04.02.2016

ЮТУҚЛАР — ЎЗИМИЗНИКИ

Биз кўпроқ камчиликларни бартараф этиш ҳақида ўйлашимиз керак

Ўзбекистон ХДПнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари зиммасидаги асосий вазифалар белгилаб олинган. Хўш, ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши ана шу вазифалар ижросини таъминлаш бўйича нималарга эришди, ечимини кутаётган масалаларга ёндашув қандай?

Фарғона вилоят партия кенгашининг маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари иштирокидаги кенгайтирилган йиғилишида ушбу масала атрофлича кўриб чиқилди.

Сўзга чиққанлар гапни 2015 йилда эришилган натижалардан бошлади. Улар эса салмоқли эди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари томонидан 93 масала ўрганилган. Шундан 83 масала доимий комиссия йиғилишларида кўрилган, 19 масала сессияларда муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган.

— Айниқса, Марғилон шаҳар, Беш­ариқ, Тошлоқ, Учкўприк туманларидаги партиямиз гуруҳлари Ҳаракат дастури ижросида самарали натижаларга эришди, — деди ЎзХДП вилоят кенгаши раиси Маҳмуджон Маҳкамов. — Ҳаракат дас­тури асосида туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари ташаббуси билан жисмоний шахслардан тушган мурожаатларни ҳал қилиш, ижтимоий соҳага ажратилаётган давлат Бюджети маблағларидан оқилона фойдаланиш ва бош­қа масалалар юзасидан мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Дарҳақиқат, партия вилоят кенгаши, депутатлик бирлашмалари фаолияти амалий натижаларга бой бўлди, дейиш учун асослар етарли. Аммо бу кўрсаткичларга кенгаш раиси танқидий ёндашди. Жумладан, у шундай деди: — Ҳаракат дастури ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, айрим ҳудудий партия кенгашлари, партия гуруҳлари томонидан қатор сусткашлик ва камчиликларга йўл қўйилди.

Йил давомида ҳар бир туманда электорат манфаатларига дахлдор бўлган камида битта масала сессияга олиб чиқилиши керак эди. Аммо 18 масала фақат депутатлик гуруҳлари ҳамда доимий комиссиялар даражасида кўриб чиқилди. Бундай ҳолатга, хусусан, Қувасой, Қўқон шаҳарлари, Боғдод, Бешариқ, Қува, Олтиариқ, Қўштепа, Сўх, Фарғона, Фурқат туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан йўл қўйилди.

Айрим партия гуруҳлари белгиланган масалаларни ўрганиш ва муҳокама қи­лиш билан чекланиб, қабул қилинган қарорларнинг ижроси юзасидан мониторинг олиб боришга етарлича эътибор қаратмади. Шу сабабли партия электорати манфаатларига дахлдор бўлган айрим дол­зарб муам­молар тўлиқ ечим топмай қолди.

Кенгайтирилган йиғилишда айрим минтақавий партия кенгашлари раисларига электорат манфаатлари билан боғлиқ масалаларнинг сессияларга киритилмай қолиш сабабларини ўрганиш, чуқур таҳлил қилиш вазифаси топширилди.

Сўзга чиққанлар олдинда турган вазифалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Феруза Нишонова, ЎзХДП Фар­ғона вилоят кенгаши Хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

— Биз хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қи­лиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жа­мият­даги ўрнини мустаҳкамлаш борасида қабул қилинган қонунлар ва қонун­ости ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аъзоларимизга тушунтириб боришимиз керак. Уларнинг ҳуқуқий билимини ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришимиз зарур.

Айниқса, она ва бола ҳа­м­­­­да ёш оилалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида давлат томонидан белгиланган имтиёзлар, улардан тўлақонли фойдаланиш тартиблари тўғрисида маълумотлар бериш муҳим. Бу хотин-қизларнинг тиббий маданиятини юксалтиришда долзарб аҳамият касб этади.

