06.02.2016

МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШ ДЕПУТАТИ

қанча фаол бўлса, электорат манфаатлари шунча самарали ҳимоя этилади, партия Сайловолди ­дастурида белгиланган вазифалар ижроси изчил таъминланади

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутати — қонуний ваколатларга эга, катта ишонч ва ҳурматга сазовор бўлган масъулиятли шахс. У ўзи яшаётган ва ишлаётган ҳудуднинг паст-баландини яхши билади. Шу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш шароити, уларни ўйлантираётган муаммолардан доим хабардор бўлади. Бу эса депутат долзарб ижтимоий масалаларни ўрганиши, партия гуруҳи, доимий комиссияларга таклиф бериши, депутатлик сўрови юборишида муҳим аҳамиятга эга. Маҳаллий Кенгашларнинг сессияларида кўриб чиқиладиган масалалар ана шу жараёнлар асосида шаклланади.

Туманимиз ўзига хос шароитга эга бўлиб, тоғли ва тоғолди ҳудудда жойлашган. 130 мингдан зиёд аҳолиси, 80га яқин катта-кичик қишлоқлари бор. Табиийки, шароит ва қулайликлар бир хил эмас. Ҳозирда аҳоли пунктларида юқумли касалликларни олдини олиш муҳим вазифа ҳисобланади. Ўтган йили халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳимиз аъзоси Баҳриддин Муродов шу масалани ўрганиб чиқиш бўйича таклиф киритди. Туман партия кенгаши билан биргаликда ишчи гуруҳи туздик. Гуруҳ аъзолари 8 қишлоқ врачлик пункти хизмат кўрсатадиган қишлоқ ва маҳаллаларда бўлишди, одамлар билан суҳбатлашишди. Ўрганиш натижалари, дастлабки хулосалар аввал партия гуруҳимизда кўриб чиқилди. Йиғилишда масалани тегишли доимий комиссия муҳокамасига қўйишга келишиб олдик.

Доимий комиссия йиғилишида эса аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш билан боғлиқ омиллар кўриб чиқилиб, масалани сессия кун тартибига киритиш юзасидан тавсия берилди. Шу асосда «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижросини тўлиқ таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қи­лиш, соғлиқни сақлаш муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида туман тиббиёт бирлашмасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги масала сессияда кўриб чиқилди. Электорат манфаатларига хизмат қиладиган қарор қабул қилиниб, ижроси назоратга олинди.

Бу депутатларимиз, пар­тия гуруҳимиз фаолиятидан бир мисол. Бугун туман Кенгашига партиямиздан сайланган 16 нафар депутатнинг кўпчилиги масъулият билан ишлашга ҳаракат қиляпти. Улар орасида Гулжаҳон Пардаева, Шароф Очилов каби ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам талабчан, қатъиятли, ташаббускор депутатлар бор. Депутатларимиз ташаббуси ва таклифи билан ўтган йили 2 масала халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида, 4 масала доимий комиссияларда кўриб чиқилди. Жамоатчилик қабулхонасига электорат вакилларидан тушган 42 мурожаатни ҳал этиш юзасидан тегишли идора ва ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. Муҳими, мурожаатларнинг деярли ҳаммаси ижобий ечим топди, сўровларга вақтида жавоб олинди.

Албатта, ўтган йилги ишларимиз камчиликлардан холи бўлди, режадаги барча тадбирларимиз бажарилди, дейиш фикридан йироқмиз. Ҳаракат дастурида белгиланган, электорат манфаатлари билан боғлиқ айрим масалаларни ҳал қилишда баъзи депутатлар сусткашликка йўл қўйгани, долзарб ижтимоий масалаларга етарлича эътибор қаратилмаганини тан олиш керак. Булар кўпроқ янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, ёшлар ўз ишини йўлга қўйишига кўмаклашиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини манзилли ҳимоялаш каби масалалар билан боғлиқ.

Яна бир масала — доимий комиссиялар, маҳаллий Кенгаш сессиялари муҳокамасига киритилган масалалар юзасидан қабул қилинган қарорлар ижросини олайлик. Тўғри, бевосита депутатларимизнинг саъй-ҳаракати билан долзарб қарорлар қабул қилиняпти. Аммо айрим ҳолларда уларнинг ижроси юзасидан депутатлик назорати кўнгилдагидек йўлга қуйилмаяпти.

Шулардан келиб чиқиб, янги йилда янги вазифаларни белгилаб олдик. Хусусан, сайловчилар билан тез-тез учрашиш, электорат манфаатлари ҳимоясига хизмат қиладиган қатор масалаларни чуқур ўрганиб, доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига киритишни режалаштирганмиз.

Мен бир нарсани тушуниб етдим. Депутат одамларнинг ишончини оқлаш учун, ўзи яшаётган ҳудудни ривожлантириш учун астойдил ҳаракат қилиши керак экан.

 

Бахтиёр ОМОНОВ,

халқ депутатлари Бахмал туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари.



DB query error.
Please try later.