28.01.2016

БИРИНЧИ ЎҚИШДА

ЎзХДП фракцияси долзарб қонун лойиҳаларини қўллаб-қувватлади

21 январь куни парламент қуйи палатасининг мажлисида депутатлар бир қатор долзарб масалалар билан боғлиқ қонун лойиҳаларини кўриб чиқишди.

Айтиш керакки, мазкур қонун лойиҳалари аввалроқ сиёсий партиялар фракциялари, хусусан, ЎзХДП фрак­ция­си йиғилишида ҳам муҳокама этилди.

Депутатлар чет эл фуқароси бўлган болани фарзандликка олиш ва уни бекор қилиш тартиб-қоидалари бўйича айрим қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга алоҳида эътибор қаратишди.

Турсунпўлат НОРБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Гап шундаки, халқаро ҳужжатлар, хусусан, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция чет эл фуқароси бўлган болани, у яшаб турган давлат қонунчилигига асосан, чет элда фарзандликка олиш имкониятини беради. Мамлакатимиз қонунчилигида эса чет эл фуқароси бўлган болани фар­занд­ликка олиш тартиби акс этмаган.

Ривожланган давлатлар қонунчилиги ва амалиётининг таҳлили чет эл фуқароси бўл­ган болани фарзандликка олиш анча мураккаб ва нозик масала эканини кўрсатмоқда. Шунинг учун бошқа давлат фуқароси бўлган ёки ўзга давлат ҳудудида доимий яшаш жойига эга фуқаролиги бўлмаган болани фарзандликка олиш билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олиш мақсадида мамлакатимизнинг бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қў­шим­чалар киритилиши мўл­жалланмоқда.

Аксавли ТУМИШОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Оила кодексига киритилаётган янги моддага асосан бошқа давлат фуқароси бўлган ёки ўзга давлат ҳудудида доимий яшаш жойига эга фуқаролиги бўлмаган фақат етим болаларни (фарзандликка олувчи боланинг қариндоши бўлган ҳолларда) фарзандликка олишга йўл қўйилиши белгиланмоқда. Шунингдек, ўрнатилаётган тартибга кўра, агар фарзанд­ликка олувчи икки йил давомида Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи болани миллати, ирқи, этник мансублиги ёки ёшига оид белгилар сабабли фарзандликка ололмаган бўлса ва бу Халқ таълими вазирлигининг тегишли маълумотномаси билан тасдиқланса, бошқа давлат фуқароси бўлган болани фар­занд­ликка олишга йўл қўйилиши кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставига тегишли ўзгартиш киритиляпти. Унга асосан, Консул қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекис­тон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларига фарзандликка олиш рухсатномасини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эгалиги белгиланмоқда.

Шунингдек, фарзандликка олиш бекор қилинганда боланинг хорижий давлатга қайтарилиши ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тугалланиши, болани қабул қилиш рад этилган тақдирда эса уни фарзандликка олувчи ҳисобидан вояга етгунига қадар таъминлаш мажбурияти ўрнатилмоқда.

Бошқа давлат фуқароси бўлган ёки ўзга давлат ҳудудида доимий яшаш жойига эга фуқаролиги бўлмаган болани фарзандликка олиш, қолаверса, уни бекор қилиш тартиб-қоидаларини жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ко­декс­ларига, шунингдек, «Ўз­бекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида», «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунларга ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиляпти.

 Йиғилишда, шунингдек, фракция аъзолари тезкор-қидирув фаолияти билан боғлиқ қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқишди. Мазкур қонун лойиҳаси «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги Қо­нуннинг айрим нормаларини Жиноят-процессуал кодекси нормаларига мослаштириш ва уларнинг бир хил қўлланилишини таъминлашга қаратилган.

Фракция аъзоси Шуҳрат Мамажоновнинг айтишича, қонун лойиҳасида тезкор-қидирув тадбирлари тушунчаларини аниқлаштириш, соҳада ўтказиладиган тадбирларда қонунчилик тўғри қўлланилиши билан боғлиқ чоралар кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, халқаро ҳуқуқ талабларини миллий қонунчилигимизга мослаштириш масаласи ҳам эътиборга олинмоқда.

Ўзбекистон ХДП фракция­си кун тартибидаги қонун ло­йиҳаларини электорат ман­фаатлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб атрофлича муҳокама қилгач, концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.