09.02.2016

ТАЪЛИМ-ТАРБИЯНИНГ МИЛЛИЙ МОДЕЛИ

халқаро экспертлар томонидан эътироф этилмоқда

 

Кадрлар тайёрлаш ҳамда Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастурларини қабул қилганимиз таълим-тарбия соҳасида эски қолип ва асоратлардан холи бўлган, бугун ўзгаларнинг ҳавасини тортаётган янги тизимни татбиқ этганимиз ҳақиқатан ҳам тарихий воқеа бўлган эди.

Ислом КАРИМОВ

 

1997 йилда қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дас­тури ва 2004 йилда тасдиқланган Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури, соҳада амалга оширилган бошқа кенг кўламли ишлар нафақат таълим-тарбия тизимини, балки бутун жамиятимиз ҳаётини кескин ўзгартириб юборгани, ижобий маънодаги «портлаш эффекти»ни берганига бугун барчамиз гувоҳ бўл­моқдамиз.

Президентимизнинг ёш авлодга чуқур таълим-тарбия бериш, қатъий фуқаролик пози­ция­сига эга, замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, интеллектуал салоҳиятли, жисмонан етук, ҳеч кимдан кам бўлмаган янги авлодни камолга етказиш борасидаги эзгу мақсадлари ҳамда чуқур ўйлаб ишлаб чиқилган стратегияси — «Таълим тўғрисида»ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури каби тарихий аҳамиятга эга ҳужжатларнинг ҳаётга татбиқ этилиши биз танлаган тараққиёт йўли тўғри ва ҳаққоний эканлигини яққол исботлади.

Мамлакатимиз раҳбари ўқи­тувчи ва мураббийларга йўл­лаган табригида «...биз мустақил ҳаётга қадам қўйиб, энг ривожланган мамлакатлар қаторига киришни, юртимизда демократик давлат, обод ва фаровон жамият қуришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунинг учун аввало айни шундай буюк ишга қодир бўлган янги авлодни вояга етказмасдан туриб, бу йўлдаги барча-барча ҳаракатларимиз пучга чиқиши муқаррар эди», дея таъкидлаганди.

2015 йилнинг ноябрь ойида Тошкентда ўтказилган Ўзбекис­тон ва Япония олий таълим муассасалари ректорларининг II конференцияси ва VI Ўзбекистон — Япония академик форумида Япония делегацияси раҳбари Кихеи Маэка юртимиздаги таълим ислоҳотлари ҳақида сўз юритиб, жумладан, шундай деди: «Жаҳон таълим тизимида илғор тафаккурли, дея ғарб таълим тизимига, маданиятига интилиш, ундан андоза олиш тамойили мавжуд. Бироқ Ўзбекис­тоннинг таълим тизими, унинг самараси, биз излаган ва интилган илғор, умум­инсоний қадрият ва маданиятга йўғрилган тизим бўлиб, аксарият мамлакатларда йўқотилган ўзига хос бебаҳо инсоний қадриятлар ўзбек ёшларида сақланганини кўрдик».

Бу эътироф бежиз эмас. Бунинг яна бир далилини 2012 йилда Тошкентда ўтказилган «Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти» мавзуидаги халқ­аро конференцияда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки намояндалари, дунёнинг турли қитъаларидаги 40 дан зиёд мамлакатдан ташриф буюрган вакилларнинг Ўзбекис­тоннинг ёш авлод таълим-тарбияси борасида тўплаган тажрибаси ҳар томонлама андоза олишга арзигулик экани ҳақидаги эътирофларида ҳам кўриш мумкин.

Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва етакчи халқаро бизнес-мактаблардан бири — «ИНСЕАД» томонидан 2012 йилда инсон капиталининг тараққиёт даражаси бўйича ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон 141 мамлакат орасида 53-ўринни, таълим тизимини ривожлантириш даражаси, жумладан, таълим мақсадлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича эса дунёда бешинчи ўринни эгаллагани бежиз эмас, албатта.

Дунёда жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсири давом этаётган бир пайтда юртимизда таълим-тарбия соҳасига ҳар йили сарф­ланаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 10-12 фоизни ташкил этмоқда. Бу ЮНЕСКОнинг мамлакатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун таълимга йўналтирилиши зарур бўлган инвестициялар миқдори бўйича тегишли тавсия­ларидан, яъни 6-7 фоиздан қарийб 2 баробар кўпдир. Ўзбекистонда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол, юксак интеллектуал салоҳиятли қилиб тарбиялаш учун сарфланаётган бу маблағларга харажат эмас, келажакка қўйилаётган муҳим инвес­тиция сифатида аҳамият қаратилмоқда.

