04.02.2016

ОГОҲ БЎЛИШ — ҲАММАМИЗНИНГ БУРЧИМИЗ

«Қиёматга қолган қарз» телекўрсатувини кўриб, кўнгилдан ўтган фикр-мулоҳазалар

Аввало, ушбу кўрсатув жуда долзарб масалага бағишланганини таъкидлаш зарур. Унда кўрсатилган аччиқ воқеалар, билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳақида ҳар биримиз ўзимизга керакли хулосалар чиқариб олишимиз керак.

Албатта, кўрсатувни кўрган ҳар бир томошабин бугун дунёнинг узоқ-яқин нуқталарида қандай даҳшатли воқеалар рўй бераётгани, шундай ўта қалтис паллада мамлакатимиздаги тинч­ликни асраш, маҳаллалар, оилаларда ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамликни сақлаш нақадар муҳим эканини чуқур тушунади, юрак-юрагидан ҳис қилади. Ўзбекистондек муқаддас замин тупроғига киндик қони тўкилган, шу юртнинг нон-тузини тотиб улғайган ёшларнинг чет давлатларда қандайдир жангари гуруҳларга қўшилиб қолиб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ёвузликлар қилаётгани ҳаммамизни хавотирга солади, яна бир бор огоҳ бўлишга чақиради.

Кўз ёшини тўхтата олмаётган она, фарзанди разил ишга қўл урганини кўриб боши хам бўлган ота, жигарлари бунчалик қабиҳликка боришини кутмаган қариндошлар, ёр-биродарларнинг «олдин биз буларни Ватанга қайтаришга ҳаракат қилдик, лекин энди уларнинг юртимизга кириб келишидан огоҳ бўлишимиз керак...», «Укамнинг бундай иши учун биз жигарлар эл-юрт олдида, маҳалла-кўй олдида юзи қора бўлдик, бундай шармандагарчиликдан қандай бош кўтариб юрамиз...» каби нолалари, фар­ёдини тинглаган ҳар қандай инсоннинг қалби ларзага келади.

Азал-азалдан халқимиз, ота-боболаримизнинг қон-қонига сингиб кетган Ватан саждагоҳ каби муқаддас бўлади, ота-онани рози қилиш, она юрт хизматида бўлиш — инсон учун энг олий бахт, буюк саодат, деган юксак тушунчаларни ёшларимиз, униб-ўсиб келаётган фарзандларимизга кенг тушунтириш, таъбир жоиз бўлса, онги ва қалбига сингдириш ҳаммамиздан катта масъулият талаб этади. Мен буни нафақат вазифа, балки ҳар бир ота-онанинг жигарбандлари олдидаги бурчи, деб биламан. Бу ишда сусткашликка йўл қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, албатта.

Кўрсатувдаги лавҳаларни томоша қилган одамга яна бир фикр келади, саволлар туғилади. Улар хоинлик, сот­қинлик даражасигача бориб етибди, нега ота-она, қариндош-уруғлар, ёр-биродарлар, маҳалла-кўй, жамоатчилик бундан бехабар қолди? Бундай муд­ҳиш воқеалар содир бўлмаслиги учун нима қилишимиз керак?

Менимча, энг аввало, мактаб, коллеж, лицей, олий таълим даргоҳлари, оила ва маҳалла ҳамкорлиги ҳамда хабардорлигини кучайтиришимиз, тадбирларда фарзандларимизни эзгу ишларга руҳлантирадиган, уларнинг қалбига етиб борадиган сўзлар, таъсирчан воситалардан кенг фойдаланишимиз зарур. Айниқса, биз, оналар фарзандларимиз қаерда бўлмасин, уларнинг ҳар бир ҳаракатини юрагимиз билан ҳис қилиб турмоғимиз лозим.

Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш керак, биз маҳалладан хорижга ўқишга, ишга кетган фуқароларнинг ота-оналари, яқинлари билан суҳбатлашсак, хориждаги фуқаролар у ерда нима иш қилиши ёки қаерда ўқиши билан қизиқсак, «тинчликми, нимага ҳадеб суриштираверасизлар», деган саволларни эшитиб қоламиз. Баъзи ота-оналар фарзандлари хорижга кетганини айт­масликка, сир сақлашга ҳам ҳаракат қилишади. Бу нотўғри йўлдир, аксинча, бундай пайтда ҳаммамиз ҳамфикр ва ҳамкор бўлишимиз, бир-биримизга ёрдам беришимиз керак. Депутатлар, партия фаоллари ҳам жойларда бу борада тарғибот-тушунтириш ишларини изчил йўлга қўйиши, таълим муассасалари, маҳаллалар, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириши ҳаётий зарурат, деб ўйлайман.

Давлатимиз раҳбари бизни ҳар доим дунёда, яқин ён-атрофимизда рўй бераётган мудҳиш воқеа-ҳодисалар, тинчлигимиз ва тараққиётимизга раҳна солиши мумкин бўлган хавф-хатарлардан огоҳ этиб, ҳушёрликка чақиради. Бунинг асоси, мазмун-моҳияти нақадар чуқур эканини ҳар лаҳза қалб­дан ҳис этишимиз, фарзандларимиз, яқинларимиз, Ватанимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш муқаддас бурчимиз эканини асло эсдан чиқармаслигимиз зарур.

Ўзбекистондай жаннатмакон юртни билмаган, унинг қадрига етмаган, ўз ота-боболари, аждодлари ётган муқаддас тупроқни топташга ҳаракат қилаётган разил кимсалар эса бир умр хору зорликда ўтиб кетиши муқаррар.

 

Ойниса БОБОНОВА,

Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги «Жийдали» маҳалла фуқаролар йиғини раиси.



DB query error.
Please try later.