13.02.2016

МУРОЖААТЛАРДА КЎТАРИЛГАН МАСАЛАЛАР

чуқур ўрганилиб, ҳал этилиши, шу билан бирга, янги таклиф, ташаббусларга асос бўлиши керак

Бугунги кунда Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимидаги ҳар бир тузилма фаолияти, энг аввало, сайловчилар ва электорат манфаатлари ҳимоясига қаратилган. Буни Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятининг таҳлили мисолида ҳам кўриш мумкин. Жойлардаги муаммолар ўрганилиб, ЎзХДП гуруҳлари, ҳамкор ташкилотлар ва давлат идоралари ёрдамида ҳал этилаётгани Жамоатчилик қабулхоналарига ишончни янада оширмоқда.

– Фарзандим Бобурмирзонинг кўзи хиралашиб, Наманган шаҳридаги 4-поликлиникага мурожаат қилгандик. Шифокорлар текшируви билан ўғлимнинг чап кўзида илдизсимон ўсимта пайдо бўлгани аниқланди ва Тошкентга – Республика ихтисослашган педиатрия илмий текшириш институтига йўлланма беришди. Пойтахтга бориш ва ўғлимнинг кўзини операция қилдиришга моддий имкониятим йўқ эди. Бошим қотиб, нима қилишимни билмай юрган пайтимда Халқ демократик партиясида Жамоатчилик қабулхонаси борлигини, у ерга мурожаат қилинса, партия фаоллари ва депутатлар ёрдам бериши мумкинлигини айтишди.

Вилоят партия кенгашининг раиси Дилором Абдураҳимова мурожаатимни тинглади. Бир ҳафта ўтгач кўнғироқ қилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарлари ҳамда депутатлар ёрдами билан Тошкентга бориб, фарзандимнинг кўзини даволатиб қайтдим.

Наманган шаҳар, Огоҳ кўчаси, 7-уйда истиқомат қилувчи Қобилжон Турғуновнинг юқоридаги сўзлари Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятидан бир мисол, холос.

Умуман, вилоят партия ­кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхонасига ўтган йили 535 нафар фуқародан турли мазмундаги мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг 312 таси хотин-қизлар номидан бўлиб, тиббий, ҳуқуқий, моддий ёрдам сўралган. Мурожаатларнинг 90 фоизи ижобий ҳал этилган, қолган мурожаатлар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилган. Бунда депутатларнинг ҳиссаси катта бўлди.

Учқўрғон туманидаги «Соҳил» маҳалласида яшовчи, туман ИИБнинг ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси ишчиси Тўтибу Шарипованинг айтишича, хонадонини кадастр қилдириш вақтида сансоларликка дуч келган. ЎзХДП туман кенгашидаги Жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилганидан сўнг партия ходимлари ва депутатлар аралашуви билан масала ижобий ҳал этилган.

Вилоят партия кенгаши сектор мудири Маъмура ­Бойтўраеванинг айтишича, жорий йилнинг дастлабки ойи­да партия шаҳар, туман ва вилоят кенгашлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига жами 56 мурожаат тушган. Уларнинг аксарияти иш билан таъминлаш, қолганлари иш ҳақи, пенсияларни ўз вақтида олиш, саломатликни тиклаш, шунингдек, кредит масаласидаги мурожаатлардир.

Мурожаатлар ўрганилиб, ҳал этилиши билан бирга, соҳалар бўйича таҳлил этилаяпти. Бу эса вилоятимизда, ҳудудларда қайси соҳаларда камчиликлар бор, қайси туманларда қандай йўналишларни ривожлантириш кераклигини белгилаб олишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Электоратни ўйлантираётган масалалар партия ташкилотлари ҳамда депутатлар иштирокида таҳлил этилиб, халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари сессияларига олиб чиқиш режалаштирилади.

Албатта, бир қарашда Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти барча ҳудудларда намунали ташкил этилгандек кўринади. Аслида ундай эмас. Айрим туман кенгашлари фаоллари, депутатлар Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти, электоратни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш масаласига етарли даражада эътибор қаратмаяпти. Мисол учун, ­Мингбулоқ, Янгиқўрғон туманларида Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини қониқарли, деб бўлмайди. Мазкур туман кенгашлари кўчма Жамоатчилик қабулхоналарини ташкил этишда, электорат мурожаатларини қабул қилишда сусткашликка йўл қўймоқда. Ваҳоланки, қишлоқларда одамларни ўйлантириб келаётган муаммолар, масалалар оз эмас. Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти изчил йўлга қўйилиши қонун устуворлиги таъминланишида, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий билими ва фаоллиги ошишида муҳим аҳамиятга эга.

Агар чуқурроқ ўйлаб кўрилса, Жамоатчилик қабулхоналари партиямизнинг нуфузини оширишда муҳим ўрин тутади. Шунинг учун бу масалага ҳар доим катта масъулият билан қараш талаб этилади.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.