13.02.2016

БОБУРНИНГ ДАВР ҚОНУНЧИЛИГИГА МУНОСАБАТИ

Бобур томонидан Амир Темур ҳукмронлиги даври ва ундан кейинги темурийлар салтанати қонунчилиги қисман ўрганилган. Ўтган давр ичида яратилган қатор мақола ва рисолаларда бу қонунларнинг ўзига хос хусусиятлари баҳоли қудрат таҳлил қилинган. Бу етарли эмас, албатта. Бу борада ишларни изчил давом эттириш, мазкур давр қонунчилигидаги инсоф, адолат, халқ манфаати тамоилларини кенг ўрганиб, бутун дунёга намойиш қилиш керак, деб ўйлайман.

Бобурнинг қонунларга муносабати, қарашлари, салтанатида қонунларга амал қилиниши алоҳида эътиборга сазавордир. Ўша даврда баъзи бир сарой аёнлари шахсий манфаатини кўзлаб мавжуд қонунчиликка зид иш юритганлиги Бобур томонидан қаттиқ қораланади. Унинг бу қарашлари «Бобурнома»да ва айрим назмий асарларида ҳам ўз аксини топган.

 Бобур темурийлар салтанатидаги мулк бўлиш ва унга эгалик қилиш умидида бўлган шаҳзода ва беклар томонидан қонунчиликни бузишга, поймол этишга бўлган ҳаракатларни кескин танқид қилади.

Бобурнинг фикрича, бир темурий шаҳзоданинг омадсизлиги, хатоси ёки камчилиги тартиб ва амалдаги қонунчиликнинг бузилишига олиб келган. Бобур эса «неча жиҳатдин мумкин эмас эрдиким...» деб бу ҳаракатларнинг ғайри қонунийлигини таъкидлайди. Бутун умри давомида Амир Темур салтанати яхлитлигини асраш учун курашган Бобур фикрича, темурий қонунлар, тартиб-низомларга риоя этмаслик, менсимаслик таназзулнинг бошланиши эди. «Хон тилаб туруб, Жаҳонгир мирзоға берилса, хон била тамом якрў бўлмоқ керак эди». Бобурнинг бу эътирози темурийлар салтанатида мулк тақсимлаш қонунияти ва тартибини бузган Султон Маҳмудхонга нисбатан билдирилган эди. Бобур Самарқанд ҳокими Султон Абусаиднинг ўғли бўлган бу шахсни жоҳил, илм аҳли қадрига етмайдиган, мумсик шахс сифатида тасвирлайди. У мулкгирлик қоидасини бузган, муҳорабага ҳисса қўшмасдан ҳам «ўз улуши»ни сўрашдан тап тортмаган. Бу эса қонунга хилоф бўлиб, Бобур бир неча далиллар келтириб, буни исботлайди. У бу қонунбузарликни шундай ифодалайди: «Самарқандни олмоқ доияси била неча йилким бажид ­черик тортар эдук, Султон ­Маҳмудхондин агарчи муътаддун биҳ мадад ва кўмак бўлмас эди, вале Самарқанд фат­ҳидан сўнг Андижонни тамаъ қилур эди».

 Султон Маҳмудхон ва яна бир гуруҳ мулкпарастлардан Бобур қаттиқ норизо бўлади.

Бобур ана шу алпозда жуда кўп ранж ва машаққатлар чекиб, Оҳангарондан Кандир довони орқали Ахсига боради. Лекин бу ерда ҳам у адолатсизликка дуч келади. Шундан сўнг у надомат билан «бек ва бекотдин ва йигит ялангдин етти-саккиз юз киши тамом мендан айрилдилар» дейди ва бунинг сабабини қуйидагича изоҳлайди: «Хоннинг агарчи ўзга ахлоқ ва атвори хўб эди, вале сипоҳийлиқ била сардорлиқдин бисёр бебаҳра эди. Хожа Абулмакорим била Танбалнинг оғаси Бек Телбаниким, ул маҳалда хоннинг эшикоғаси эди, элчиликка йибордилар. Бир неча чин ва ёлғон сўзлар айтиб, хонға ё орадағиларға пора ва ришва қабул қилдилар. Хон ушмунча била мурожаат қилди».