— Биргина бизнинг касб-ҳунар коллежимизда 10 нафардан ортиқ келин ўқувчи бор, — дейди Мар­ғилондаги I Тиббиёт коллежи директори, ЎзХДП Марказий Кенгаши аъзоси Шавкатжон Эрматов. — Президентимизнинг «Қиз болани коллежни битирмасидан, ҳунар эгалламасидан туриб, кимки турмушга бермоқчи бўлса, билиб қўйинглар, буни мен узоқни кўрмаслик, калтабинлик деб ҳисоблайман. Қиз бола, аввало, касб эгалласин, ўз фикрига эга бўлсин, ҳаётни англасин. Шундан кейин у ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топади, жамиятимизнинг фаол аъзосига айланади, эртага у қурадиган оила ҳам мустаҳкам бўлади. Бу менинг энг катта орзуим ва тилагимдир», деган сўзларини ҳар бир ота-она ва ёшларга тушунтиришимиз, энг муҳими, қизларимизда ўқиб-ўрганишга, касб-ҳунар эгаллашга интилиш ва рағбатни кучайтиришимиз керак.

Партия кенгашлари қо­шидаги Жамоатчилик қа­бул­хоналари жойлардаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда. Қабулхоналар фаолиятининг такомиллашиб бораётгани, партия кенгашлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан узвий алоқаларнинг изчил йўлга қўйилгани бу йўналишдаги ишларнинг янада самарадорлигини таъминламоқда. Буни фуқаролардан бўлаётган мурожаатлар сони ошиб бораётгани ва уларнинг аксарият қисми ўз ечимини топаётганидан ҳам кўриш мумкин.

Жумладан, вилоятимиздаги 19 Жамоатчилик қабулхонасига 2015 йил давомида 1511 мурожаат бўлган. Бу 2014 йилга нисбатан 693 тага кўпдир.

— Муаммоларнинг ечими нуқтаи назаридан таҳлил қилинганида мурожаатларнинг вилоят бўйича 65 фоизи ижобий ҳал этилганини кўришимиз мумкин, — дейди вилоят партия кенгаши бўлим мудири Юнусбек Набиев. — Бу кўрсаткич Қўқон шаҳрида 72, Фар­ғонада 67, Учкўприкда 70, Тошлоқ туманида 71, Беш­ариқда 77 фоизни ташкил этади.

Аммо Сўх, Фурқат, Ёз­ёвон ҳамда Фарғона туманларида Жамоатчилик қа­булхоналари ишлари талаб даражасида эмас. Ҳолбуки, қабулхоналар фао­лия­­тини самарали ташкил этиш жойларда вужудга келган катта-кичик муаммолар, электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларни ҳал қилиш имконини беради. Буни асло эсдан чиқармаслигимиз керак.

Вилоят партия кенгаши, Ёшларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори ўтган йили «Ёш сиёсатчи», «Конституция билимдони» кўрик-танловлари, «Ёшларга оид қонунчилик — ёшлар нигоҳида», «Коллеждан — корхонага», «Бугунги талаба — эртанги мутахассис», «Бўлажак депутат» лойиҳаларини юқори савияда ўтказди. Улар доирасидаги тадбирларда 35 мингдан зиёд йигит-қиз иштирок этгани фикримизга тасдиқ бўла олади. Натижада партияга аъзо ёшларнинг сони вилоятда 15040 нафарга етди. Бу кўрсаткич 2015 йилнинг 1 январь ҳолатига нисбатан 1106 нафарга кўп­роқдир.

— Лойиҳалар доирасидаги тадбирларга танқидий эътибор қаратадиган бўл­сак, улар айнан бир хил жойда ва доимий иштирокчилар билан бўлиб ўтаётгани, баъзи туман, шаҳарларда эса тадбирлар белгиланган муддатларда ташкил этилмаётганини кўриш мумкин, — дейди Ёшларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири Аҳмадали Ҳакимов. — Биз бу масалаларга алоҳида эътибор билан қарашимиз даркор. Ёшлар муаммоларини таҳлил қилган ҳолда, партия гуруҳларига тақдим этишимиз керак. «Ёш сиёсатчилар клуби» координаторларининг салоҳияти, ижтимоий-сиё­сий фаоллигини ошириш ҳамда клуб тизимини мустаҳкамлаш режаларини ҳам тузганмиз.

Кенгайтирилган йиғилишда жорий йилга мўл­жалланган иқтисодий дастурнинг муҳим йўналишлари ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиқиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди. Ҳаракат дастури ижросини таъминлаш бўйича масъулиятни кучайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.