21.01.2016

МАҚСАД — ОЛДИНГА ЮРИШ ВА ЯНГИ МАРРАЛАРГА ЕТИШ

Бунинг учун аввало партияга берилган ваколатлардан тўлиқ фойдаланиш, долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда қатъийлик ва ташаббускорлик кўрсатиш зарур

Пойтахтимиз Тошкентда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг кенгайтирилган қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг фаол иштирокини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя этиш бўйича ташаббускорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги масала юзасидан дастлаб ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, парламент Қонунчилик палатасидаги партия фракция­си раҳбари Ҳотамжон КЕТМОНОВ маъруза қилди.

— Президентимиз маърузасида ўтган йили мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар сарҳисоб қилиниб, барча соҳада эришилган натижалар, йўл қўйилган камчиликлар бирма-бир таҳлил этилди, шунингдек, жорий йилда Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширишимиз лозим бўлган энг муҳим вазифалар, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишлари белгилаб берилди, — деди партия етакчиси. — Шу ўринда мамлакатимизда кенг кўламли, узоқни кўзлаган ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилаётгани, тадбиркорликка кенг йўл очиш аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим шартига айлангани, инвестициялар, аввало, чет эл инвестицияларининг ҳажми ошиши иқтисодиётимиз барқарор ўсишида асосий омил бўлаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ўтган йили халқимизнинг реал даромадлари 9,6 фоизга ошиб, ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар 21,9 фоизга кўпайган бўлса, жорий йилда иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатлари 7,8 фоизга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлари 9,5 фоизга, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларнинг миқдори турли манбалар ҳисобидан 15 фоизга ошиши кутилмоқда. Бу рақам ва кўрсаткичлар, халқимизнинг турмуш фаровонлиги ошишида, айниқса, партиямиз электорати манфаатлари таъминланишида муҳим аҳамиятга эгадир.

Халқаро миқёсда катта нуфузга эга бўлган Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014-2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олгани барчамизнинг қалбимизда фахр-ифтихор ҳиссини кучайтиради, шу билан бирга, зиммамизга катта масъулият ҳам юклайди, албатта.

Шуни таъкидлаш жоизки, 2016 йилда давлат Бюджетида илму фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт тармоқларини ўзида мужассам этган ижтимоий соҳани ривожлантиришга сарфланадиган маблағлар 2015 йилдагига қараганда анча кўпроқдир. Жорий йилда мазкур кўрсаткич давлат Бюджети умумий харажатларининг 59,1 фоизини ташкил этиши кутиляпти. Бу ҳам юртимизда инсоннинг бирламчи ҳуқуқларини таъминлаш йўлида оқилона сиёсат олиб борилаётганидан далолат бермоқда.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида юртимизда меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтар экан, аввало, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш учун зарур шароит яратиш лозимлигига эътибор қаратди. Келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Биз партиямиз Сайловолди дас­тури ижросини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида олдимизда ўта муҳим вазифалар турганини чуқур ҳис этишимиз керак. Шундан келиб чиқиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, иш ўринлари ташкил этиш, айниқса, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини ўз мутахассислигига мос ишга жойлаштириш, қонунлар, давлат ва ҳудудий ривожланиш дастурларининг ижроси юзасидан парламент ҳамда депутатлик назоратини кучайтириш, бу масалада аниқ таҳлил ва рақамларга асосланишимиз талаб этилади, деди партия раҳбари.

Ўрни келганда маърузада илгари сурилган яна бир масалага эътибор қаратмоқчиман. Бу — эскирган, талабга жавоб бермайдиган асбоб-ускуналарни олиб келиш ва ишга тушириш юзасидан буюртмачиларнинг жавобгарлигини кучайтириш бўйича Маъмурий жавобгарлик кодексига ва Жиноят кодексига аниқ моддалар киритиш масаласидир.

Ҳаммамизга маълум, барқарор иш ўринлари яратиш, ёшлар бандлигини таъминлашда инвестиция дас­турлари бекаму кўст бажарилиши, янгидан ишга туширилаётган корхоналар, катта-кичик цехларнинг бар­қарор ишлаб кетиши, бунда ўз нав­батида, ўрнатилган асбоб-ускуналарнинг сифати муҳим ўрин тутади. Шундан келиб чиқиб, фақат Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия­миз фракцияси эмас, балки барча депутатлик бирлашмаларимиз бу борада ўзига тегишли хулосалар чиқариб олиши, малакали мутахассис ва эксперт­лар иштирокида мавзу муҳокамаларини ташкил қилиб, чуқур илмий ҳамда амалий асосга эга таклифлар шакллантириши зарур.

 Фаолиятимизнинг яна бир муҳим йўналиши бу, албатта, тарғибот-ташвиқот тадбирлари самарадорлигини ошириш ҳисобланади. Хусусан, ижтимоий фаровонликни таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш борасида эришилаётган ютуқлар замирида изчил саъй-ҳаракат, катта меҳнат борлигини, бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини сайловчилар, электорат вакилларига ҳаётий мисоллар билан тушунтирмоғимиз лозим. Бу жараёнда, айниқса, бозор иқтисодиёти шароитида боқимандалик кайфиятини бутунлай йўқотиш, яратилган янги шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланишга рағбат уйғотиш ҳаммамиз учун муҳим вазифадир.

