02.02.2016

МАМЛАКАТИМИЗ ИҚТИСОДИЁТИНИНГ МУҲИМ ТАЯНЧИ

Таҳририятимиз ходимлари кончилар ҳузурида

Навоий шаҳридаги «Фарҳод» маданият саройида Навоий вилояти ҳокимлиги, Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонаси раҳбарияти ташаббуси билан маданий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда асосий эътибор Президент Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида билдирилган фикр­лар, илгари сурилган вазифаларга қаратилди.

Тадбирда вилоят жамоатчилиги, кон-металлургия комбинати ишчи-ходимлари, Навоий давлат кончилик институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари, ижодкорлар, санъаткорлар, журналистлар, жумладан таҳририятимиз бир гуруҳ ходимлари иштирок этди. Меҳмонлар даст­лаб маданият саройидаги комбинат музейи билан танишди.

— Президентимиз таъбири билан айтганда, Навоий кон-металлургия комбинати мамлакатимиз иқтисодиётининг локомотиви ҳисобланади. Унинг фаолиятини янада яхшилаш мақсадида истиқлол йилларида жуда катта ишлар қилинди, — дейди Бош директор, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов. — Ке­йинги даврда комбинатимиз корхоналарига жаҳон тажрибасида ўхшаши йўқ технологиялар жорий этилди. Корхона олтин ва уран ишлаб чиқариш бўйича жаҳондаги энг етакчи компаниялардан бирига айланди. Давлатимизнинг юксак мукофоти «Дўстлик» орденига сазовор бўлди. Бу муҳандис-техник ходимларимизнинг, ишчиларимизнинг фидокорона меҳнатлари, тинимсиз изланишлари, доимий равишда янгиликка интилишлари натижасидир.

Музей заллари бўйлаб саё­ҳат қилган киши комбинатнинг бутун тарихи билан танишади, унинг бугунги фаолияти, қудрати ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлади.

Саёҳатни биринчи залдан бошлаган музей директори Ольга Сашина эътиборимизни Ўзбекистон харитасида Навоий кон-металлургия комбинатининг саноат соҳасида эгаллаган ўрнига қаратди. Унда олтин, уран, фосфорит қазилмалари регионлари акс этган.

Музейнинг иккинчи залидаги катта экранда комбинат ҳаётини акс эттирувчи ҳужжатли фильмлар намойиш қилинмоқда. Шунингдек, ушбу залда комбинатнинг барпо этилиши фотосуратларда ифодаланган. Экспонатлар ичида Амударё — Зарафшон сув иншоотининг фойдаланишга топширилиши тарихи ҳақида ҳам кенг маълумотлар ўрин олган. Комбинат фаолияти, айниқса, ижтимоий ҳимоя борасида олиб борилаётган ишлар хусусан, ёзги соғ­ломлаштириш муассасаларида, сиҳатгоҳларда, дам олиш масканларида яратилаётган шарт-шароитлар акс этган.

Учинчи залдан эса комбинат бўлинмалари, уларда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар макетлари ўрин олган.

Музейдаги «Мурунтов» кони макети барчанинг эътиборини ўзига тортди. Тоғ массаси ва қазилмалар ҳажми бўйича бу олтин кони дунёдаги энг йирик конлардан биридир. Бу ерда ўзига хос тажриба тўпланган. 600 метрдан ортиқ чуқурликдан маъданлар илгаригидек машиналарда эмас, балки махсус замонавий транспортёр ленталарда юқорига олиб чиқилади. Мутахассисларнинг айтишича, бундай услуб дунё кончилик тажрибасида ягона ҳисобланади.

...Маданият саройининг катта зали кончилар, ёшлар, олимлар билан тўла.

«Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Сафар Остонов Президент Ислом Каримовнинг Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаси мазмун-моҳияти, унда илгари сурилган вазифаларга тўхталди. 2015 йилда эришилган ютуқлар хал­қимиз ҳаётини янада фаровонлаштиришга, юртимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга хизмат қилишини таъкидлади. Шуни­нг­­дек, у мамлакатимиздаги юксалишларда Навоий вилояти, хусусан, кон-металлургия комбинати давлат корхонасининг муносиб ўрни борлигини алоҳида эътироф этди.

