06.02.2016

Президентимиз ишончини оқлаш учун бор кучимни ишга соламан

Президентимиз халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг куч ва салоҳиятини юзага чиқаришга кенг имконият яратиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. 

Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмай, ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши, ақлу заковати, куч ва салоҳияти билан Ватан равнақига, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишга муносиб ҳисса қўшишга қодир инсонлар бўлиб улғайиши учун барча имкониятлар яратилмоқда. 

Нуфузли мусобақаларда рингга чиқар эканман, қалбимда чексиз ғурур-ифтихор, шукроналик туйғуси жўш уради. Билагимга куч, юрагимга шижоат тўлади. Чунки дунёнинг ҳеч бир мамлакатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёш спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга Ўзбекистондагидек улкан эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилмаса керак! 

Юртимизнинг барча ҳудудларида, ҳатто, энг чекка қишлоқларида ҳам замонавий спорт мажмуалари барпо этилган. У ерда ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча шароит яратилган. Чемпион бўлишдек эзгу мақсадга интилган иқтидор эгаси борки, эътибордан четда қолмайди. 

Таълим тизимидаги уч босқичли узлуксиз спорт мусобақалари – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада ўйинлари миллионлаб спортсевар ёшларни бирлаштириш, уларнинг севимли мусобақасига айланиши баробарида халқаро спорт ареналарида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишга қодир ёшларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқармоқда. 

...Отам ёшлигида катта курашчи бўлган. Қаерда кураш бўлса, даврага чиққан. Лекин у пайтлар спорт билан шуғулланишга бугунгидай шароит бўлмаган, шу боис отамнинг дунё спорт майдонларига чиқиш орзуси ушалмай қолиб кетган. Мен ҳам болалигимдан спорт билан мунтазам шуғулландим, ўзимни чиниқтириб юрдим. Мақсадим – отамнинг орзусини амалга ошириш эди. 

Ўн уч ёшимда отам мени Чирчиқ олимпия захиралари коллежига олиб борди. У ерда мураббийларим Рустам Саидов ва Тўлқин Қиличевдан бокс сирларини ўргандим. 2014 йили Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилиндим. 

Мураббийим Тўлқин ака рингга чиқаётганимда ҳар доим Президентимизнинг гапларини ёдимга солади: биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз! Бу сўзлар ўз кучимга ишонч, юрагимга далда бағишлайди. Ўзбек спортчилари мувафаққиятларининг сири мана шунда! Чунки спортда билаги зўр эмас, руҳи кучли, ақлли ва қўрқмас спортчилар кўпроқ ғалаба қозонади. 

Тинимсиз машғулотлар, устозларимнинг ишончи, спортчилар учун яратилган шароит ва имкониятлар самарасида Германия, Болгария, Беларусь, Озарбайжон сингари давлатларда ўтган халқаро турнирларда шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилдим. Россияда ўтган халқаро мусобақада мезбон спортчини бир зарба билан нокаутга учратдим. 

2015 йили Қатарнинг Доҳа шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионати мен учун омадли бўлди. Вазни 91 килограммдан оғир бўлган боксчилар баҳсида бронза медални қўлга киритдим. Ҳозир шу йилнинг март ойида Хитойда ўтказиладиган Олимпиадага йўлланма берувчи нуфузли мусобақага қизғин тайёргарлик кўряпман. 

Президентимиз халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида мени бағрига босиб, Олимпия ўйинларида чемпион бўлишимга ишонч билдирди. Чемпион бўлишим шарт. Чунки Президентимизнинг ишончи менга далда бўлади! Бу ишончни оқлаш учун бор куч ва имкониятимни ишга соламан! 

Баҳодир Жалолов, 
бокс бўйича жаҳон чемпионати совриндори, 
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти талабаси. 

ЎзА


DB query error.
Please try later.