28.01.2016

ГРИПП: ХАВОТИРГА ЎРИН ЙЎҚ

Шу кунларда Европанинг жанубий минтақалари, Россия Федерацияси, Украина ва бошқа қа­тор давлатларда грипп-нинг A(H1N1) штам­ми кенг тарқалмоқда. Мамлакатимиз аҳо­лиси орасида ҳам мавсумий грипп билан касалланиш ҳоллари учраб турибди. Бундай беморларга тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликнинг аҳоли орасида тарқалиб кетишининг олдини олиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

ЎзА мухбири Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Бош давлат санитария врачи Саидмурод САИДАЛИЕВ билан шу ҳақда суҳбатлашди.

— Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида халқи­миз саломатлигини асраш, санитария-эпидемиологик ҳолат барқарорлигини сақлаш, юқумли касалликлар тар­қалишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда эпидемиологик вазият осо­йишталиги таъминланмоқда. Дунёнинг қатор мамлакатларида грипп ва ўткир респиратор инфекциялар бўйича юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, бу йўналишдаги ишлар янада кучайтирилаётир.

Мамлакатимизда юқумли касалликлар бўйича доимий эпидемиологик мониторинг ҳамда лаборатория назорат ишлари йўлга қўйилган. Республика грипп миллий маркази ташкил этилгани бу соҳадаги ишларни ривожлантиришга хизмат қилаётир. Мазкур марказ ва унинг жойлардаги таянч пунктлари грипп ва ўткир респиратор инфекцияли касалликларнинг деярли барча турларини аниқлайдиган энг замонавий лаборатория таҳлил ускуналари билан жиҳозланган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан барча даволаш-профилактика муассасаларида мавсумий грипп ва бошқа касалликларнинг олдини олиш, бу йўналишда диагностика-даволаш ишларини ўз вақтида амалга оширишга жиддий тайёргарлик кўрилди. Бундай беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилди. Дори-дармон захиралари шакллантирилиб, шифохоналарда дезинфекция тадбирларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тиббиёт ходимлари, хусусан, бирламчи тиббий-профилактика муассасалари врачлари ва ўрта тиббиёт ходимлари иштирокида грипп, ўткир респиратор инфекцияли касалликлар профилактикаси, диагностикаси ва даволашнинг замонавий усуллари бўйича ўқув-услубий семинарлар ўтказилди. Дорихоналарда мавсумий гриппни даволашда ишлатиладиган ва ҳимояланишда фойдаланиладиган дори-дармонлар, юзга тақиладиган ниқоблар, тиббий-дезинфекция воситалари стенди ташкил этилди.

Эмлаш ҳар қандай юқумли касалликка қарши курашнинг энг самарали усулидир. Бу борадаги тизимли ишлар натижасида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, кексалар, тиббиёт ходимлари бюджет маблағлари ҳисобидан гриппга қарши эмланди. Аҳоли ўртасида эмлашнинг мавсумий гриппнинг олдини олишдаги аҳамияти кенг тарғиб этилмоқда.

— Грипп ва ўткир респиратор инфекцияли касалликларнинг юқиш йўллари, улардан ҳимояланиш усуллари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

— Грипп ва ўткир респиратор инфекцияли хасталиклар об-ҳавонинг ўзгариши билан қўзғалиш ва тез тарқалиш хусусиятига эга. Бу вируслар асосан ҳаво орқали юқади. Грипп сурункали касаллиги бор беморлар, болалар, кексалар, ҳомиладор аёлларда оғирроқ кечиши мумкин. Шу боис касаллик ўз вақтида аниқланиб даволанса, асоратларининг олди олинади.

Шу жиҳатлар эътиборга олиниб мактабгача таълим, умумтаълим, тиббиёт муассасаларида профилактика ишлари кучайтирилмоқда. Таълим масканларида врач ва ҳамширалар томонидан эрталабки тиббий таҳлилларни ташкил этиш ва режа асосида ўтказиш, грипп аломатлари аниқланганларга шу ернинг ўзида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари йўлга қўйилган.

Ҳозирги кунда мутахассислар касалликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг энг мақбул усуллари ҳақида тавсия­лар ишлаб чиқиб, кенг тарғиб этмоқда. Энг самарали усуллардан бири юзга ниқоб тақиб юришдир. Чунки грипп вируси инсондан инсонга асосан ҳаво орқали юқади. Ниқоб тақишнинг ҳам ўз қоидаси бор. Уларни кунига уч-тўрт марта янгиси билан алмаштириб туриш зарур.

Хасталик маиший йўл билан юқишининг олдини олишда санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш ниҳоятда муҳим. Даволаш-профилактика муассасалари, мактабгача тарбия ва умумтаълим мактаблари, ишхоналарда кунига икки марта дезинфекция ва кимёвий ювиш маҳсулотлари воситасида тозалик ишларини амалга ошириш, хоналарни доимий шамоллатиб туриш мақсадга мувофиқдир.

Гриппга қарши курашда ҳар бир инсон касалликнинг дастлабки белгиларини яхши билиши керак. Грипп юққанда одамда бош ва мушаклар оғриғи, иштаҳа йўқолиши, ҳолсизлик, тумов, йўтал, ҳароратнинг кўтарилиши, ич кетиши кузатилади. Бундай ҳолларда зудлик билан оилавий поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктига қўнғироқ қилиб, шифокорни уйга чақириш тавсия этилади. Бугунги кунда барча бирламчи тиббиёт масканларида умумий амалиёт врачлари ва оила шифокорлари бундай беморга бирламчи ёрдам кўрсатиш борасида етарли билимга эга. Клиникалар ва даволаш муассасалари юқумли касалликлар билан хасталанган беморларни даволаш учун зарур дори-дармонлар билан таъминланган.

— Гриппга чалинган кўпчилик беморлар уй шароитида ўз билганича даволанишни маъқул кўради. Бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Грипп вирусли касаллик бўлгани учун антибиотиклар ичиш самара бермайди. Айниқса, болаларга аспирин ичириш асло мумкин эмас. Дориларни бу тартибда нотўғри қўллаш, ошқозон-ичак, асаб, ҳазм тизими билан боғлиқ касалликларга сабаб бўлиши, аллергик хасталикларни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун грипп билан хасталанган бемор албатта шифокор кўригидан ўтиши, унинг тавсияси асосида даволаниши керак. Шу жиҳатлар эътиборга олиниб бирламчи тиббий-санитария муассасалари шифокорларига ҳарорати баланд беморлар ҳақида маълумот келиб тушса, уларга уй шароитида тез ва самарали тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тавсиялар берилди.

Ўткир респиратор инфекция­ли касалликларда ҳам уй шароитида врач келгунига қадар малинали, лимонли, асалли чой, қайнатилган сут, наъматак дамламасини тез-тез ичиб туриш фойдали. Ҳозирги кунда шифокорлар бундай тавсияларни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш мақсадида маҳаллалар, таълим масканларида тез-тез учрашувлар ташкил этмоқда.

Бундан ташқари, эмлаш тадбирларини ўтказиш, тозаликка риоя этиш, хонадонларда дезинфекция ишларини йўлга қўйиш, хоналарни шамоллатиш касалликнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Шахсий гигиена қоидаларини доимо ёдда тутиш, айниқса, болаларни овқатланишдан олдин қўлларини совунлаб ювишга одатлантириш лозим. Иқлимга мос кийиниш, овқатланиш меъёри ва қоидаларига тўла риоя этиш саломатликнинг муҳим омилидир.

 

ЎзА мухбири

Баҳор ХИДИРОВА

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.