30.01.2016

УЛУҒ НИЯТ УЛКАН МАРРАЛАР САРИ ЕТАКЛАЙДИ

Ёки жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози даврида ялпи ички маҳсулот ҳажми ўсишининг асосий омиллари ҳақида

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида ўтган йили ялпи ички маҳсулот 8 фоизга ўсгани таъкидланди. 2030 йилгача эса мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробарга ошириш ҳақидаги фикр ўртага ташланди...

Маълумки, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) деганда, муайян давр (чорак, йил) давомида муайян мамлакатда жами ишлаб чиқарилган маҳсулот ва кўрсатилган хизматлар қийматининг йиғиндиси тушунилади.

Оддий сўзлар билан айтганда, ЯИМ ҳажмининг ортиши янги маҳсулот турлари яратилиши, ишлаб чиқариш кўламининг кенгайиши, ишлаб чиқариш қувватлари самарадорлигини ошириш, замонавий ихтисосликлар ва қўшимча иш ўринлари ташкил этилиши, янгидан-янги хизмат турлари пайдо бўлиши ҳисобига шакл­ланади. Натижада аҳоли реал даромадлари кўпаяди, турмуш даражаси юксалади, мамлакат иқтисодий қудрати мустаҳкамланади.

Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг бугунги ўсишига осонликча эришилгани йўқ, албатта. Кўпчиликнинг ёдида, истиқлолга эришиш арафасида бир томонлама ривожланган, асосан хомашё етказиб беришга йўналтирилган республика иқтисодиёти ўта аянчли аҳволга тушиб қолган эди. Бунинг устига мамлакатда аҳоли ва ишлаб чиқариш корхоналари учун зарур бўлган маҳсулотга эҳтиёжлар етарли даражада қондирилмаганлиги натижасида жами талаб ва таклифларнинг ўзаро мутаносиблиги издан чиққан эди. Олдимизда эса бутун хўжалик юритиш тизимини тубдан янгилаш, бозор муносабатлари ҳукмрон бўлган жаҳон ҳамжамиятига юз тутишдек оғир вазифа турар эди.

Юртимиз имкониятлари, халқимизнинг ўзига хос турмуш тарзини ҳисобга олиб, узоқни кўзлаб, эртанги кунга ишонч билан қараб, бозор муносабатларига ўтишнинг аниқ йўли танлаб олинди. Беш тамойилдан иборат «Ўзбек модели» кўп синовларга бардош бериб, ҳаётий дастур эканини исботлади. Ниҳоят, миллий иқтисодиётимизда ЯИМ ҳажмининг йилдан-йилга бар­қарор ўсиши кузатилди. 1997 йилга келиб, 1996 йилга нисбатан унинг ўсиши 5,2 фоизни ташкил этди.

Ўтган йигирма тўрт йил мобайнида ЯИМ ҳажмининг ўсиш динамикасини таҳлил этарканмиз, макроиқтисодий ўсишнинг таъминланиши ва қўлга киритилган ижобий кўрсаткичлар тасодифий эмас, балки тадрижий тусга эга бўлиб, унга мустаҳкам замин яратилганига гувоҳ бўламиз.

ЯИМ ҳажмининг ортиши натижавий хусусиятга эга. Яъни иқтисодиётда, аввало, молиявий тармоқнинг, хусусан, пул айланмаси ва унинг қиймати бар­қарорлиги, иқтисодий тузилмаларнинг ўзаро мувофиқлиги, ижтимоий соҳадаги мақсадли йўналишнинг таъминлангани ҳамда ташқи ресурс­ларнинг ўз вақтида, самарали ўзлаштирилгани мазкур кўрсаткич ҳажми ортишига асос бўлади. Шу билан бирга, ЯИМнинг барқарор ўсиши мамлакатдаги иқтисодий муносабатларнинг ўзаро мувофиқлигини ҳамда уларнинг тараққиётини анг­латади.

Шунинг учун ҳам ҳар гал Давлатимиз раҳбари томонидан ­Вазирлар Маҳкамасининг йил якунларига бағишланган йиғилишида мамлакатимиз тарақ­қиётига макроиқтисодий вазият жиҳатидан баҳо берилганда, иқтисодий ўсишнинг асосий омилларига жиддий эътибор қаратилади. Макроиқтисодий кўрсаткичлар ва у билан боғлиқ рақамларга алоҳида урғу берилади.