МУСТАҚИЛЛИК ФАРЗАНДЛАРИ

Бугунги кунда миллионлаб болаларимиз янгидан барпо этилган ва реконструкция қилинган 10 мингга яқин мактабда, 1 минг 556 лицей ва коллежда, 70 дан зиёд олий ўқув юртларида янги таълим тизими асосида билим ҳамда тарбия олиб, замонавий касб-ҳунарларга эга бўлиб, ҳаётда муносиб ўрнини топмоқда, мамлакатимиз таълим моделининг самараси ҳамда рақобатдошлигини халқ­аро майдонларда намоён этишмоқда.

Президентимиз айтганидек, «...амалда ўзини оқламаган эски мустабид тузумнинг қолип ва ақидаларидан бутунлай холи бўлган, тез ва шиддат билан ўзгариб бораётган замон билан ҳамқадам бўлиб, янгича, мустақил фикрлайдиган, тараққий топган давлатлардаги тенгдошлари билан беллашувга тайёр, изланиш ва доимо изланиш, ғурур ва ифтихор билан яшайдиган янги авлодни тарбиялаш бўйича қандай улкан вазифаларни адо этганимизни яна бир бор эслашимиз ўринли».

Ўтган 2015 йилда соҳада 384 объектнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қиймати 423 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилди, намунавий лойиҳалар асосида 29 янги умумтаълим мактаби барпо этилди, 219 мактаб реконс­трукция қилиниб, 136 таси капитал таъмирланди.

Олий таълим муассасаларида талабаларнинг мустақил билим олишини таъминлаш мақсадида ўқув режада мустақил таълим юкламалари кўпайтирилди, мустақил таълимни ташкил этиш мазмуни, метод ва воситалари уйғун равишда ишлаб чиқилди, ўқитишни табақалаштириш ва индивидуаллаштириш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Ўзбекистонда Европа ва Осиёнинг бир қатор етакчи олий ўқув юртларининг филиаллари, жумладан, Вес­т­­минстер университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Турин политехника университети, Инҳа университети, Россия нефть ва газ университети, Москва давлат университети, Россия иқтисодиёт университети филиаллари фаолият юритаётгани диққатга сазовор.

Мамлакатимиз раҳбарининг «Олий таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори олий таълимнинг мазмун-моҳиятини ҳам сифат жиҳатидан ўзгартириб юборди. Глобаллашув, ахборотлашув жараёнида ёшларимизнинг билим олишга бўлган ҳар қандай талабини қондириш йўлида жаҳон таълим тизимининг илғор анъаналари асосида ўқув жараёнини такомиллаштириш ишлари бошланди. Таълимга замонавий ахборот технологиялари, илғор педагогик методлар жорий этилди. Замонавий дарслик ва ўқув қўлланмалар яратилди. Йўналишлар ҳамда мутахассисликлар соҳа ва тармоқларга мос равишда мақбуллаштирилди.

Олий таълим муассасаларини модернизациялаш, уларни илғор ўқув ва илмий лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш, таълим жараёнини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, илғор педагогик технологиялар, ўқитиш шаклларини жорий қилиш, педагоглар меҳнатини рағбатлантиришни кучайтириш борасида янада самарали ишларни амалга ошириш имкониятини яратди.

Юртимизда уч босқичдан иборат, ҳар йили ўтказиладиган, мактаб ўқувчилари ўртасида «Умид ниҳоллари», касб-ҳунар коллежи ва академик лицей ўқувчилари учун «Баркамол авлод», олий ўқув юртлари талабалари учун Универсиадани ўз ичига олган яхлит спорт мусобақалари тизими шаклланган. Бу юз минглаб фарзандларимизни, йигит ва қизларни оммавий равишда жисмоний соғ­ломлаштириш ҳамда спорт ҳаракатига жалб этиш имконини бермоқда.

Истиқлол даврида туғилиб вояга етган, мустақил ва янгича фикр­лайдиган, буюк мақсадлар сари дадил интилаётган фар­занд­ларимиз ота-боболаридан мерос бўлиб қолган ўз юртини, туғилган тупроғини муқаддас деб билиши, унинг эртанги ёруғ куни учун бутун борлиғини бағишлашга қодирлиги — буларнинг барчаси бугун ҳал қилувчи куч сифатида намоён бўлаётган ёшларимиз ҳаётининг узвий бир қисмига айланди.

Ўзбекистонда ишлаб чиқилган ёшларга оид давлат сиёсати нав­қирон авлодни миллий ва умум­инсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларнинг жисмоний ҳамда маънавий ривожланиши учун шарт-шароит яратишда муҳим омил бўлмоқда. Юзлаб ёшларимизнинг халқаро фан олимпиадалари, танлов ва фес­тивалларда юқори чўққиларни забт этаётгани, уларнинг шарафига Ватанимиз байроғи баланд кўтарилаётгани ўзбек болаларининг салоҳиятини бутун дунё тан олаётганидан, эзгу ният билан экилган ниҳоллар ўз мевасини бераётганидан далолатдир.

