09.02.2016

ЖАМИЯТ БАРҚАРОРЛИГИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Президентимиз Ислом Каримовнинг халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқи жойларда кенг ўрганилмоқда

Мамлакатимиз мустақил тараққиётининг чорак асри давомида нафақат иқтисодий жиҳатдан барқарор, балки ўзига хос адолатли жамият барпо этаётган давлат сифатида дунёга танилди. Бунда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти» сари тамойилининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Зеро, бунинг моҳиятида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлар ҳимоя қилинадиган, юртдошларимиз салоҳиятини юзага чиқариш учун зарур шарт-шароитларни таъминлайдиган кучли, адолатли ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантириш муҳим мезон этиб белгиланган.         

Юртимизда жамоатчилик назорати институти қарор топгани барча соҳаларда очиқлик, ошкоралик, шаффофлик таъминланиши, пировардида одилона иш юритилишига кенг йўл очмоқда. Бунга жаҳон амалиётида биринчи бўлиб Ўзбекистоннинг Асосий қонунида ушбу институт ҳуқуқий мақоми мустаҳкамлангани пухта замин яратди.

Кўриниб турибдики, бундай шароитда қилинаётган ҳар бир иш жамоатчилик эътиборида бўлади. Бу жараён ўзини шу заминнинг фарзанди деб билган ҳар бир инсон, айниқса, раҳбар кадрлар зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Улар эл-юртни ўйласа, унинг фаровонлиги, тинчлиги, келажаги учун фидойилик кўрсатса, бу ҳеч қачон давлатнинг, асосийси, халқ назаридан четда қолмайди.

Президентимизнинг халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан таш­қари сессиясида сўзлаган нутқини тинглаб шу фикрлар хаёлимдан ўтди. Кейинги уч йилда вилоятимиз бўйича юз нафарга яқин элимизнинг муносиб фарзандлари Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирлангани бунинг амалий ифодаси эмасми?

Бундай хайрли ишлар миқёси мамлакатимиз бўйлаб янада кенг. Дилида ватанпарварлик, қалбида иймони бор одам борки, ана шундай инсонларга ҳавас қилади, улардан ибрат олади.

Шу ўринда алоҳида таъкидламоқчиманки, мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб давлатимиз раҳбари жамиятда адолат барқарорлигини таъминлаш, бунда мансабдор шахс масъулияти ҳақида доимо қатъий талабларни қўйиб келган. «Халқ ҳар қандай қийинчиликка бардош бериши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди!», деган фикр­лари қанчалик халқчил, одамлар кўнглидаги гап эканлигини таърифлашнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

Масъулиятли лавозим ишониб топширилаётган шахслар буни кўнглига, виждонига жо этса, ҳеч қачон адашмайди. Вилоятимизда шу борада айрим нохуш ҳолатларга йўл қўйилгани, кўпгина йўналишларда ечилмаган муаммолар, камчилик ва нуқсонларнинг танқид остига олингани таассуфланарлидир.

Зеро, заминимиз, ҳақиқатан, катта ресурсларга жуда бой. Булардан унумли фойдаланиш, фаолиятимизни замон талаб қилаётган даражада ташкил қилиш зарур. Бу борада вилоятнинг кенг жамоатчилиги юқорида айтиб ўтилганидек, жамоат назорати инс­титути ваколат ва имкониятларидан ўз ўрнида фойдаланишни янада кенгайтириши мақсадга мувофиқ.

Президентимиз вилоятимизнинг ерлари ҳақида жуда ўринли фикрни билдирди. Дарҳақиқат, «тупроғи зар» деган таъриф кўпроқ бизнинг заминга тегишли. Шўрланмаган, ён-атрофи етарлича сув манбаларига эга энг унумдор ерлардан унумли фойдаланиш, бу борада барча ресурсларни ишга солиш зарур.

Ернинг тилини биладиган мутахассисларнинг ёнига аграр соҳага оид замонавий билимларни чуқур эгаллаётган ёшларни, маҳсулотларни қайта ишлаш соҳасининг етук мутахассисларини жалб қилиш, уларнинг фаолиятини бирлаштириш фойдадан холи бўлмайди.

Бир сўз билан айтганда, Юртбошимизнинг аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, бу йўлда барча куч ва имкониятларни сафарбар этиш, масъул шахсларнинг бурч ва масъулияти ҳақидаги фикрларидан тўғри хулоса чиқарилиши керак. Бу борада фаоллар, жамоатчилик, бутун аҳоли қўлни-қўлга бериб фидокорона меҳнат қилиши шарт.

 

Нурмуҳаммад АБДУЛЛАЕВ,

«Нуроний» жамғармаси Тошкент вилояти бўлими раиси, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси.

ЎзА



DB query error.
Please try later.