Мамлакатда иқтисодий ўсишни таъминлаш борасидаги қи­йинчиликлар ва ютуқлар ҳақида гапирганда, биз учун жаҳон бозорида ноқулай нарх конъюктураси вужудга келган даврлар ҳақида ҳам тўхталиш лозим бўлади. Мисол учун, биргина 2001 йили халқаро бозорда 1 миллиард АҚШ долларидан кўп миқдорда йўқотиш бўлишига қарамасдан, йил якунига кўра, ташқи савдо айланмаси 3,1 фоизга ўсди, олтин-вал­юта захираси аввалги даражада сақлаб қолинди, шунинг­дек ташқи савдо операцияларида ижобий сальдога эришилди.

Сўнгги йилларда иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида пеш­қадамлардан бирига айланди. 2004 йили Ҳам­дўстлик мамлакатлари статистик қўмитаси маълумотларига кўра, ЯИМ кўрсаткичлари бўйича Ўз­бекис­тон илғор давлатларнинг ўр­тача ўсиш суръатларига яқинлашди.

Бу, аввало, изчил ва оқилона ички ва ташқи сиёсат натижаси, аниқ мақсадли саъй-ҳаракатлар меваси, албатта. Бу давр­да мамлакат иқтисодиётининг реал тармоқларига йўналтирилган инвестициялар ҳажми ҳам йил сайин ошиб борди. Тўғридан-тўғри хорижий сар­моялар фаол жалб этилди, айниқса, нефть, газ ва тўқимачилик саноатида уларнинг улуши янада салмоқли бўлди. Натижада 2004 йили ЯИМ 7,4 фоизга ўсди. Шунингдек, қатъий пул-кредит сиё­сати натижасида ­инфляция даражаси энг паст — 3,7 фоиз бўлишига эришилди.

Бундан ташқари, ишлаб чиқаришни барқарор ривожлантириш учун солиқ юки камайтирилди. Солиқ тизимини соддалаштириш, тўловларни камайтириш, айниқса, сўнгги йилларда ягона солиқ тўлови фоизининг узлуксиз пасайтирилиб борилиши тадбиркорлик фаолиятининг янада ривожланишида муҳим туртки бўлди.

2007 йили барқарор иқтисодий ўсиш (9,5 фоизга) таъминланиши, аввало, иқтисо­диётни модернизациялаш ва диверсификациялаш, банк тизимидаги барқарорлик, уй-жой-коммунал хўжалигидаги таркибий ислоҳотлар туфайлидир. Қолаверса, йирик саноат, ­коммуникация, инфратузилма объектларининг барпо этилиши, миллий транспорт коммуникациялари ягона тизимининг такомиллаштирилиши бунга мус­таҳкам замин яратди.

Сўнгги йиллар давомида бундай эзгу ишлар муттасил амалга оширилди. Мана шундай собит­қадам сиёсат туфайлигина дунёда молиявий-иқтисодий инқироз ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда нафақат миллий иқтисодиётда ЯИМ ҳажмининг пасайишига йўл қўйилмади, балки ўртача 8 фоиздан юқори бўлган бар­қарор иқтисодий ўсиш суръати таъминланди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирги ўта мураккаб шароитда макроиқтисодий жиҳатдан мунтазам ижобий натижага эришиш ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Унинг замирида элим-юртим ҳеч кимдан кам бўлмасин, деган узоқни кўзлаган оқилона сиёсат ва сизу бизнинг, фарзанд­лари­мизнинг ҳаёти ҳақида чин дилдан қай­ғуриш ётибди.

Шундай экан, бу эзгу ҳаракат ҳар биримиз учун нечоғли қимматли эканини англашимиз зарур. Президентимиз таъкидлаганидек, рақамлар ўз йўлига, лекин уларнинг ортида минг­лаб, юз минглаб, миллионлаб юртдошларимизнинг турмуш тарзи, эртанги куни, тақдирига боғлиқ заҳматлар ва иқтисодий асослар ётибди.

2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналиши сифатида мамлакатни демократлаштириш ва модернизация қилиш борасида бошланган тизимли ислоҳотларни, иқтисодиётда, авваламбор, саноат ва қишлоқ хўжалигида туб таркибий ўзгаришларни сўзсиз давом эттириш, хусусий мулк, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш ва бу соҳа вакиллари манфаатларини ҳимоя қилиш, макроиқтисодий мутаносибликни таъминлашга қаратилди.

