Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
09.02.2016

ДУНЁҚАРАШИМИЗ, ҲАЁТГА МУНОСАБАТИМИЗНИ ТУБДАН ЎЗГАРТИРИШИМИЗ ШАРТ

Президентимиз Ислом Каримовнинг халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқи, ҳудуднинг келажаги ҳа­қида қайғуриб айтилган фикрлар, тан­қидий мулоҳазалар ҳамда илгари сурилган устувор вазифалар жойларда, хусусан, Олмалиқ шаҳрида ҳам чуқур ўрганилмоқда.

Айниқса, Давлатимиз раҳбари томонидан вилоят халқининг салоҳияти, иқтидори, меҳнаткашлигига юқори баҳо берилгани ҳаммамизнинг кўнглимизни тоғдек кўтарди, кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшди. Вилоятимизга, қолаверса, ҳар биримизга бўлган чексиз меҳр ва эътиборни юракдан ҳис қилдик.

Албатта, мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулотларининг қарийб 15 фоизи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 12 фоиздан зиёди, иқтисодиётимизга жалб этилаётган инвес­тицияларнинг тахминан 10 фоизи, ялпи ички маҳсулотимизнинг эса 9,7 фоизи вилоятимиз ҳиссасига тўғри келиши бизни хурсанд қилади, шу билан бирга, катта масъулият юклайди.

Навбатдан ташқари сессияда вилоятимиз катта имконият ва ресурсларга бой замин экани, лекин улардан унумли фойдаланилмаётгани таъкидланди. Бу ҳақиқатни тан олишимиз керак.

Президентимизнинг вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалалардаги таҳлилий-танқидий гапларини эшитиб, очиғи, хижолат ҳам тортиб қолдик.

Ҳақиқатан ҳам, бир ўйлаб кўрайлик, бизнинг вилоятдаги каби мўл сув, унумдор тупроқ, кенг имкониятлар ҳеч қайси ҳудудда йўқ. Содда қилиб айтадиган бўлсак, Тошкент вилоятининг мусаффо ҳавоси, зилол сувлари, серҳосил ерларига ҳамманинг ҳаваси келади. Катта-кичик давралар, ўзаро суҳбатларда бу ҳақда кўп эшитганмиз. Ана шундай бойликнинг ичида яшаб, ундан самарали фойдаланмаслик уят бўлмайдими?

Иш, хизмат сабаб бошқа вилоятларда бўлганимизда қайси бир ҳудудда сув танқислиги, бош­қа бир ҳудудда эса ер шўрланганидан азият чекилаётганини ўз кўзимиз билан кўрганмизку! Шуларни кўриб-билиб туриб, вилоятимиздаги имкониятларнинг қадрига етмасак, юракдан меҳнат қилмасак, ношукурлик бўлмайдими?

Кўпчиликнинг эсида бор, яқин йилларгача ҳам Тошкент вилояти эришган ютуқлар республикамиз миқёсида бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатиларди. Бундан кўз юмолмаймиз, бу айни ҳақиқат. Шунинг учун сессияда билдирилган танқидий фикр­лар, ҳудудимиз равнақи, фарзандларимиз келажагини ўйлаб айтилган гаплар ҳақида чуқур мулоҳаза юритиб, ўзимизга тегишли хулоса чиқариб олишимиз, керак бўлса, дунёқарашимиз, ҳаётга муносабатимизни тубдан ўзгартиришимиз зарур.

Демократик ислоҳотларга кенг йўл очилган ҳозирги шароитда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал этишда депутатлар фаоллиги, айниқса, муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман. Ўтган йилги фаолиятимизни шу нуқтаи назардан таҳлил қиладиган бўлсак, ютуқларимиздан кўра камчиликларимиз кўпроқ экани кўзга ташланади.

Масалан, шаҳримизда ечимини кутаётган ижтимоий масалалар кўплигига қарамасдан, ўтган йили партия гуруҳимиз ташаббуси билан шаҳар Кенгаши сессиясида бор-йўғи битта масала кўриб чиқилди. Ваҳоланки, бугунги кунда Олмалиқ шаҳар Кенгашида партиямиздан сайланган 14 нафар депутат фаолият юритиб келмоқда. Яъни, ҳудуддаги муаммоларни чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш ва улар ечими бўйича таклифлар киритиш учун катта имкониятга эгамиз.

Бундан кейин сессияда билдирилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, ташаббускорлик ва талабчанликни кучайтиришимиз, одамларнинг ишончини оқлаш учун виждонан ишлашимиз, депутат деган юксак мақомга муносиб бўлишимиз керак.

 

Муҳриддин ҲАМЗАЕВ,

халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари.



DB query error.
Please try later.