Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
04.02.2016

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ — ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари устуворлиги демократик ислоҳотлар стратегиясининг асосий негизи сифатида белгиланган. Бинобарин, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши Конституциямизда ўз ифодасини топган.

Шу асосда истиқлол йилларида юртимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида қатор конс­титуциявий қонунлар, 16 кодекс ва 700 дан ортиқ қонун қабул қилинди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича етмишдан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилди, хусусан, БМТнинг 6 асосий ҳужжати ратификация қилинди.

Дарҳақиқат, ўтган даврда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ­лари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг миллий тизимини шакллантириш ва ривожлантиришга доир салмоқли ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон бугунги кунда айни шу соҳанинг қатор йўналишлари бўйича дунё­нинг аксарият давлатларига намуна бўлаётганини хорижлик экспертлар алоҳида таъкидлаётгани бежиз эмас.

2008 йилнинг январидан бошлаб мамлакатимизда ўлим жазосининг бекор қилингани, ҳуқуқни қўллаш амалиётига «Хабеас корпус» демократик институти, ярашув институти жорий этилгани халқаро ҳамжамиятнинг эътирофига сазовор бўлди. Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини янада либераллаштириш ва инсонпарварлик тамойилларига мувофиқлаштириш изчил давом эттирилмоқда, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишга доир бошқа чоралар кўрилмоқда. Суд, прокуратура, адвокатура каби идоралар билан бир қаторда Конституция­вий суд, Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, шунингдек, Бош прокуратура, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари таркибида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бош­қармалари ташкил этилгани ва улар ўз фаолиятини самарали олиб бораётганини қайд этиш керак.

Фуқароларнинг юксак ҳу­қу­қий маданиятга эга бўлиши жамиятда қонунийлик ва адолат тамойиллари устуворлигининг асосий омилларидан ҳисобланади. Бу жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлашда фуқаролар ва давлат ўртасида боғловчи бўғин бўлган ҳамда қонунларни ишлаб чиқишда иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари салоҳиятидан кенг фойдаланилмоқда. Улар ижтимоий-иқтисодий дас­турларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг ижтимоий-сиё­сий фаоллигини, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятимизда маъ­­­­­­навий-ахлоқий муҳит, бағ­­­­ри­кенглик ҳамда динлараро тотувликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Бугун республикамизда фаолият кўрсатаётган 8 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилоти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти, инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиё­ти ҳамда мазкур соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш ишлари устидан жамоатчилик назоратини амалга оширмоқда.

Шу ўринда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган вазифаларнинг рўёбга чиқарилиши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини ривожлантиришда янги босқични бошлаб берганини айтиб ўтиш жоиз. Дастурий ҳужжатдаги қонунчилик ташаббусларининг асосий мақсади давлат ва жамият қурилишини демократлаштиришни янада юқори поғонага кўтаришга, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштиришдан иборат.

Концепцияга мувофиқ «Ижтимоий шериклик тўғрисида», «Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа қатор ҳужжатларнинг қабул қилиниши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини кафолатлашда давлат ҳамда фуқаролик жамиятининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлади.

Шунингдек, фуқароларнинг одил судлов орқали ўз ҳу­қуқларини тиклаш имкониятларини кенгайтириш, судларга бўлган ишончини янада кучайтириш чора-тадбирлари инсон ҳу­қуқлари соҳасида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмоқда. Мисол учун, жи­ноий­­ жазоларнинг либераллаштирилиши тўғри йўл­дан адашган, лекин хатосини ўз вақтида анг­лаб етган шахсларга жамиятда яна ўрнини топиши учун имкон бермоқда, десак янглишмаймиз. Ҳозирда озодликдан маҳрум қилинганлар сони бўйича энг кам кўрсаткич дунё мамлакатлари орасида Ўзбекистонда қайд этилиши бунинг ёрқин далилидир. Қолаверса, ўтган йилнинг 10 ва 20 августида қабул қилинган «Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъ­ект­ларини ишонч­ли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ­ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар асосида жиноятлар классификацияси ўзгартирилиб, бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилди.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда нафақат суд-ҳуқуқ, балки барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар замирида инсон ва унинг эркинлиги, қонуний манфаатларини таъминлашдек олий мақсад мужассам. Бу эса жамиятимизда ҳар бир шахснинг қонун ­ҳимо­­я­­­­с­ида эканлиги тўғрисидаги конституциявий норманинг амалий тасдиғидир.

 

Лазизжон МАҲМУДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи.



DB query error.
Please try later.