09.02.2016

ҒАЗАЛ МУЛКИНИНГ СУЛТОНИГА ЭҲТИРОМ

Президентимиз раҳнамолигида қадимий ва бой мадания­тимизни, миллий қадриятларимизни тиклаш, буюк аждодларимиз қолдирган маънавий меросни ўрганиш, тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Турли шаҳарларимизда буюк мутафаккир аждодларимизнинг маҳобатли ҳайкаллари ўрнатилиб, атрофи кўкаламзорлаштирилиб, аҳоли, айниқса, ёшлар маданий дам оладиган масканларга айлантирилмоқда. Термиз шаҳрида ўрнатилган Алишер Навоий ҳайкалининг кунчиқар томонида муҳташам «Бахт уйи», кунботар томонида Термиз давлат университети бинолари қад рос­т­лаган. Оила қураётган ёш келин-куёвлар, таълим муассасалари ўқувчилари, талаба-ёшлар сўлим бу гўшани зиёрат қилиб, миллий қадриятларимизга ҳурмат бажо келтирмоқда, алломаларимиз меросидан маънавий-руҳий қувват олмоқда.

— Факультетимиз талабалари буюк сўз заргари ҳайкалини зиёрат қилишга тез-тез келиб туришади, — дейди Термиз давлат университети хорижий тиллар факультетининг инглиз тили ўқитувчиси Абдулла Худойқулов. — Уларнинг орасида беназир шоир асарларини хорижий тилларга ўгираётган ёшлар ҳам кўп.

Алишер Навоий асарларида одамни эзгуликка етаклайдиган, инсонни камолотга етказадиган энг яқин йўллар кўрсатилиб, инсонпарварлик, вафо ва садоқат, қаноат ва ростгўйлик каби олижаноб фазилатлар юксак бадиий ифодасини топган. Зеро, Президентимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида таъкидланганидек, «Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намояндаси, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир».

— Инглиз тилини пухта ўрганиш учун дарсдан бўш вақтимда таржима тўгарагида ҳам иштирок этаман, — дейди Термиз давлат университети хорижий тиллар факультети учинчи курс талабаси Мадина Рўзиева. — Алишер Навоий асарларини инглиз тилига таржима қилиб, хорижлик тенгдошларимизни ундан баҳраманд қилиш менинг олий мақсадимдир. Буюк шоир «Ҳайрат ул-аброр» достонида шундай ёзади:

То бани Одам ила олам эрур,

Олам ичинда бани Одам эрур.

Адл ила олам юзин обод қил,

Хулқ ила олам элини шод қил.

Яъни, одамзот ва олам бор экан, олам ичида одамзот яшар экан, адолат билан олам юзини обод қилиш, яхши хулқ билан одамларни шод қилиш зурурлигини уқтирмоқда.

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби
Сурхондарё вилоятида ҳам ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги муносабати билан адабий-бадиий анжуманлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Буюк мутафаккирнинг ҳайкали ўрнатилган майдон ҳам ғазал бўстонига ташна қалбларни ўз бағрига чорлаётир. Умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ташкил этилаётган давра суҳбатлари, учрашув ва бадиий кечаларда профессор-ўқитувчилар, адабиётшунос олимлар ўлмас сўз санъаткорининг ибратли ҳаёти ва юксак инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарлари хусусида сўз юритмоқда.

— Ёшларнинг онгу шуурига Алишер Навоий ижодий меросини чуқур сингдириш айниқса бугунги таҳликали замонда янада муҳим аҳамият касб этмоқда, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Алишер
Пардаев.
— Таълим муассасаларида таниқли адиблар, олимлар, маданият намояндалари иштирокида ташкил этилаётган учрашув ва бадиий кечалар ёшларни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида камолга етказиш, уларнинг дунёқараши, тафаккурини юксалтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Бинобарин, адабий учрашувлар, илмий-амалий семинарлар, мушоира кечалари, турли кўрик-танловлар ўтказилмоқда.

Инсон ҳаётида яхши ном қолдириши, умрини эзгу амал ва яхши хулқ билан безаши муҳимлигини юксак бадиий ифодаларда тараннум этган
Алишер Навоий меросини ўрганишга жаҳон миқёсида эҳтиёж тобора ортиб бораётгани ҳам халқимиз маънавиятининг нақадар буюк ва бой эканлигидан далолат.

 

Х.МАМАТРАЙИМОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.