Ушбу ноҳақликлар боис «манга бисёр душвор келди, беихтиёр йиғладим» деган Бобур яна ­Андижонга эга бўлиш ниятида «чун салтанат дағдағаси ва мулкгирлик доияси бор, бир қатла, икки қатла иш юримаган била кўмак тилаб, Тошкентга хон қошиға бордим», дейди.

«Бобурнома» муаллифи инсоф-диёнат тарафдори, тартибга ўта риоя этувчи ҳукмдор сифатида ўқувчи кўз ўнгида гавдаланади. Айниқса, салтанатни бошқариш, давлатчилик – қонун-қоидаларига қаттиқ амал қилган Бобур мавжуд тартибларни бузган ҳар бир кимсага муросасиз эди.

Қуйидаги мисол Ҳусайн Бойқа­рога тегишли бўлиб, Бобур бу темурий султон ҳақида барча замондошларига нисбатан объектив баҳо берган. Ҳусайн Бойқаро Хуросонни 37 йил давомида бош­қарганлигига қарамасдан, Бобур унинг баъзида қонунларга хилоф иш тутганини қаттиқ тан­қид қилади. Бобурнинг фикрича, давлат хазинаси дахлсиздир. Хазина ­доимо шоҳнинг назоратида туриши, унинг амр-фармони билан сарфланиши керак. «Бобурнома»да ёзилишича, салтанат бошлиғи ҳеч вақт тасарруфида бўлган, ҳатто ўзига тегишли бойликни ҳам биров билан шериклик тариқасида баҳам кўрмаслиги керак. Бироқ, Ҳусайн Бойқаронинг бир қарорини Бобур тасаввурига сиғдиролмайди. Унинг­ча, салтанатга тегишли бўлган даромад, бойлик, мулк фақат султоннинг ихтиёрида бўлиши, уни бирон-бир бошқа шахс идора қилмаслиги керак. Султон Ҳусайн салтанатида даромадлар «бир қарожў» билан бўлинганки, бунга Бобур томонидан иқтисодий қонунчиликни бузилиши сифатида қаралади: «Яна Музаффар барлос эди. Мирзонинг (Ҳусайн Бойқаронинг) қазоқлиқларида (муҳорабаларида) бор эди. Билмон, мирзоға қайси таври хуш ёқиб, асру улуғ риоят қилиб эди. Эътибори бу мартабада эдиким, Султон Ҳусайн мирзо қазоқлиғида анинг бирла мундоқ шарт қилиб эдиким, ҳар вилоятким мусаххар бўлса, чаҳор донг мирзонинг бўлғай, ду донг анинг. Бу ажаб шартедур, подшоҳлиқта қачон рост келгайким, бир қарожў кишини ўзи била шарик қил­ғай. Ини-ўғил била бундай шарт муяссар бўлмас. Бек киши била худ нечук муяссар бўлур? Тахт олғондин сўнг бу шарттин пушаймон бўлди, вале суд қилмади».

Биз Бобурнинг ўз даври қонунчилигига муносабатининг айрим жиҳатларига тўхталдик, холос. «Бобурнома»дан ташқари бу буюк алломанинг назмий асарларида ҳам қонунчиликка риоя этиш, унга амал қилишга оид жуда қимматли фикрлари билдирилган. Биргина унинг «Мубаййин» номли асарини оладиган бўлсак, унда шариат ҳукми, унинг аҳкомларига риоя этишга қаттиқ эътибор берганлигини кўрамиз. Мана бу мисраларда Бобур ҳар қандай даромаддан хирож (солиқ) бериш шарт­лиги, уни бермаслик қонунга хилоф иш тутиш билан тенглигини таъкидлаган:

Ҳар не андин ғараз тижоратдур,

Жавҳару хоҳ рахт, хоҳ отдур.

Бер закотини мулк ўлур фурсат,

Гар тижоратга айласанг ниййат.

Қийматини буларнинг айла ҳисоб,

Олтину йо кумушча бўлса нисоб...

Мухтасар айтганда, Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида темурийлар салтанатида қонунлар, тартиб-қоидалар ҳақида, уларни бузишга бўлган уринишлар ҳақида батафсил маълумотлар қолдирган. Ушбу қимматли манбаларни ўрганиш, таҳлил қилиш, кенг ўқувчилар ҳукмига ҳавола этиш эса бугунги бобуршунослик олдида турган долзарб масалалардан биридир.

 

Ҳасан ҚУДРАТУЛЛАЕВ,

филология фанлари доктори, профессор.



DB query error.
Please try later.