўйича тақдим этилган 63 янги лойиҳа иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Эътиборлиси шундаки, муаллифларнинг асосий қисмини мустақил тадқиқотчилар ва иқтидорли талабалар ташкил этади.

Тадбир иштирокчиларини Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат ­Абдураҳмонов табриклар экан, андижонлик ёшларнинг илм-фан ривожи йўлидаги изланишлари, янги лойиҳалари ва эришаётган ютуқларини эътироф этди. Президентимизнинг Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғ­рисидаги қарори ижросини ­таъминлаш бўйича амалга ­оширилаётган ишлар натижасида истеъдодли йигит-қизлар сафи тобора кенгайиб бораётганини таъкидлади.

— Бундай тадбирлар инновацион фаолиятни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва янада кўпроқ изланишга ундайди, — дейди госпитал ва факультет жарроҳлик кафедраси ўқитувчиси, Муҳаммадяҳё Тешабоев. — 2015 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган республика «Ёш олимлар» танловида «Юз ва бўйин соҳаси куйган беморларни жарроҳлик йўли билан даволаш» борасидаги илмий ишим юқори баҳоланиб, 1-даражали диплом билан тақдирландим. Ҳозир ­устозларим кўмагида ушбу ­мавзуни чуқур ўрганаяпман. Илм-фан ривожи мамлакатнинг келажагини белгилайдиган асосий омиллардан биридир. Юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, халқаро андозалар даражасига олиб чиқиш устувор вазифа этиб белгилангани туфайли тиббиёт муассасалари энг замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Бу эса тезкор ташхис қўйиш ҳамда даволаш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Институтнинг изланувчан талабаларидан бири Аҳрорбек Нуриддинов қулоқ, бурун ва томоқ касалликларини даволашда фойдаланиладиган қайчи яратди. Ҳозирги пайтда ундан амалиётда кенг фойда­ла­нилмоқда. «Tones-1» дея ­номланган бу тиббий асбоб болаларда кўп учровчи сурункали тонзиллитни жарроҳлик йўли билан даволаш пайтида юз берадиган салбий оқибатларнинг олдини олишда шифокорларга қўл келмоқда.

 Акушерлик ва гинекология кафедраси ассистенти Саодат Шокированинг лойиҳасида ҳомиладорлик ва унинг баъзи асоратларининг прогнози ва ташхисини такомиллаштириш кўзда тутилган. Андижон шаҳридаги тиббий муассасаларда олиб борилган бу борадаги дастлабки тажрибалар ижобий натижа бермоқда.

— Соғлом она ва бола йилида тиббиёт ходимлари зиммасидаги масъулият янада орт­ди, — дейди тадқиқотчи ­Саодат ­Шокирова. — Чунки соғлом авлодни дунёга келиши учун оналар ҳомиладорлиги вақтидан бошлаб уларга катта эътибор қаратиш керак бўлади. Биз илгари сураётган тиббий-математик баҳолаш ёрдамида ҳомиладор аёллардаги касалликлар эрта аниқланади ва вақтида даволанади.

— Институтимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни тиббиётни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларга фаол жалб этиш мақсадида «Ёш олимлар» ва «Ёш ихтирочилар» клублари ташкил этилган, — дейди институтнинг илмий ишлар бўйича проректори Ғолибжон Ҳожиматов. — Бундан ташқари, иқтидорли талабаларга етук олимларимиз илмий раҳбар сифатида белгиланган. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижаси бугунги анжуманда яққол кўринди. Таъкидлаш жоизки, ишланмаларни саралашда улар тиббиёт соҳасининг талабларига қай даражада жавоб бериши, амалиётга татбиқ этишга тайёрлиги каби бир қатор омилларга эътибор берилди. Хусусан, тиббиётда қўлланиладиган момиқ пахта ва ифлосланган сувни қайта ишлашга қаратилган лойиҳалар юқори баҳоланиб, мутахассислар томонидан амалиётга татбиқ этишга лойиқ деб топилди.

Тадбир якунида танлов ҳайъати томонидан аниқланган «Энг фаол ёш илмий тадқиқотчи», «Энг фаол илмий тадқиқотчи аёл» ва «Энг оригинал лойиҳа муаллифи» каби номинациялар ғолиблари тақдирланди.

 

Аҳмадилло СОЛИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.