04.02.2016

ҲОКИМЛАР ҲИСОБОТИ АСОСИДА

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ муҳим масалалар депутатлар, ҳукумат аъзолари иштирокида атрофлича муҳокама қилинмоқда

Нўмон АКБАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— 2014 йилда мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар, унга мос равишда 2015 йилда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунга киритилган қўшимчаларга асосан, вилоят, шаҳар, туман ҳокимлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим масалалари юзасидан ҳисобот тақдим этмоқда.

Бу вакиллик органларининг назорат фаолиятини янада кучайтириш, маҳаллий ижро органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, ҳудудий ривожланишга оид муҳим масалаларни кўриб чиқишни тизимлаштириш, ҳокимларнинг ҳисоботларидаги бир хилликни бартараф этишга ҳамда уларнинг жойларда самарали муҳокама қилинишига шароит яратмоқда.

Ҳокимнинг ҳисоботини муҳокама қилиш Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида берилган баҳолар ва белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилмоқда.

Албатта, биз депутатлар партия­миз Сайловолди дастури, электорат манфаатларидан келиб чиқиб, мазкур жараёнларда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қабул қилинаётган Дастур ижросига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Шу ўринда йил якунлари бўйича ташкил этилаётган муҳокамаларнинг кенг жамоатчилик учун очиқ тарзда ўтказилаётгани ҳам муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаш зарур. Қонун талабларига мувофиқ, ҳокимнинг тақдим этган ҳисоботи, ҳоким ва ижро ҳокимияти органлари ишининг самарадорлигига берилган комплекс баҳо, уларнинг ишини такомиллаштиришга доир тавсия­лар ва таклифлар, шунингдек, қарорлар амалга оширилишининг бориши устидан назоратни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар расмий нашр­ларда ҳамда ҳокимиятнинг интернет тармоғидаги веб-сайтида эълон қилиниши шарт.

Бу, ўз навбатида, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш, улар фаолиятининг аҳоли учун янада очиқ ва ошкора бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Жорий йил 29 январь куни Тошкент вилоятининг 83-Паркент сайлов округи таркибидаги Юқори Чирчиқ ва Паркент туманларида халқ депутатлари туман Кенгашларининг йиғилишлари янги тартиб-қоидага мувофиқ бўлиб ўтди. Халқ депутатлари туман Кенгашининг бу галги йиғилишлари туман ҳокимининг хисоботи сиёсий партиялар гуруҳларида, доимий комиссияларда кенг муҳокамадан ўтказилиб, билдирган таклиф ва тавсиялар асосида ташкил этилди.

Юқори Чирчиқ тумани ҳокимининг ҳисоботида 2015 йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастур ижроси билан бирга аҳолини ўйлантираётган масалалар, уларга ечим топиш чоралари муҳокама этилди. Хусусан, туман ҳокими Жамбул қишлоғидаги газ тармоғини реконструкция қилиш масаласи бир неча йилдан буён аҳолини қийнаб келаётганини таъкидлаб, уни ҳал этиш жорий йилги дастурда кўзда тутилганини маълум қилди.

Шу билан бирга, туман ҳокими сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган йўл-транспорт, ички йўлларни таъмирлаш, уй-жой ва коммунал хизматлар сифатини ошириш каби масалалар юзасидан туман Кенгаши депутатларининг саволларига атрофлича жавоб берди.

Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, саноатда, иш ўринлари яратишда кейинги йилларда муайян ютуқларга эришилаётганини эътироф этишди. Айни пайтда бу борадаги камчиликлар чуқур таҳлил қилинди. Хусусан, 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси юзасидан туман ҳокимлиги ҳамда мутасадди ташкилотлар томонидан қўшимча чоралар кўрилиши белгиланди.

Бир сўз билан айтганда, бугун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласида нафақат ижро ҳокимия­ти, балки барча даражадаги депутатлар масъулияти кучаймоқда. Бу юртимизда демократик ислоҳотлар янада чуқурлашишида муҳим аҳамиятга эга.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Гулруҳ ОДАШБОЕВА

тайёрлади.



DB query error.
Please try later.