21.01.2016

ИШЧИ-ХОДИМЛАРНИНГ МАНФААТЛАРИ

таъминланади

Меҳнат қилиш инсоннинг устувор ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳозирги кунда одамларга муносиб иш шароитини яратиш, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Айни кунларда парламент қуйи палатасида кўриб чиқилаётган «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси бу борада муҳим ўрин тутади.

Айтиш керакки, мустақиллик йилларида меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилди. Хусусан, 1993 йилда «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Шу асосда меҳнат қонунчилигига алоқадор қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Бу ишчи-ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш, иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим аҳамият касб этди.

Бироқ вақт ўтиши билан бозор иқтисодиётининг замонавий талабларини инобатга олган ҳолда, шунингдек, меҳнат қонунчилиги ва тадбиркорлик фаолия­тини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларга мос равишда «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурияти пайдо бўлди. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини амалга оширишга доир қўшимча тадбирлар комплексига мувофиқ мазкур Қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Айтиш керакки, қонун лойиҳасида халқаро ҳуқуқнинг умум­эътироф этилган принциплари ва нормалари, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги соҳасидаги Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари ва тавсиялари инобатга олинган.

Шунингдек, 20 дан зиёд чет эл, шу жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Япония, Жанубий Корея ва бошқа давлатларнинг тажрибаси ўрганилган ва улардаги илғор тажрибалар ҳисобга олинган.

Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё бўйича ҳар йили меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлган сабаблар туфайли 2 миллионга яқин киши вафот этади, 160 миллионга яқин киши касб касалликларига дучор бўлади. Дунёда жами ишлаб чиқариш билан боғлиқ 270 миллионга яқин бахтсиз ҳодисалар содир бўлмоқда. Мана шу рақамлар ҳам меҳнатни муҳофаза қилиш масаласининг долзарб­лигини кўрсатиб турибди.

Ҳаммамизга аёнки, кейинги йилларда республикамизда иқтисодиётни эркинлаштириш, бошқарувнинг бозор механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида хусусий секторда иш берувчиларнинг сони сезиларли даражада кўпайди, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 56 фоиздан зиёдни ташкил этди. Ҳозирги вақтда банд аҳолининг 77 фоиздан зиёди шу соҳада меҳнат қилмоқда. Шулардан келиб чиқиб, Қонуннинг янги таҳрири лойиҳасида иш берувчининг, ташкилотлар ходимларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш борасидаги масъулиятини кучайтириш, давлат бошқаруви органлари ва идораларининг меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳолати бўйича лозим даражадаги назоратини таъминлаш масалалари назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасига кўра, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги — меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида махсус ваколатли давлат органи экани белгиланмоқда, унинг зиммасига меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ва қонуности ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш вазифаси юклатилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш юзасидан қатор меъёрлар назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, бошқа давлат бошқаруви органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари, мажбуриятлари ҳам белгиланяпти.

Шунингдек, қонун лойиҳасида касбий хавф бўйича хатари паст ташкилотларда ҳамда муҳофаза қилиш хизматини ташкил этишга имконияти етмаган кичик корхоналарга (ходимлар сони элликдан камроқ бўлган ташкилотларга) соҳадаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиларини (мазкур соҳада фаолият юритадиган тадбиркорларни) жалб қилиш мумкинлиги назарда тутиляпти.

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш ҳамда ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни тугатишда ортиқча харажатларнинг олдини олиш, ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишни тўғри ташкил этиш чоралари ҳам кўзда тутилмоқда. Меҳнатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ хизматлар бозоридаги профессионал иштирокчиларга қўйиладиган талаблар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши бўйича меъёр кўзда тутиляпти.

Қонун лойиҳасига меҳнатни муҳофаза қилишда давлат назорати, меҳнат шароитларининг давлат экспертизаси ва меҳнат хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатларининг мониторинги каби тушунчалар киритилиши, қолаверса, меҳнатни муҳофаза қилишга оид қонуний талабларни бажармаганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилиши муҳим аҳамиятга эгадир.

Яна бир муҳим томони, иш берувчининг ҳамда ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланяпти. Хусусан, хотин-қизлар, воя­га етмаган шахслар, пенсия ёшидаги шахслар, шунингдек, меҳнат қобилияти чекланган шахсларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш билан боғлиқ муносабатлар ҳам тартибга солинмоқда.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қонун лойиҳаси ишчи-ходимларнинг қонуний манфаатларини таъминлашда, меҳнат шароитларини янада яхшилаш ва меҳнат учун меъёрий шароитларни яратишда, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

 

Аҳад АҲМЕДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.