Дарҳақиқат, Навоий кон-металлургия комбинатида бугунги кунда 60 минг нафарга яқин киши меҳнат қилади. У республикамиздаги энг кўп иш ўрнига эга бўлган, ижтимоий ҳимоя борасида ибратли ишларни амалга ошириб келаётган корхонадир.

— Навоий — улуғ инсон, буюк шоир номи билан аталувчи дунёдаги ягона вилоят, — деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Саъдулла Ҳаким. — Президентимиз иқтисодиёт ва маънавиятни тараққиётнинг икки қаноти, деб бежиз айтмаган. Кон-металлургия комбинати фаолияти билан танишиб чиққан киши, бу сўзлар қанчалик ҳақиқатлигига яна бир бор иқрор бўлади.

Шундан сўнг шоир ўз шеър­ларидан намуналар ўқиб берди. Ишчи-хизматчилар, талаба-ёшлар ҳам мушоирага қўшилди.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Холхўжаевнинг қўшиқлари, корхона қошидаги бадиий жамоалар чиқиши тадбирга ҳақиқий байрамона тус берди.

Навоий вилоят Маънавият тарғибот маркази раҳбари Улуғбек Сафаров, Навоий кон-металлургия комбинати касаба уюшма қўмитаси
раиси Исроил Раҳматов
ўз сўзларида Президентимизнинг Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек, 2016 йил барча соҳаларда юксалиш йили бўлишига йиғилганлар эътиборини қаратишди.

Тадбирдан сўнг унинг иштирокчилари фикрлари билан қизиқдик.

— Бизда маънавий-маърифий тадбирлар тез-тез ўтказилиб турилади, — деди мазкур маданият муассасаси директори Николай Сысоев. — Уларни ташкил этишда саро­йимизда фаолият кўрсатаётган 90 га яқин мураббий, балетмейс­тер, педагог бирдек ҳаракат қилишади. Вилоятимиздаги 1500 дан ортиқ бадиий жамоалар фаолияти саройимиз билан чамбарчас боғлиқ. Улар санъатнинг ашула, рақс, миллий ҳунармандчилик каби ўнлаб турлари билан шуғулланишади. Яна бир эътиборли жиҳати, айнан шу бадиий жамоалар ўз санъатларини Россия, Германия, Польша, Болгария, Жанубий Корея, Хитой, Франция каби мамлакатларда ҳам намойиш қилишган.

— Бугунгидек учрашувлар кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар орасида кўпроқ ташкил этилиши лозим, — деди «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси Жалил Норов. — Ёшлар тез қабул қилади, эргашади, ибрат олади. Фақат уларнинг қалбига йўл топа билиш керак. Фарзандларини эшитиш, тинглаш кўникмасини ота-оналар, аввало, ўзларида шакллантиришлари зарур.

Саодат Бозорова, Навоий давлат кончилик институти энерго-механика факультети декани:

— Учрашувда талабаларимиз фаол ва дадил иштирок этишди. Улар бераётган саволларга эътибор қаратинг,
Президентимиз маърузасида ёш­лар ҳақида билдирилган фикрларни чуқур ўрганишгани, тегишли хулосалар чиқариб олишгани кўриниб турибди.

Аброр Азизхонов, талаба:

— 2016 йилда мамлакатимизда катта ўзгариш ва янгиликлар бўлиши ҳар биримизни қувонтирди. Бугунги учрашувда биз, ёшлар ўз зиммамиздаги вазифаларни ҳам чуқурроқ англадик. Менинг назаримда мамлакатимиз ёшлари Ватан менга нима берди, деб эмас, балки мен Ватанга нима бердим, деб яшаши керак...

Тадбир жараёнидаги савол-жавоблар, иштирокчилар сўз­ларидан кўриниб турибдики, мамлакатимиз тараққиёти, хал­қимиз фаровонлиги билан боғлиқ масалаларга ёшларнинг дахлдорлик туйғуси тобора ошиб бормоқда.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.