26.01.2016

ҲОКИМЛАРНИНГ ҲИСОБОТИ ТИНГЛАНМОҚДА

Шу кунларда респуб­ликамизнинг барча вилоят­ларида 2015 йил якунлари ва 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш­нинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилишлари ўтказилмоқда. Мазкур йиғилишларда ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилиняпти. Президентимизнинг мамла­катимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналиш­ларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, жорий йилдаги устувор вазифалар белгилаб олиняпти.

Шу ўринда маълумот учун айтиб ўтиш керакки, 2015 йил июнь ойида тегишли Қонун билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунга 251 модда киритилган. Унда ҳокимнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини халқ депутатлари Кенгаши томонидан эшитиш тартиби белгиланган. Мазкур йиғилишларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси гуруҳлари аъзолари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Саида ЖЎРАЕВА, Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Фаоллар йиғилишида 2015 йилда вилоят иқтисодиётини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Ижро ҳокимияти фаолияти танқидий кўриб чиқилди.

Мисол учун, ҳудудларни ижти­моий-иқтисодий ривожлантириш дас­турлари ижросини таъминлаш масаласига айрим жойларда етарли даражада эътибор қаратилмагани қайд этилди. Бу борада партиямиз гуруҳи аъзолари ташаббускорлик кўрсата олмаганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, жисмоний имконияти чекланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш каби долзарб масалаларни ечишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари аъзолари депутатлик сўрови, депутатлик назорати сингари ваколатларидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилди.

Шуни қайд этиш лозимки, вилоятимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. 2015 йилда 74 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Доимий иш билан таъминланганларнинг 26 мингга яқини касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидир.

Фикримча, бу билан мазкур йўналишдаги ишимиз ўз якунига етгани йўқ. Жорий йил давомида яратилган иш ўринларининг ҳаққоний экани, коллеж битирувчилари билан тузилаётган уч томонлама шартномаларнинг ўз вақтида бажарилишини назорат-таҳлил асосида ўрганиб, натижаларни сессияларда муҳокама қилишимиз талаб этилади.

Шу билан бирга, 2016 йилда касб-ҳунар ­коллежларига қабул квоталарини белгилашда мазкур туманнинг 3-4 йилга мўлжалланган истиқболи, қандай саноат корхоналари ишга туширилиши, уларга қандай мутахассисликлар зарур бўлиши инобатга олиниши муҳим аҳамиятга эга.

Партиямизнинг 2016 йилга мўлжалланган Ҳаракат дастурини янада аниқлаштириб олар эканмиз, унда шу каби ўта муҳим ижтимоий масалалар ўз ифодасини топиши лозим, деб ўйлайман.

Бир сўз билан айтганда, бугун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласига нафақат ижро ҳокимияти, балки халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари ҳам бевосита масъул эканини унутмаслигимиз, бу жараёнда ҳаммамиз фаол иштирок этишимиз талаб этилади.

 

Алишер ТОШМАТОВ, Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Йиғилишда дастлаб вилоят ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи эшитилди. Эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар очиқ-ойдин муҳокама этилди.

Ҳисобот даврида вилоятда қатор ижтимоий соҳа объектида қурилиш ишлари амалга оширилди. Натижада кўплаб соғлиқни сақлаш, болалар спорти иншооти, касб-ҳунар коллежи янгидан қурилди ва реконс­трукция қилинди. Аҳоли пунктлари тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Шу билан бирга, йиғилишда касб-ҳунар коллежлари, олий таълим ­муассасалари битирувчиларини, жазони ўташ муассасаларидан озод этилган шахсларни иш билан таъминлашда янада фаоллик кўрсатиш масаласи муҳокама этилди. Бу жараёнда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг иштироки етарли даражада эмаслигини ҳам алоҳида таъкидлашни истардим.

Шуни қайд этиш лозимки, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2016 йилги иш режасига Ўзбекистон ХДП гуруҳи ташаббуси билан вилоятда жисмоний имконияти чекланган кишиларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг бугунги аҳволи тўғрисидаги масалани киритиш таклифини илгари сурмоқдамиз.

Бу барча даражадаги партиямиз гуруҳлари зиммасига катта масъулият юклайди. Электорат манфаатлари билан боғлиқ масалалар туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларига доимий равишда олиб чиқилиши лозим. Жорий йилда мана шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратамиз.

Қонунчиликка киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатлари тобора кенгайиб бормоқда. Биз бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланишимиз, аҳоли, электорат вакилларининг хоҳиш-истакларини амалга ошириш, сайловчиларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ўз вақтида ҳал қилиш бўйича қатъийлик кўрсатиб, ҳаётий ташаббуслар билан чиқишимиз зарур.

