02.02.2016

МУРОЖААТЛАР ХИЛМА-ХИЛ

мақсад эса битта — уларни ҳал этиш

ЎзХДП минтақавий кенгашлари қошидаги Жа­моатчилик қабулхоналарига ўтган йили 9300 дан зиёд мурожаат бўлган. Бу 2014 йилга нисбатан 1995 тага кўпдир. Шу ўринда савол туғилади: хўш, аҳоли, партия электорат вакиллари кўпроқ қайси масалаларда мурожаат қиляпти? Мурожаатлар асосида қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда? Партия Марказий Кенгаши сектор мудири Дурбек ­Ҳудойқулов билан шулар хусусида суҳбатлашдик.

— Аввало, таъкидлаш керакки, ­Жамоатчилик қабулхоналаридан кўзланган мақсад электорат вакилларини ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш ҳамда ечим топишдан иборат — дея таъкидлади у. — Шу нуқтаи назардан олиб қаралса, ­Жамоатчилик қабулхоналарига бўлаётган мурожаатлар асосан ижтимоий-иқтисодий соҳаларга оид масалаларда эканини кўриш мумкин.

Мисол учун, ўтган йили мурожаатларнинг 1845 таси иш билан таъминлаш масаласида бўлган. 1686 мурожаат коммунал хизматлар кўрсатиш, 1200 таси соғлиқни сақлаш соҳасига тегишли. Бундан ташқари, электоратимиз вакилларининг 1155 нафари моддий ёрдам сў­раб мурожаат қилган. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида банкдан кредит олиш учун 548 нафар киши (уларнинг аксарияти ёшлар) мурожаат қилган.

Тошкент, Фарғона, Бухоро, Наманган, Навоий вилоятларида бандликка оид кўплаб масалаларга ечим топилмоқда. Аммо ҳали қилиниши керак бўлган вазифалар ҳам оз эмас. Мурожаатларнинг индивидуал тарзда ҳал этилиши билан бирга, ­муаммонинг умумий ечимига доир ишларни янада жонлантириш зарур.

Сир эмас, жойларда коллеж битирувчилари билан тузилган шартномалар иш берувчи томонидан бироз муддат ўтгач, бекор қилиниши каби ҳолатлар ҳамон учраб турибди. Бир қанча йигит-қизлар ўз мутахассислигига мос бўлмаган ишга жойлашиши оқибатида вақт ўтиб, янги иш қидиришига тўғри келмоқда. Ушбу ҳолатлар юзасидан депутатлик назоратини янада кучайтириш керак. Шунингдек, бу муаммоларнинг тизимли равишда ҳал этилишида мутасаддилар масъулиятини ошириш муҳим саналади.

Жамоатчилик қабулхонасига тушаётган мурожаатлар орасида коммунал соҳага тегишлилари сон жиҳатдан иккинчи ўринда турибди. Уларнинг кўпчилиги Фарғона, Бухоро, Андижон, Қашқадарё, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларига тўғри келади. Бу борадаги мурожаатлар асосан тармоқдаги узилишлар билан боғлиқ экани аниқланди. Ўз навбатида, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар коммунал хизматлар учун тўловларни вақтида амалга ошириш зарурлигини билдиришди. Шунинг учун одамларга коммунал соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган нормалар кенг тушунтирилмоқда.

Айтиш мумкинки, ҳар бир мурожаат синчковлик билан ўрганиляпти. Уларда кўтарилган масалалар долзарб ва асосли экани маълум бўлмоқда. Демак, партия ташкилотлари ва депутатлар электорат манфаатларига дахлдор бўлган ижтимоий масалаларга эътиборни кучайтириши лозим.

Умуман, мурожаатлар хилма-хил ва турли масалаларни қамраб олган. Баъзи ҳудудларда моддий ёрдам сўраганлар кўпроқ бўлса, бош­қасида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида банкдан кредит олиш масаласидаги муро­жаатлар сони юқори. Таҳлиллар минтақалар бўйлаб ушбу йўналишлардаги ишларнинг мониторингини кучайтириш ва кўламини кенгайтиришни талаб этади.

Мурожаатлар сони кў­паяётгани фаолиятимиз кен­га­йиб бораётгани, одамларнинг партиямизга ишончи ошаётганини ҳам билдиради, деб ўйлайман.

— Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини жонлантириш учун нималарга эътибор қаратиш зарур, деб ўйлайсиз?

— Албатта, бу масалада мунтазам таҳлил ўтказиб бор­япмиз. Рақамларга қа­раб, қайси ҳудудларда Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти самарали йўлга қўйилганини кўриш мумкин. Масалан, ўтган йили жами мурожаатларнинг 77 фоизи ижобий ечим топган. Бу кўрсаткич Жиззах вилоятида 91, Сирдарё вилоятида 90, Қорақалпоғистон Республикасида 90, Самарқанд вилоятида 83, Тошкент вилоятида 81, Хоразм вилоятида 78, ­Наманган вилоятида 81 ва Тошкент шаҳрида 75 фоизни ташкил этмоқда. Мазкур минтақаларда қабулхона фаолияти самарали йўлга қўйилган, дейиш учун асослар етарли.

Зиммасидаги масъулиятга енгил қараётган партия ташкилотлари ҳам йўқ эмас. Жумладан, ўтган йили Мўй­ноқ, Пахтаобод, Улуғнор, Хўжа­обод, Нишон, Томди, Янгибозор, Шовот, Яккасарой туманлари ва «Ёшлик» талабалар шаҳарчаси, Гулис­тон шаҳридаги Жамоатчилик қабулхоналари ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмади.

Бугун одамлар учун амалий ишлар, ташаббуслар муҳим. Демак, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва партия кенгашлари ҳамкор ташкилотлар билан бирга Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатлар, уларда кўтарилган масалаларни ҳал қилиш чораларини кўриши, бу борада берилган ваколатлардан тўлиқ фойдаланиши талаб этилади. Айниқса, депутатлик сўровлари орқали масалалар ечимига кенгроқ йўл очилади, деб ўйлайман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.