24 ёшда
Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар ҳамда Сергели туман кенгаши томонидан Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси билан ҳамкорликда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ташкил этилганлигининг 24 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Миллий авиакомпаниямизнинг ташкил этилганидан шу вақтга қадар амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг юксак самаралари ҳақида тўхталиб ўтишди.
— Хавфсизлик, барқарорлик ва қулайлик авиакомпания фаолиятининг бош мезонидир, — дейди «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК бош директорининг биринчи ўринбосари Владимир Ким. — Шу йиллар мобайнида авиакомпания жаҳон авиабозоридаги кескин рақобат шароитида йўловчиларга хавфсиз ва қулай хизмат кўрсатадиган барқарор, жадал ривожланиб бораётган авиаташувчи эканини исботлади. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда замонавий моддий-техник база ва юқори малакали кадрларга эга қудратли, халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган фуқаро авиацияси яратилди.
Тадбирда Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Ҳайдар Бобохонов «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ходимларини Миллий авиакомпания ташкил топганлигининг 24 йиллиги билан табриклаб, бир қатор фахрийларга эсдалик совғалари топширди.
Наврўз ШОДМОНҚУЛОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.