 

Дилором АБДУРАҲИМОВА, Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Фаоллар йиғилишида 2015 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари чуқур таҳлилий асосда кўриб чиқилди. Ютуқлар эътироф қилиниб, камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Агар рақамларга муро­жаат этадиган бўлсак, ўтган йилда вилоятда бюджет маблағлари ҳисобидан 88 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Жумладан, 5 соғ­лиқни сақлаш муассасаси, 19 умумтаълим мактаби, 8 касб-ҳунар коллежи, 16 болалар спорти иншооти, жами 89 ижтимоий объект қурилиб, фойдаланишга топширилди. 34 қиш­лоқ аҳоли пунктида тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланди.

Намунавий лойиҳа асосида 25 массивда 848 уй-жой барпо этилиб, ушбу ҳудудларда 52,6 километр ичимлик суви, 19,2 километр электр, 21,6 километр газ тармоғи тортилди. 27,8 километр ички йўллар қурилди.

Буларнинг барчаси электоратимиз манфаатларини таъминлаш, турмуш даражасини янада оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Бироқ ҳали олдимизда ечимини кутаётган масалалар оз эмас. Бунга йиғилишда алоҳида эътибор қаратилди.

Инвестиция, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашда партия гуруҳларининг ўрнини янада ошириш, депутатлик ва жамоатчилик назорати каби механизмлардан янада самарали фойдаланиш долзарб аҳамиятга эга экани алоҳида ­таъкидланди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳи ташаббуси билан ўтган йили бандлик дастури ижроси, маиший хизмат кўр­сатиш шохобчалари ва савдо нуқталарида пластик карточкадан фойдаланиш тўғрисидаги масала сессия муҳокамасига олиб чиқилди.

Шуни очиқ айтиш керакки, айрим маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари сессияларга ташаббуслар билан чиқишда қониқарли даражада фаолият олиб боряпти, деб бўлмайди. Мисол учун, ўтган йили Мингбулоқ туман Кенгашидаги партиямиз гуруҳи Ҳаракат дастурида белгиланган масалаларни сессия муҳокамасига олиб чиқишда қатъийлик кўрсата олмади.

Жорий йилда хато ва камчиликларимиздан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, фаолиятимизни янада кучайтиришимиз лозим. Хусусан, Соғлом она ва бола йили муносабати билан қабул қилинадиган Давлат дастури ижросини таъминлашда барча партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаол иштирок этиши талаб этилади. Чун­ки она ва бола саломатлигини муҳофаза қи­лиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада мус­таҳкамлаш масалалари партиямиз Сайловолди дас­турида ҳам ўз ифодасини топган.

 

Раимберган САБУРОВ, Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Фаоллар йиғилиши бу йил янгича тартибда ўтди. Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари иштирок этгани йиғилишнинг танқидий-таҳлилий фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтишини таъминлади, деб ўйлайман. Дастлаб ви­лоя­т ҳокимининг ҳисоботи тингланди. Унда қайд этилганидек, 2015 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10,1, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 21,9, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 5,9, қурилиш ишлари 13,2, чакана савдо айланмаси 12,5, жами хизматлар кўрсатиш ҳажми 13,4 фоизга ўсди.

Маҳаллий бюджетнинг ижтимоий соҳага ажратилган қисми 77,6 фоизни ташкил этди. Ҳисоботда Ўзбекистон ХДП гуруҳининг асосий эътиборида бўлган масалалардан бири иш ўринлари ташкил этишдир. Вилоят миқёсида 60 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган бўлса, уларнинг 87 фоизи қишлоқ жойларига тўғри келди. Хусусан, 2015 йилда 747 маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этилиб, шунинг ҳисобидан 4155 иш ўрни яратилди.

Мана шундай кўрсаткичларга эришишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия­миз гуруҳи аъзолари иштироки ўзига хос ўрин тутади. Масалан, депутатлик сўрови, Жамоатчилик қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар асосида кўрилган чоралар натижасида жойларда бандлик масалалари янада самарали ҳал этилди.

Бироқ айрим туман Кенгашларида бу борадаги ишларни янада жонлантириш, камчиликларни бартараф этиш лозим. Хусусан, Шовот, Қўш­кўпир, Янгиариқ ҳамда Урганч шаҳар Кенгашларидаги партия­миз гуруҳларига Ҳаракат дастурида кўзда тутилган масалаларни сессия муҳокамасига олиб чиқишда ташаббускорлик етишмади.

Демак, жойларда маҳаллий давлат ҳокимияти бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборот ва ҳисоботларини эшитиш амалиётини янада кенгайтириш, жорий йилга мўл­жалланган ­режамизда ушбу долзарб масалага алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.