МУАЛЛИМ МАҲОРАТИ

Президентимизнинг «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қа­рори асосида умумтаълим мактабларида хорижий тилларни ўқитиш тизими тубдан ўзгарди. Соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг «Умумтаълим муассасаларининг чет тиллар ўқитувчилари малакасини ва касб маҳоратини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, чет тили ўқитувчилари малакасини оширишнинг принципиал жиҳатдан янги самарали механизми жорий этилди.

Мустаҳкам моддий-техник базаси, турли замонавий технологиялар, лаборатория жиҳозлари мавжуд бўлганидан кейин таълим сифати ва самарадорлигини таъминлаш фақатгина ўқитувчи маҳорати ва малакасига боғлиқ бўлиб қолади.

Бугунги кундаги илм-фан, ишлаб чиқаришнинг юксак тараққиёти ҳам олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари зиммасига катта масъулият юклаб, доимий равишда ўз устида ишлаш, малакасини муттасил ошириб боришни талаб этмоқда.

Мамлакатимиз раҳбарининг «Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнини янги сифат босқичига кўтариб, профессор-ўқитувчиларнинг илмий ва педагогик салоҳия­тини оширишга асос бўлаётганини таъкидлаш жоиз.

Чиндан ҳам, изланиш йўқ жойда ривожланишга эришиш мушкул. Ўқитувчи малакаси ёшлар ақл-заковати, камолотини белгилайди. Айниқса, муаллим ўз маҳоратини оширишдан, ўз устида ишлашдан тўхтамаслиги айни муддаодир.

ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ

Жаҳон тажрибаси шуни кўр­сатмоқдаки, ҳар томонлама ривожланган инновацион тизимга эга мамлакатлардагина инновация жараёнлари самарали амалга оширилиб, технологиялар ва маҳсулотлар тижоратлаштирилмоқда. Бу жараёнда давлатнинг иштироки, иқтисодиётнинг реал сектори ва етакчи компанияларнинг инновация фаолиятини қўллаб-қувватлаши муҳим аҳа­миятга эгадир. Зеро, илм-фан давлатнинг техник тараққиёти ва жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлайдиган ушбу интеграция механизмининг асосини ташкил қилади. Шу маънода, Президентимиз ташаббуси билан анъанавий тарз­да ўтказиб келинаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркалари амалий тадқиқотларни жорий этиш ҳамда уларнинг натижаларини ишлаб чиқариш, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқувчилар ва истеъмолчилар ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлашда муҳим механизмлардан бирига айланди.

Замонавий билим ва технологияларни эгаллаган, зарур лаборатория ҳамда моддий-ресурс­лар билан таъминланган ёш олимлар, тадқиқотчилар кенг кўламли илмий изланишлар олиб бормоқда. Уларнинг янги ишланма ва лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилаётир. Мамлакатимизнинг ўсиб бораётган илмий салоҳияти ва иннова­цион иқтисодиёти халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини жалб қилмоқда.

2015 йилда бўлиб ўтган VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси доирасида илк бор ташкил этилган Тошкент халқ­аро инновация форуми юртимизда илмий-техника фаолиятини қўллаб-қувватлаш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш, инновацион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар самаралари эътироф этилиб, миллий иқтисодиётимизни таркибий ўзгартириш ва изчил янгилашга, хал­қимиз фаровонлигини юксалтиришга ҳисса қўшаётгани қайд этилди.

Бу ишлаб чиқарувчиларнинг олимларимиз ва ихтирочиларимиз томонидан яратилаётган янгиликларни харид қилишдан ғоят манфаатдор эканини кўрсатади. Аввал улар янги технологияларни, асосан, хориждан сотиб олган бўлса, эндиликда инновация ярмаркаларида иштирок этиб, мамлакатимизда яратилган ишланмаларни афзал кўришаяпти.

«Ўзбекистон иқтисодиёти изчил ва барқарор ривожланмоқда, — дейди сингапурлик халқаро экс­перт Бернардо Жеффрей Моранте. — Илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интег­ра­ция­сини кенгайтириш, улар ўртасида амалий ҳамкорликни кучайтириш борасидаги ишлар бунда муҳим ўрин тутмоқда. Юртингиз илм-фани ютуқлари, ёшларнинг новаторлик қобилияти диққатга сазовор». Шу тариқа анжуманнинг хорижлик иштирокчилари мамлакатимизда иқтидорли ёшларни илмий тадқиқотларга кенг жалб этиш, уларнинг замонавий техника ва технологияларга қизиқишини кучайтириш, ижодий тафаккур ҳамда яратувчанлик салоҳиятини ривожлантириш борасидаги ишларни юксак баҳолашди. Ўзбекистонда таълим, фан ва адабиёт ҳамкорлигини кенгайтириш, инновацион ғоя­ларни ҳаётга кенг татбиқ этишга қаратилаётган доимий эътибор жамият тараққиётини юксалтиришга хизмат қилаётганини эътироф этишди.

