26.01.2016

ЎЗБЕК ЁШЛАРИ ЯПОН ОЛИМЛАРИ БИЛАН

илмий соҳада ҳамкорлик қилишади

Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетида ўтказилган семинарда Ўзбекистон-Япония ёшларининг инновация марказини ташкил этиш, ёш олимлар томонидан яратилаётган ихтиролар ҳамда илғор инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этиш, ҳақида сўз борди. Унда Япониянинг Нагоя, Цукуба университетлари олимлари, ТошДТУ профессор-ўқитувчилари ва ёш олимлари иштирок этди.

Семинар доирасида ёш олимлар лойиҳаларининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, тақдимотлар инглиз тилида ташкил этилди. Анжуман иштирокчилари, Япония делегацияси аъзолари университет факультетлари, кафедра ҳамда лабораторияларида бўлиб, бажарилаётган илмий тадқиқот ишлари билан яқиндан танишди, иқтидорли талабалар, магистр ва ёш олимлар билан мулоқотда бўлдилар. Меҳмонларда «Ёш ихтирочилар» мактаби аъзоларининг инновацион ғоялари катта қизиқиш уйғотди. Улар илмий лабораторияларда олиб борилаётган иш жараёнларини бевосита кузатиш имкониятига ҳам эга бўлишди.

Бугунги кунда Тошкент давлат техника университети базасида Ўзбекистон — Япония ёшларининг инновация марказини ташкил этиш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур марказда ёш олимлар илмий тадқиқот ишлари олиб боришлари учун халқаро андозаларга мос илмий лабораториялар ва барча шароитлар яратилади. Жумладан, улар Япония олий ўқув юртлари фаолияти билан яқиндан танишиш имконига ҳам эга бўлади.

Марказда дастлаб университетнинг юз нафардан зиёд ёш олими илмий-тадқиқот олиб бориши режалаштирилмоқда. Шунингдек, хорижий олий ўқув юртларининг магистрлик ва докторлик дипломига эга бўлган ўзбекистонлик мутахассисларни марказ фаолиятига кенг жалб этиш, иқтидорли ёшларни Япония университетларига илмий ама­лиётга юбориш ҳам кўзда тутилмоқда.

Республика иқтисодиётининг энг зарур соҳалари бўлган «Материалшунослик ва нанотехнология», «Машинасозлик ва металлургия», «Кимё технологияси ва биотехнология», «Энергетика, ноанъанавий энергия манбалари электроникаси», «Атроф-муҳит муҳофазаси, сувни тозалаш технологияси» каби мавзулар марказ фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Январь ойининг бошида ТошДТУда Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Фумихико Като, «JICA» Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги раҳбари Масао Шикано, Нагоя университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ижрочи директори иштирокида Ўзбекистон — Япония ёшларининг инновация марказини ташкил этишга бағишланган учрашув ўтказилганди. Унда ТошДТУ профессор-ўқитувчилари ва ёш олимлари марказ ва унинг лабораториясида амалга ошириладиган лойиҳалар юзасидан маъруза қилди. Учрашув сўнггида элчи Фумихико Като ёш олимлар томонидан ўтказилган лойиҳалар тақдимотига юқори баҳо берди.

— Япон олимлари университетимиз ҳаёти билан яқиндан танишди, — дейди Тошкент давлат техника университети доценти, техника фанлари доктори Хуршидбек Маҳмудов. — Улар Ўзбекистондаги ёш олимларнинг изланишларига юқори баҳо беришди ва ҳамкорлик қилиш учун ўз розиликларини билдиришди. Мен ўз докторлик ишимни Япониянинг Кюшу Император университетида ҳимоя қилдим ва келажакда Японияда олган билимимни ТошДТУда таълим олаётган талабаларга бераман ва ўз тажрибамдан келиб чиқиб, марказнинг ривожланишига хиссамни қўшмоқчиман.

— Япония техника соҳасида дунёдаги етакчи мамлакат ҳисобланиши ҳеч кимга сир эмас, — дейди Тошкент давлат техника университети профессори Муҳаммадкабир Баҳодирхонов. — Шу боис уларнинг университетимизда олиб борилаётган ишларга берган баҳосидан мамнунмиз.

Япония университетлари делегациясининг юртимизга ташрифи икки мамлакат олимларининг ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.

 

Шаҳбоз САИДОВ



DB query error.
Please try later.