11.02.2016

БУРЧ ВА МАСЪУЛИЯТ

юракдан ҳис этилса, амалий ишлар кўпаяди, одамлар ишончи оқланади

Бугун ҳар бир сиёсий партиядан Сайловолди дастури ижросини таъминлаш, барча куч ва имкониятларни ана шу мақсад йўлида бирлаштириш талаб этилмоқда. Чунки халқимиз, сайловчилар, электорат вакиллари сиёсий партия фаолиятига ана шу мезондан келиб чиқиб баҳо бермоқда.

Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, ўтган йили ЎзХДП
Навоий вилоят кенгаши томонидан партиямиз Сайловолди дастурини амалга ошириш бўйича муайян ишлар қилинди. Партиямиздан маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалаларда қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, 2015 йилда Ҳаракат дастурида белгиланган 11 масала партия гуруҳлари йиғилишларида атрофлича кўриб чиқилди. Шундан битта масала маҳаллий Кенгаш сессиясида, 10 масала эса доимий комиссия йиғилишларида муҳокама қилинди.

Хусусан, 2015 йилнинг июнь ойида «Таълим тўғрисида»ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг Томди туманидаги ижроси халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида атрофлича кўриб чиқилиб, масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Сессияга таклиф тайёрлаш жараёнида депутатлар ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси нечоғли амалга оширилаётгани бўйича ўрганишлар олиб боришди. Натижада чекка ҳудудлардаги таълим муассасаларида дарсларни ташкил этишда илғор-педагогик технологиялардан самарали фойдаланиш, ўқув жараёнларида кўпроқ кўргазмали воситаларни қўллаш масалаларида таклифлар тайёрланди. Сессия қарорида булар ҳисобга олинди.

Шунингдек, Навбаҳор туманида соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилиши тўғрисидаги масала ўрганилди. Бу борада партия гуруҳимиз томонидан тайёрланган танқидий-таҳлилий маълумотлар, туман Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожлантириш, ёшлар сиё­сати ва соғ­лом авлодни тарбиялаш масалалари доимий комиссиясида кўриб чиқилди. Йиғилишда туман молия бўлими ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддиларининг ҳисоботлари тингланди. ЎзХДП гуруҳи аъзолари йўл қўйилган камчиликларни аниқ факт ва рақамлар асосида кўрсатиб берди. Шу асосида депутатлар томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, бу борада масъулиятни кучайтириш масалаларида таклифлар берилди. Доимий комиссия тегишли қарор қабул қилди.

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмасак бўлмайди. Бу сессияда, доимий комиссия йиғилишиларида қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш масаласи билан боғлиқ. Тўғриси, депутатлар, партия гуруҳларимиз, бирон масалани ўрганиб, сессия ёки доимий комиссия муҳокамасига киритиш билан чекланиб қолаётган ҳолатлар йўқ эмас. Электорат манфаатлари ҳимоясига хизмат қиладиган масала ўрганилиб, таклифлар ишлаб чиқилгач, тегишли қарор қабул қилинса-ю, унинг ижроси таъминланмаса, бундан кимга нима фойда? Шундай экан, партия гуруҳларимиз ва ташкилотларимиз бу борада қатъиятлироқ бўлиши зарур.

Бунинг учун партиямиз кенгашлари ва гуруҳларининг ўзаро ҳамкорлиги, хабардорлигини кучайтиришимиз талаб этилади. Умуман, олдимизда қилиниши керак бўлган ишлар ҳали жуда кўп. Ўтган йили зиммамизга юклатилган вазифани тўлиқ бажардик, етарлича ташаббус кўрсата олдик, деб айта олмайман. Атрофга синчковлик билан назар ташласак, эътиборимиздан четда қолиб кетган масалалар оз эмас.

Вилоятимиз тараққиёти билан боғлиқ қарорларнинг ижроси, маҳаллийлаштириш дас­турининг амалга оширилиши, бандлик масалаларининг ижобий ҳал этилишида, айниқса, депутатларимиз фаол ва талабчан бўлмоғи лозим. Афсуски, бу борада айрим маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимизга қатъият, ташаббускорлик етишмаяпти. Хусусан, ўтган йили Кармана, Нурота, Хатирчи туманларида Сайловолди ва Ҳаракат дастурлари ижросини таъминлаш жараёнлари қониқарли ташкил этилмади.

Вилоятимиздаги касб-ҳунар коллежларини битирган ёш­ларни ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш, саноат корхоналарида иш бошлаган ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, бу масалани доимий назоратга олиш зиммамиздаги энг катта вазифалардан биридир.

Ўтган йили маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳлари аъзолари томонидан ҳудудларни ободонлаштириш, коммунал хизмат, таълим, соғлиқни сақлаш, банд­лик ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш каби масалаларда 140 дан ортиқ депутатлик сўрови юборилди. Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатлар асосида таҳлил қиладиган бўлсак, бу анча паст кўрсаткич экани аён бўлади.

Бугун кимки, айниқса, сиёсий партия фаоли, депутат кечаги тушунча, кечаги дунёқараш билан ишлайдиган бўлса, қаттиқ янглишади. Бизнинг фаолиятимизни сайловчилар, электорат вакиллари кўриб, кузатиб турибди, аниқ натижалар, амалий ишларни кутяпти. Шунинг учун партиямиз Сайловолди дастури ижросига муносиб ҳисса қўшишимиз, ўзимизга билдирилган ишончни оқлашимиз шарт.

 

Ориф ТОШОНОВ,

ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши раиси ўринбосари.



DB query error.
Please try later.