28.01.2016

КЎРКАМ ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯ ДАРГОҲЛАРИ

Мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидан бирида — Сари­осиё туманида 150 минг нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Уларнинг 60 фоизга яқинини ёшлар ташкил қилади. Мус­тақиллик йилларида бу ҳудудда ўндан ортиқ касб-ҳунар коллежлари, кўплаб соғломлаштириш мажмуа­лари фойдаланишга топширилди. Замонавий мусиқа ва санъат мактабида иқтидорли болалар тарбияланмоқда.

Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимидан олинган маълумотларга қараганда, нисбатан қисқа давр мобайнида 27 мактаб реконструкция қилинган, 35 зиё маскани капитал, 14 таси эса жорий таъмирланган. Туман марказидан 70-80 километр олисда жойлашган 42-умумтаълим мактабининг 100 ўринли ва 18-умумтаълим мактабининг 120 ўринга мўлжалланган филиаллари ўтган ўқув йилида ёшларни ўз бағрига олди.

Бўлим тасарруфидаги мактабгача таълим муассасаларининг ҳам асосий қисми қишлоқ жойларида бўлиб, уларда 1800 нафардан ортиқ кичкинтой тарбияланмоқда

— Масканимиз туман марказидан 15 километр олисда жойлашган, — дейди 19-мактабгача таълим муассасаси мудири Муаззам Аҳмедова. — Бешта гуруҳда 90 нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда. Уларга малакали устозлар инг­лиз тилидан пухта сабоқ беряпти. Бадиий гимнастика, пазандачилик, ҳунармандчилик тўгаракларимиз бор. Болалар ўйин майдончаси тегишли мосламалар билан жиҳозланган.

— Ўтган йили муассасамиз таъмирланиб, қулай ва шинам масканга айланди, — дейди 15-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Матлуба Ёдгорова. — Махсус лаборатория ва маънавият хонамиз бор. Ажойиб кутубхона ташкил қилинган. Ноанъанавий дарс ва турли мавзуларда давра суҳбатлари ўтказишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Соғ­лом она ва бола йили муносабати билан ота-оналар иштирокида қатор тадбирлар ўтказишни режалаштирганмиз.

Бир сўз билан айтганда, бугунги мактабгача таълим муассасаси кечаги «болалар боғчаси» эмас. Ушбу масканда ўз номига муносиб имкониятлар яратилган, шунга яраша ишлар олиб борилмоқда.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.