Жаҳонда давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз натижасида хорижий ҳамкорларнинг харид қуввати ва айрим товарларга дунё нархларининг пасайишига қарамасдан, жорий йилда ЯИМнинг ўсиш суръатларини 7,8 фоизга таъминлаш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 8,2 фоиз, қишлоқ хўжалигида 6,1 фоизга ошириш, чакана савдо айланмасини 14 фоиз, хизматлар кўрсатиш ҳажмини 17,4 фоизга кўпай­тириш вазифаси қўйилди. ­Ин­фляция даражасини 5,5-6,5 фоиз доирасида сақлаб қолиш, аҳолининг реал даромадларини 9,5 фоизга, ўртача иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларни солиқ имтиёзларини инобатга олган ҳолда 15 фоизга ошириш кўзда тутилган.

Бу режалар пухта ўйлаб, ҳисоб-китоб қилиниб тузилган. Уларнинг ишончли асоси бор. 2016 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши долзарб масала бўлиб, бунда умумий қиймати 5 миллиард доллардан зиёд бўлган 164 йирик инвестиция лойиҳаси ишга туширилади. Жумладан, Тошкент — Самарқанд — Бухоро тезюрар темирйўл қатновини йўлга қўйиш бўйича ишлар якунига етказилади, Толлимаржон иссиқлик электр станциясида ҳар бири 450 мегаватт қувватга эга бўлган иккита буғ-газ турбинаси қурилиши тугалланади, «Женерал моторс — Ўзбекистон» акциядорлик жамиятида янги «Авео» (Т-250) енгил автомобили ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 

Энди бевосита 2030 йилда мамлакат ЯИМ ҳажмининг икки баробар ўсиши билан боғлиқ омилларга эътиборимизни қаратайлик. Давлатимиз раҳбари бу борада аниқ вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан узлуксиз янгилаб бориш, доимий равишда ички имконият ва захираларни излаб топиш, иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилишни изчил давом эттириш, жаҳон бозорида харидоргир маҳсулотларни ишлаб чиқариш керак бўлади. 

Маърузада таъкидланганидек, юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш натижасида 2030 йилда, янги турдаги товарлар тайёрлашни ўзлаштириш асосида нефть-газ-кимё соҳасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 3,2 баробар, рангли металл маҳсулотлари 2,2 марта, қора металл­дан тайёрланадиган буюмлар 2,3 карра, кимё саноати маҳсулотлари, жумладан, минерал ўғитлар 3,2 баробар кўпайиши мумкин. 

Бундан ташқари, замонавий технологиялар асосида пахта толасини ва мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, ташқи ва ички бозорда талаб юқори бўлган тайёр, экологик тоза тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2030 йилда 5,6 марта, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмини эса 5,7 карра ошириш имконини беради.

Мана шундай мутлақо янги дастурий комплекс ёндашувлар, туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ЯИМда саноат улушини 40 фоизга етказиш, қишлоқ хўжалиги улушини эса 8-10 фоизга камайтириш, энергияни тежайдиган замонавий технологияларни кенг жорий этиш эвазига ЯИМ учун сарфланадиган энергия ҳажмини тахминан 2 баробар қисқартиришга эришилади.

Дарҳақиқат, биз ўз олдимизга ҳар қандай улуғвор мақсадларни қўйишда муайян ҳисоб-китобларга таяниб иш кўрамиз. Бу гал ҳам худди шундай, яъни мамлакатимиз ЯИМнинг 2016-2030 йилларда 2 баробар кўпайишига эришиш учун мажлисда қайд этилганидек, ўртача йиллик ўсиш суръатлари 4,8 фоиз даражасида бўлишини таъминлаш зарур экан. Агар кейинги 11 йилда ушбу кўрсаткич 8 фоиздан юқори бўлиб келгани инобатга олинса, бу вазифани амалга ошириш учун мустаҳкам асос борлиги яққол аён бўлади.

2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишларидан кўриниб турибдики, жорий йилда ютуқларимиз янада юксалади, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиёти янги босқичга кўтарилади.

 

Обиддин МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.