Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
09.02.2016

АНИҚ МАҚСАД ВА АМАЛИЙ ИШЛАР

электорат манфаатларига хизмат қилади

Ўтган ойда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг кенгайтирилган қўшма йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда Президентимизнинг 2015 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг фаол иштирокини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя этиш бўйича ташаббускорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинган эди.

Шундан келиб чиқиб, айни пайтда ҳудудларда партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳларининг қўшма йиғилишлари ўтказиляпти. Уларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари муҳокама этилмоқда, давлат дастурлари, қонунлар ижроси юзасидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш бўйича вазифалар белгилаб олинмоқда.

ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида шулар ҳақида сўз юритилди. Ви­лоят партия кенгаши мутасаддилари, туман, шаҳар кенгашлари раислари, депутатлар, фаоллар, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган йиғилишда вилоят партия ташкилоти ва гуруҳлари олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Маълумки, Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида юртимизда меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтар экан, аввало, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш учун зарур шароит яратиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратди.

Йиғилишда сўзга чиққанлар шу масала бўйича ҳам фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Чори Жумақулов, ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Вилоятимизда бу борада амалга оширилган ишлар қаторида йўл қўйилган камчилик ва муаммолар ҳам борлигидан кўз юмолмаймиз. Мисол учун, 2014-2015 ўқув йилида вилоятда 43 минг 509 нафар битирувчи мустақил ҳаётга қадам қўйган бўлса, уларнинг 2 минг 365 нафари иш билан таъминланмаган. Шўрчи туманида 368, Ангорда 286, Термиз туманида эса 114 нафар коллеж битирувчиси ишга жойлашмаган. Тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган 2 минг 561 нафар битирувчидан 519 нафарига кредитлар ажратилган.

Фаолиятимизга танқидий-таҳлилий назар ташлайдиган бўлсак, мақсадли дас­турларга мувофиқ саноат йўналишида Шеробод туманида 131 ва Шўрчи туманида 159 лойиҳа ўз вақтида амалга ошмади. Бундай мисолларни яна келтириш мумкин.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни кўтариб чиқишда шаҳар, туман партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларига ташаббускорлик етишмади. Электорат манфаатларини ҳимоя қилишда қонуний ваколатлардан унумли фойдаланиш, айниқса, вакиллик органларида маҳаллий ҳокимликлар мансабдор шахсларининг ҳисоботларини эшитиш амалиёти изчил йўлга қўйилмади. Бир нарсани асло эсдан чиқармаслигимиз зарур. Бугун зиммамиздаги масъулият юқори. Шунинг учун амалий ишларимизни кўпайтириб, фао­лия­тимизни кучайтирмасак, ўзимиз ўйлаган обрўга эришолмаймиз.

Фаррух Абжалов, ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши бўлим мудири:

— Ўтган йили Ҳаракат дас­тури ҳамда вилоят кенгашининг 2015 йил учун мўлжалланган иш режасига мувофиқ партия кенгаши пленумлари, ижроия қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишларида 45 масала кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Бундан ташқари, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги пар­тиямиз гуруҳлари томонидан 21 масала партия гуруҳларида, 17 масала шаҳар ва туман Кенгашларидаги доимий комиссияларда, 18 масала эса халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларига киритилди.

Жорий йилда оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, олис ва чекка ҳудудлар, мураккаб иқлим шароитида яшаётган аҳоли, аввало, аёллар учун янада қулай шароит яратиш, жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш долзарб вазифаларимиздан биридир.

2016 йилга мўлжалланган Ҳаракат дастурига асосан бу йил электорат манфаатлари билан боғлиқ 14 масалани белгиланган муддатларда ўрганиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сес­сия­ларига киритишимиз, энг муҳими, қабул қилинадиган қарорлар ижроси таъминланишига эришишимиз зарур.

* * *

Жиззахда ўтган кенгайтирилган йиғилиш ЎзХДП ҳудудий кенгашлари олдида турган вазифаларга бағишланди. Унда «Нуроний» жамғармаси Жиззах шаҳар бўлими раиси, шаҳар Кенгаши депутати Ҳамроқул Маматқулов, Зафаробод, Фориш, Пахтакор туман партия кенгашлари раислари Холмурод Ережепов, Норинисо Ирисова, ­Зуҳра Умрзоқова сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

— Ўтган йили партия гуруҳларимиз ташаббуси билан халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши сессияларида жами 13 масала кўриб чиқилди, — деди вилоят Кенгашидаги пар­тиямиз гуруҳи аъзоси ­Хидир Шукуров. — Шунинг асосида вилоятни ижти­моий-иқтисодий ривожлантиришга доир муҳим қарорлар қабул қилинди. Хўш, уларнинг ижроси қандай бўлди? Партиямиз гуруҳлари, депутатларнинг бу борадаги фаолияти қониқарлими? Албатта, бу саволлар ҳар биримизни ўйлантириши табиий. Очиғи, партиямиз Ҳаракат дас­тури, электорат манфаатларига тааллуқли таклифлар, ташаббуслар билан чиққан маҳаллий Кенгаш депутатлари бармоқ билан санарли эканидан кўз юмолмаймиз.

Масалан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари банд­лиги билан боғлиқ масалани олайлик. Ўтган йили 18174 нафар битирувчининг 17718 нафари ишли бўлди, дейилди. Айрим ҳолатларда бирор-бир фермер хўжалиги ёки хусусий корхонага ишга жойлашган коллеж битирувчисини 2-3 ойдан сўнг суриштирсангиз, у ердан кетиб қолган бўлиб чиқади. Нега? Чунки шартнома номига тузилган ёки битирувчи бу ишда ишлашга тайёр эмас. Савол туғилади: кимни алдаяпмиз, депутатлар нега бу масалага эътиборни кучайтирмаяпти, ҳудуддаги бошланғич партия ташкилотлари-чи? Нега улар масалани жо­йида ўрганиб, таклиф ва ташаббуслар билан чиқмаяпти? Албатта, ҳар бир депутат, ҳар бир партия гуруҳи бу саволлар ҳақида мулоҳаза юритиб, тегишли вазифаларни белгилаб олиши талаб этилади.

Йиғилишда, шунингдек, бошланғич ташкилотлар ­фаолиятини янада жонлантириш, электорат манфаатларини ишончли ҳимоялаш, амалий ишларни кўпайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

ЎзХДП вилоят кенгаши раиси Мўътабар Каримова партиявий интизом, депутат масъулияти, янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг кам таъминланган қатлами манфаатларини ҳимоялаш тўғ­рисида сўз юритиб, доимий комиссиялар ҳамда маҳаллий Кенгашлар сессияларига масала киритиш, қабул қилинаётган қарорлар ижроси устидан депутатлик назоратини кучайтириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Таклифлар ҳам, ташаббуслар ҳам кўпроқ қуйидан бўлиши мақсадга мувофиқ экани қайд этилди. Зеро, қуйи бўғин фаоллари электорат манфаатларидан яхши хабардор. Улар бугун одамларни нималар ўйлантираётгани, қандай масалалар ташвишга солаётганини яхши билади.

Йиғилиш якунида ЎзХДП сафига қабул қилинган бир гуруҳ ёшларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.