Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
26.01.2016

ФАРМАЦЕВТИКА ФАОЛИЯТИ РИВОЖЛАНМОҚДА

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашни ташкил этиш ишлари йилдан-йилга такомиллашиб, сифат жиҳатидан яхшилаб борилмоқда. Бу жараёнда аҳо­лини сифатли ва самарадор дори воситалари, тиббий буюмлар билан таъминлаш ҳам ана шу ислоҳотларнинг ажралмас қисмига айланди.

Мазкур тизимдаги фаолиятлар 1997 йилда қабул қилинган ва жорий йилнинг 5 январига қадар амалда бўлган «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солиб келинаётган эди. Ушбу қонун қабул қилинган пайтда республикамизда атиги иккита фармацевтика корхонаси фаолият кўрсатаётган ва 30 га яқин турдаги дори воситалари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда 117 фармацевтика корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан 1655 турдаги дори воситаси, 175 турдаги тиббий буюм ва 44 номдаги тиббий техникалар ишлаб чиқарилмоқда. Шу билан бир қаторда, мамлакатимизда дори воситалари сифатини назорат қилиш тизими яратилган бўлиб, уларнинг таркибида саккизта тиббий маҳсулотни сертификатлаштириш органи, 15 назорат-таҳлил лабораторияси фаолият кўрсатмоқда.

Мазкур қонун билан республикамизда фармацевтика саноатининг ривожланишига асос солинган бўлса, ўтган йиллар мобайнида дунёда ва юртимизда фармацевтиканинг жадал ривожланиши, соҳага кириб келаётган ўзгариш ва янгиликлар туфайли 18 йил аввал қабул қилинган Қонуннинг бир қатор нормалари бугунги кун талабига жавоб бермай қолди. Жумладан, аввалги таҳрирда мавжуд бўлган айрим тушунчаларнинг амалиётда қўл­ланилмаслик ҳолати мав­жуд эди.

Қонуннинг эски таҳририда дори воситалари ва фармацевтика фаолиятини мувофиқлаштириш борасида Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан амалга ошириб келинаётган қатор нормалар ҳам ўз аксини топмаган эди. Шунингдек, баъзи моддалар халқаро стандартлар талабига мос келмас эди. Ушбу масалалар инобатга олиниб, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди ва 2016 йил 5 январда матбуот­да эълон қилинди.

Мазкур янги Қонунни тайёрлаш жараёнида дори воситалари ва фармацевтика фаолияти бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартлари, ривожланган хорижий давлатлар қонунлари таҳлил этилди ва мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солиш бўйича тажрибаси ўрганилди.

Шунингдек, янги Қонунда Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг дори воситалари ҳамда фармацевтика фаолиятидаги ваколатлари янада кенгайтирилди. Хусусан, унинг 7-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатларида бу соҳадаги ҳудудий дастурларни тасдиқлаши ва амалга ошириши, тегишли ҳудудлардаги давлат даволаш-профилактика муассасалари ва аҳолини дори воситалари, тиббий буюмлар билан таъминлашда иштирок этиши кабилар белгиланди.

Аввалги қонунга асосан дорихоналарни фақатгина олий маълумотли фармацевт бош­қаришига рухсат бериларди. Бугунги амалиётдан келиб чиқиб, дорихона филиалларини олий ёки ўрта махсус маълумотга эга фармацевт ҳам бош­қариши мумкинлиги ҳақида меъёр киритилди. Бу тиббиёт коллежларининг фармацевтика йўналишларини битираётган минглаб ёшларнинг бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Маълумки, дори препаратлари йўриқномаларига риоя этилмаса, организмда ножўя таъсирлар юзага келади. Бундай ҳоллар баъзан ногиронликка, ҳаттоки ўлимга олиб келиши мумкин. Таҳлилларга кўра, дунё бўйича дори воситаларига ножўя реакциялар натижасида юзага келадиган ўлим ҳолатлари юрак-қон-томир, саратон, сил касалликларидан кейин тўртинчи ўринда туради.

Ушбу фаолиятнинг қонуний асосларини яратиш мақсадида қонунчиликка «ножўя реакция» тушунчаси киритилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига дори воситаларининг ножўя таъсирини аниқлаш, баҳолаш ва олдини олиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш вазифаси юкланди.

Бу соғлиқни сақлаш тизимида, соҳага алоқадор барча юридик шахслар билан қонуний иш олиб бориш, ножўя реакцияларни ўз вақтида аниқлаш ва инсон саломатлигини сақлаш йўлида тегишли қарорлар қабул қилиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Мазкур қонуннинг 23-моддаси дори воситалари ва тиббий буюмларни сақлаш, ташиш ҳамда йўқ қилиш қоидаларини ҳам ўз ичига олган. Ушбу қоиданинг киритилиши дори воситалари ва тиббий буюмларни сақлаш, ташиш ҳам­да йўқ қилинишига бўлган талабларнинг кучайтирилганлигидан далолатдир.

Бундан ташқари, ушбу Қо­нуннинг 25-моддасига мувофиқ, жисмоний шахслар томонидан дори воситаларини ва тиббий буюмларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан ҳамда божхона расмийлаштирувисиз олиб кириш ва олиб чиқишга рухсат берилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Жумладан: мамлакатда бўлиш даврида жисмоний шахс­лар томонидан шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган бўлса;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида яшаб турган беморни даволаш-профилактика муассасаси томонидан тасдиқланган тиббий кўрсатма асосида даволаш учун мўлжалланган бўлса;

дипломатик ваколатхоналарнинг ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарнинг дипломатик ҳамда маъмурий-техник ходимлари, шу жумладан, улар билан бирга яшаб турган оила аъзоларининг шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган бўлса;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган ёки унинг ҳудудидан чиқиб кетаёт­ган транспорт воситасининг йўловчиларига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган ва тиббий дорилар қутичаси таркибига киритилган бўлса.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонун аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлашга, соғлом авлодни тарбиялаш, хавфсиз ва самарадор бўлган дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар таъминотини кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Отабек МИРЗАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бош мутахассиси.



DB query error.
Please try later.