11.02.2016

НОТАРИАТ ИНСТИТУТИ

Бугунги кунда фуқароларимизнинг аксарияти шарт­нома ва битимлар тузишда, олди-сотди ишларини амалга оширишда, мерос ва бошқа шунга ўхшаш ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида нотариал идораларга боради. Мухбиримиз нотариал фаолиятни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари, бу соҳада ишловчи кадрларга қўйиладиган талаблар сингари бир қатор саволлар билан Адлия вазирлиги Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бош­қармаси бўлим бошлиғи Авазбек МАДАМИНОВга мурожаат қилди.

— Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бозор муносабатлари жадал ривожланиб бормоқда. Бу эса ижтимоий-иқтисодий муносабатларни босқичма-босқич ҳамда изчил равишда ҳуқуқий тартибга солишни тақозо этади, — дейди у. — Ўзбекистон Республикаси Конс­титуция­сининг 36-моддасида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақлилиги, 53-моддасида хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидалиги, 54-моддасида эса, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этишга бўлган ҳуқуқлари белгилаб қўйилган.

Конституциядаги ушбу кафолатлар мулкий муносабатларнинг ривожланишига хизмат қилиб, нотариал тасдиқланиши лозим бўлган битимлар тузиш заруратини вужудга келтирди.

Ўз навбатида, шартномаларнинг тўғри ва белгиланган қоидаларга мувофиқ расмийлаштирилиши ҳамда уларнинг вақтида ижро этилишини таъминлашда нотариат институти муҳим ўрин тутади.

Нотариат институти жисмоний ва юридик шахсларнинг конституцион ҳуқуқлари бўйича малакали юридик ёрдам олиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий низоларнинг олдини олиш, шунингдек, ҳуқуқий муносабатларни ишончли ва тинч йўл билан ҳал этилишини таъминлайди.

Мамлакатимизда нотариат соҳасини янада такомиллаштириш, унинг жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги ролини ошириш бўйича етарли норматив-ҳуқуқий база яратилди.

Хусусан, нотариал фаолият Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Фуқаролик ва Оила кодекслари, «Нотариат тўғрисида»ги Қонун ва 60 дан ортиқ бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

— Қонунларимиз такомиллашиб, нотариусларга қўйиладиган талаблар ҳам ўзгарди. Масаланинг шу жиҳати ҳақида ҳам тўхталсангиз.

— Қайд этиш лозимки, нотариат фаолиятининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган давлат томонидан тартибга солиш тизимини изчил такомиллаштириб бориш ва нотариал идоралар томонидан ҳуқуқий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вазирликнинг ташаббуси билан бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, вазирлик таклифи билан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси асосида 2014 йил 14 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонун билан нотариус лавозимига кадр­ларни танлаш тизимини такомиллаштириш ва нотариат соҳасини малакали кадрлар билан тўлдириш мақсадида судьялик лавозимида камида беш йил ёки нотариат соҳасида раҳбарликни амалга оширувчи ва назорат қилувчи лавозимларда камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировка муддати бир йилга қисқартирилди. Нотариуслар уч йилда камида бир марта ўз касбий малакасини ошириши лозимлиги шарт қилиб белгиланди.

Шу билан бирга, Адлия вазирининг 2015 йил 29 декабрдаги «Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги буйруғи билан 2016 йилнинг 1 июлидан бошлаб нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш икки босқичда:

биринчи босқич — тест синови;

иккинчи босқич — ёзма-оғзаки ўтказилиши белгиланди.

Тест синовларида нота­риус лавозимига номзодларнинг ижтимоий, ҳуқуқий ва иқтисодий, хорижий тиллар, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги билим даражаси аниқланиши назарда тутилди.

Соҳага оид қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга ва амалдаги бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш, шунинг­дек, амалиётда вужудга келган айрим муаммоларни ҳал этиш мақсадида қонун ҳужжатлари хатловдан ўтказилиб, нотариус­лар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ва соҳага оид бош­қа қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

— Нотариат соҳасини янада такомиллаштириш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилди?

— Ўтган давр мобайнида соҳани такомиллаштириш мақсадида катта ишлар амалга оширилганини қайд этиш лозим. Хусусан, Адлия вазирининг «Нотариал ҳаракатлардан намуналар» тўпламини тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги буйруғи қабул қилинди. Мазкур буйруқ билан тўпламни тайёрлашга масъул бўлган ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланди. Ишчи гуруҳи томонидан тайёрланган тўплам ло­йиҳасини ҳозирда «Адолат» нашриётида чоп этиш ишлари олиб борилмоқда.

Адлия вазирининг 2014 йил 15 августдаги «Аҳолига нотариал ҳаракатларга оид бепул маслаҳат бериш кунларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги буйруғи қабул қилинди. Бугунги кунда жойларда аҳолига нотариал ҳаракатларга оид бепул маслаҳат бериш кунлари ташкил этилган бўлиб, тегишли режалар асосида нотариуслар томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борилмоқда.

Адлия вазирининг 2014 йил 30 сентябрдаги «Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун жисмоний ва юридик шахс­ларни ҳуқуқий маълумотлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги буйруғи қабул қилинган бўлиб, унга кўра, ҳар бир давлат нотариал идорасида аҳолига қулай бўлган жойларда «Ахборот бурчаги» ташкил этилди. Ушбу «Ахборот бурчаги»да нотариал ҳаракатни расмийлаштириш учун талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати ва тўловлар (давлат божи, герб йиғими ва пуллик хизмат) миқдори, шунингдек, давлат божи тўлашдан озод этиладиган шахслар ҳақидаги маълумотлар, апостиль (легализация) қилиш тартиблари, ушбу масалалар билан шуғулланадиган ташкилотлар ва ходимлар ҳақида маълумотлар, шунингдек, «ишонч телефони» рақамлари ва бошқа муҳим маълумотлар акс эттирилди.

Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органларининг расмий веб-сайтларида нотариал ҳаракатлар учун давлат божи, пуллик хизмат ва герб йиғимлари қийматининг автоматлаштирилган ҳисоб-китобини амалга оширишни назарда тутувчи электрон калькулятор дастури яратилди. Унга кўра, жисмоний ва юридик шахслар аниқ нотариал ҳаракатлар бўйича тўловлар миқдори ҳақида олдиндан билиш имконига эга бўлишди.

Адлия вазирининг 2014 йил 30 сентябрдаги буйруғига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида қўшимча равишда 9 нафар нотариус, 9 нафар нотариус ёрдамчиси ва 9 нафар нотариус котиби штат бирлиги жорий этилди.

Шунингдек, Адлия вазирининг 2014 йил 30 декабрдаги буйруғи билан Давлат нотариал идоралари нотариуслари ва бошқа ходимларининг касб этикаси қоидалари тасдиқланиб, нотариуслар ва бошқа ходимлар учун мажбурий бўлган касбий бурчлар ва ходимларнинг ўзаро муносабатлари белгиланди, уларга нисбатан янги талаблар қўйилди.

Шу билан бирга, амалиётда мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган «Нотариат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда ҳукуматга киритилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда нотариат соҳасидаги ислоҳотлар нотариал ҳаракатларни амалга оширишдан манфаатдор бўл­ган жисмоний ва юридик шахс­ларнинг қонун билан ўрнатилган ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга, нотариусларнинг эса мижозлар олдидаги мажбуриятларини виждонан ва ҳалол бажаришига йўналтирмоқда.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Равшан ШОДИЕВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.