06.02.2016

ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ АКАДЕМИЯСИДА

сиёсий партиялар тизимидаги кадрлар ўқитилмоқда

Жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб мамлакатимизда фаолият олиб бораётган сиёсий партиялар ташкилотлари масъул ходимлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бош­қаруви академиясида босқичма-босқич ўтадиган бир ойлик ўқув машғулотлари ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик. Партиялар фаолияти самарадорлиги, кадрлар малакаси, иш тажрибасини ошириш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, амалий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган мазкур ўқув машғулотларининг 3-гуруҳ тингловчилари дарс машғулотларини давом эттирмоқда.

Уларга парламент аъзолари, нуфузли олий таълим муассасалари раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтларининг мутахассислари мамлакатимизда кўппартиявийлик тизимини ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий асослари, демократик янгиланиш шароитида фуқаролик жамияти институтларининг ривожланиш истиқболлари, сиёсий партияларда менежмент асослари, сиёсий пар­тияларнинг замонавий ташкилий тузилиши каби қатор долзарб мавзулар бўйича сабоқ бермоқда

— Ўқув-машғулотлари жараёнида тингловчилар билан сиёсий партиялар фаолиятига доир қонунчилик, парламентда муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари, фракциялараро музокараларни кучайтириш масалалари ва уларнинг аҳамияти ҳақида ўзаро фикр алмашдик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари ­қўмитаси раиси, ЎзХДП ­фракцияси аъзоси Рустам ­Комилов. — Бугун сиёсий партиялар тизимида ишлаётган ёш кадрларда сиёсий соҳага қизиқиш юқори. Буни уларнинг бир-бири билан мулоқотга киришиши, долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларда баҳс-мунозара юритиши, фикрини эркин баён этишида кўп кузатдим. Бундай ижтимоий-сиёсий фаоллик жамиятда қонун устуворлиги кучайиши, демократик ислоҳотлар тобора изчил тус олишида муҳим омил бўлиб ҳисобланади.

— Партия вакили, депутат сифатида одамлар билан мулоқотга киришганимда бир нарсага кўп амин бўламан. Бугун фуқароларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллиги, маданияти юксалган, фуқаролик масъулияти ва позицияси тобора мустаҳкамланган, — дейди ЎзХДП Наманган туман кенгаши раиси, халқ депутатлари Наманган туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Умид Солиев. — Демак, бундай демократик шароитда қайси сиёсий партиянинг етакчилари, фаоллари фидойи, ташкилотчи, билимли бўлса, ўша партиянинг таъсир кучи, обрўси ошади, амалий ишлар кўпаяди. Мазкур ўқув курсида малакали мутахассислардан олаётган билимларимиз келгуси фаолиятимизда қўл келади, деб ҳисоблайман. Интерактив дарслар давомида бошқа сиё­сий партиялар вакиллари билан дебатлар уюштирилди, пар­тия­миз Сайловолди дастуридаги ғоя ва мақсадларнинг аҳамиятини аудиторияга етказиш маҳорати синовдан ўтказилди, бу борада мутахассислар, сиёсатшунослар ўз таклифларини беришди. Энг муҳими, нафақат ­фаолиятимизга оид қонунчиликни чуқур ўргандик, балки амалиётда янги усулларни, замонавий технологияларни қўллаш бўйича малака ошир­япмиз.

— Тўғриси, ўқув-машғулотлари қизиқарли ўтди, барчамизда катта таассурот қолдирмоқда, — дейди ЎзХДП Шайхонтоҳур туман кенгаши раиси ­Ирода Абдуллаева. — Қонунчиликдаги ўзгаришлар, сайлов жараёнлари ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлдик, кичик гуруҳларда ишлаш жараёнида партия ғоялари тар­ғиботини олиб боришнинг янги усул ва механизмларини янада чуқурроқ ўзлаштир­япмиз. Умуман олганда, ўқув курси биз учун ҳар томонлама фойдали бўлмоқда. Бу ерда ўрганганларимизни амалиётда қўл­лаб, партиямиз нуфузини оширишга ҳаракат қиламиз.

Ўқув курсини му­ваф­фақият­ли тамомлаган тингловчиларга сертификатлар берилади. 

 

Лазиза ШЕРОВА



DB query error.
Please try later.