ФАХР-ИФТИХОР

Мустақиллик йилларида таълим тизимида қўлга киритилган улкан ижобий натижалар Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросига фахр-ифтихор бағишлайди. Бугун янгича фикрлайдиган, ўз келажагини мамлакатимизнинг келажаги билан боғлиқ ҳолда кўрадиган янги авлод вакиллари шаҳдам қадам ташламоқда. Бир неча хорижий тилни ўрганган, замонавий техника ва технологияларни пухта ўзлаштирган, мустақил фикрлайдиган, бошқача айтганда, эл-юрт хизматига шай, юраги ёниб, кўзлари чақнаб турган нав­қирон ўғил-қизларни кўриб, қалбингизда ишонч, ғурур-ифтихор туйғулари жўш уради.

Мана шулар ҳақида ўйлаганда, беихтиёр кечаги кунлар ёдга тушади. Ахир, биз қарийб бир асрлик мустабид сиёсат исканжасида ўзимизнинг шонли тарихимиз, буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизация­сига қўшган ҳиссасини, мухтасар айт­ганда, ким эканлигимизни дунё­га маълум қилишдан маҳрум эдик. Бизнинг халқимизга шу даражада хавотир билан қаралардики, чет эл олимлари билан юзма-юз бўлиб қолмаслигимиз учун барча чоралар кўриларди.

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ Президентимизнинг миллий қадриятларимизни тиклаш бўйича олиб борган мардона кураши бугун ўз натижасини бермоқда. Биз «мардона кураш» иборасини бежиз тилга олмадик. Чунки бизнинг тарихимиз, маънавий мулкимиз дунё эътиборида шу даражада қасддан чалкаштириб ташланган эдики, уни жой-жойига қўйиш ва эътироф эттириш узоқ, машаққатли курашни ҳамда кўкрак тутиб ҳимоя қилишдек оғир вазифани елкага олишни талаб қилар эди. Бугун мустақиллик йилларида шу йўналишда амалга оширилган ишлар кўламига назар солар эканмиз, узоқни кўзлаб, мунтазам равишда олиб борилган ишлар туфайли қадим мадания­тимиз ва мустақиллик даври орасидаги камситилиш ҳамда беписандлик асри асоратларидан буткул халос бўлганимизни англаймиз.

Бу — халқимизнинг оламшумул муваффақияти! Бу — буюк бобокалонларимиз, азиз-ав­лиё­ларимизга кўрсатилаётган беқиёс эҳтиромнинг амалдаги исботи! Бу — бугунги ва эртага етишиб келадиган ёш авлод қўлига берилган мангу ҳужжат!

Президентимиз ўз чиқишларида «Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?» деган ҳаётий мулоҳазага алоҳида урғу беради. Дарҳақиқат, айни дамда ҳар бир юртдошимизнинг турмуш тарзи, уларнинг онгу тафаккуридаги ўзгаришлар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишларни кузатиб, 25 йил ичида босиб ўтган йўлимиз, чиндан ҳам, ҳавас ва ҳайратга арзийди, деб бемалол айта оламиз. Айниқса, жаҳонда тараққиётнинг «ўзбек модели», деб ном қозонган ўзимизга хос ва мос йўлнинг нақадар тўғри, айни пайтда ҳаётий эканлиги амалда тўла ўз исботини топаётир. Энди шу ўринда бир саволни ўзимизга берайлик: бу замонавий бунёдкорлик ишлари, ислоҳот ва ўзгаришлар ўз-ўзидан амалга ошдими? Ёки бирор тасодиф туфайли пайдо бўлиб қолдими? Йўқ, асло! Бунинг ортида оғир меҳнат, юрт ва халқ тақдири, келажаги ўйловида ўтказилган ҳаловатсиз кечалар, тинимсиз изланишлар, давлатимиз раҳбарининг пухта ва оқилона сиёсати турибди. Шунинг учун ҳам ким билан суҳбатлашмайлик, бугунги тинч ва осуда ҳаёт учун шукроналик, фаровон ва обод турмушдан мамнунлик, фарзандлар тақдиридан розиликни англаймиз.

Ўзбек халқи болам, деб яшайдиган халқ. Бу эса Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган сиёсатнинг туб мазмун-моҳиятига сингиб кетган. Фарзандлар тақдирига миллат истиқболи, деб қаралаётган экан, бундай мамлакатнинг болалари ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмай, шодон ва соғлом улғаяверади.


Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,
филология фанлари доктори, профессор.



DB query error.
Please try later.