02.02.2016

ПАРТИЯ ТАШКИЛОТЛАРИ ВА ГУРУҲЛАРИ

маҳаллий ОАВ билан ҳамкорликни кучайтирмоқда

ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказди.

Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги гуруҳ раҳбари Раимберган Сабуров журналистларга вилоят партия ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари фаолияти юзасидан муфассал ахборот берди. Шу билан бирга, жорий йилга мўлжалланган режалар ҳақида тўхталди. Жумладан, вилоят, шаҳар ва туман партия кенгашлари ўтган йили «Кекса­ларимизнинг фаровон ҳаёти учун ­масъулмиз», «Ижтимоий ҳимоядан — ижтимоий фаоллик сари» каби лойиҳалар доирасида қилинган ишлар, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича ўтказилган мониторинг натижалари, аввало, электоратимиз манфаатларига хизмат қилишини таъкидлади.

2015 йилда маҳаллий Кенгашлардаги депутатларнинг фаоллиги бир қадар ошди. Доимий комиссия­ларда муҳим масалалар муҳокама қилиниб, уларнинг бир нечтаси маҳаллий Кенгашлар сессияларига киритилиб, қарорлар қабул қилинди. Шу билан бирга, қарорлар ижросини таъминлашга қаратилган ишлар амалга оширилди.

Йил давомида партия кенгашлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига фуқаролардан 400 га яқин мурожаат бўлиб, уларнинг кўпчилиги ижобий ҳал қилинишига эришилди. Депутатлар томонидан 85 депутатлик сўрови масъул ташкилотлар раҳбарларига юборилди ва кўтарилган масалаларга ечим топилишига муваффақ бўлинди. Ўтган йили партия сафларини тўлдирган 1700 нафардан ортиқ янги аъзонинг кўпчилиги ёшлардан ташкил топгани қувонарли ҳол, албатта.

Айни пайтда партиямизнинг шаҳар ва туман кенгашлари ўз иш фаолиятини маҳаллий нашрларда ёритишда сусткашлик қилаётгани ҳам сир эмас. Бу ҳол маҳаллий, даврий ­нашрлар, электрон оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни талаб қилмоқда, де­йилди анжуманда.

— Вилоятимизда 30 га яқин даврий нашрлар чоп қилинмоқда, — деди вилоят матбуот ва ахборот бош­қармаси бошлиғи Дилбаржон ­Бекчонова. Ўтган йилларда айрим туман газеталари ойда бир, икки мартагина чиққан бўлса, бу йил газеталарнинг ҳар ҳафта чоп қилинишига эришдик. Бу эса партиявий мавзудаги чиқишларнинг ошишига ҳам замин яратди. Лекин тан олиш керак, кўпгина маҳаллий нашр­ларда партия мавзусида ёза оладиган журналистлар кам. Шунинг учун партия ташкилотлари, уларнинг матбуот билан ишловчи бўлимлари партия мавзусидаги мақолаларни тайёрлашда ташаббускор бўлиши, ташкилотчилик қилиши талаб этилади.

— Газеталаримизда имкон қадар партия ташкилотлари фаолиятини, депутатлар чиқишларини кенгроқ ёритишга ҳаракат қиляпмиз, — деди ­«Хоразм ҳақиқати» — «Хорезмская правда» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири вазифасини бажарувчи Солияжон ­Раҳимберганова. — Бунда кўпинча ташаббус партия ходими, депутатдан эмас, газета таҳририятидан чиқади. Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши ҳамда вилоят Кенгаши депутатлари фаоллигини алоҳида таъкидлашни истардим. 2015 йили Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши раиси, вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Раимберган ­Сабуров газетамизда 12 марта чиқиш қилди. Партиянинг шаҳар ва туман кенгашлари, маҳаллий Кенгашлардаги кўпсонли депутатлар ҳам ОАВ ходимлари билан узвий ҳамкорлик қилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

— Телевидениеда партиялар томонидан ўтказилаётган тадбирларни кенг ёритяпмиз, — деди Хоразм ­телерадиокомпанияси директори, Журналистлар уюшмаси ­вилоят бўлинмаси раҳбари Ўткир ­Матқурбонов. — Бундан ташқари, қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳиятини одамларга етказиш бўйича депутатлар билан давра суҳбатлари, «Муносабат» рукнида чиқишлар уюштиряпмиз. Аммо тўғрисини айтиш керак, ҳамма депутатлар ҳам тарғибот ишларида фаол эмас.

Яна бир гап. Маҳаллий нашрларда ихтисослашган журналистлар камлиги инобатга олиниб, бу йил уюшмамизда «Маҳорат клуби» ташкил қилинди. Машғулотларда ёш журналистларга турли мавзуларда, жумладан, партия мавзусида ёзиш бўйича маслаҳатлар бериляпти. Партия ­фаолларини шу масалада ҳамкорликка чақирамиз.

Матбуот анжумани қизғин савол-жавоблар билан ўтди. ОАВ вакиллари партия мавзусида мақолалар чоп этиш, депутатлар фаолиятини кенг ёритиш, партия гуруҳлари, доимий комиссиялар кўриб чиқаётган масалаларни оммага етказиш юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.