Бундан ташқари, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг электорат манфаатлари билан боғлиқ муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш бўйича ташаббускорлигини янада ошириш, бу борада қонуний ваколатлардан унумли фойдаланиш, айниқса, вакиллик органларида маҳаллий ҳокимликлар мансабдор шахсларининг ҳисоботларини эшитиш амалиётини кенг йўлга қўйиш долзарб аҳамият касб этади.

Ҳотамжон Кетмонов ушбу масалаларда, шунингдек, партиямизнинг 2016 йилга мўлжалланган Ҳаракат дас­тури ижросига эришишда туман ва шаҳар Кенгашларида мутлақ кўпчиликни ташкил этадиган партия гуруҳларимиз бошқаларга намуна бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Жорий йилнинг Соғлом она ва бола йили деб номланиши, мазкур йўналишда Президентимиз маърузасида давлат ва жамиятимиз олдида турган долзарб масалалар белгилангани муносабати билан жойларда оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, олис ва чекка ҳудудларда, мураккаб иқлим шароитида яшаётган аҳоли, аввало, аёллар учун янада қулай шароит яратиш, бу борада олиб борилаётган ишлар устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш ҳаётий заруратдир.

ЎзХДП етакчиси Сайловолди дас­тури ижросини таъминлаш учун сиё­сий партия­ларга берилган ваколатлардан тўлиқ фойдаланиш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда ташаббускорликни ошириш, қатъийлик кўрсатиш зарурлигини таъкидлади.

Шундан сўнг депутатлар, ҳудудий партия ташкилотлари етакчилари кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришди.

Собитхон ТУРҒУНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимизда ҳар йили қабул қилинадиган иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида ҳар бир ҳудуд бўйича аниқ кўрсаткичлар белгиланиб, шу асосда тизимли ишлар олиб бориляпти. Ўтган йили мазкур йўналишдаги ишлар самараси ўлароқ, 980 минг­дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланди. Касб-ҳунар коллежларининг 480 минг нафардан ортиқ битирувчиси ишга жойлаштирилди. Тижорат банк­лари томонидан ўз бизнесини ташкил қилиш истагида бўлган битирувчиларга 280 миллиард сўмга яқин имтиёзли кредитлар ажратилгани меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Биламизки, коллежни тамомлаган орзу-умидли ёшлар қаерда, қандай шароитда иш бошлаши уларнинг ҳаётга муносабати шаклланишида муҳим ўрин тутади. Демак, партиямиздан сайланган барча даражадаги депутатлар би­тирувчиларнинг банд­лигини таъминлаш бўйича мунтазам равишда жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиши керак, деб ҳи­соблайман. Чунки янги иш ўринлари ташкил этилиши оилалар даромад манбаини яратишга, одамлар турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади, шу билан бир­­га, бу масала мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашда катта аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбарининг маърузасида ушбу долзарб вазифа юзасидан муҳим фикрлар илгари сурилди.

Айтиш керакки, ўтган давр мобайнида фракциямиз ташаббуси билан Қонунчилик палатасида ҳукумат вакиллари ҳамда давлат бошқарув органлари мансабдор шахсларининг ўз фаоли­я­тининг турли масалаларига доир ахборотларини эшитиш, жойларда қонунлар ижроси бўйича назорат-таҳлил ишларини олиб бориш юзасидан ўзига хос тажриба тўпланди. Масалан, ЎзХДП ташаббуси билан ҳар йили Қонунчилик палатасининг мажлисида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дас­тури ижроси ҳақида парламент эшитуви ўтказиб келинмоқда. Ўтган йили эшитувдан олдин фракциямиз аъзолари бир қатор вилоятларда бўлиб, дастур ижроси билан яқиндан танишишди. Жойларда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганининг гувоҳи бўлдик, лекин, афсуски, дастур ижросига тўсиқ бўлаётган муаммо ва камчиликлар ҳам оз эмас.

Назорат-таҳлил давомида шу нарса маълум бўлдики, коллеж битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш, маълумотларнинг ҳақ­қоний­ли­гига эришиш зарур.

Шунинг учун коллеж битирувчиларини кўпроқ барқарор иш ўринларига жойлаштириш, маърузада таъкидланганидек, коллежлар ихтисослигини ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари ривожига қараб мослаштириб бориш, меҳнат ярмаркаларини барча ҳудудларда тизимли ташкил этиш, бир сўз билан айтганда, дастур ижроси устидан ўрнатилган парламент назоратининг самарадорлигини тубдан такомиллаштиришимиз керак бўлади.

Гулшан АСАТОВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши Хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

— Партиямиз тизимида «Фаол аёллар» қаноти томонидан ўтказилаётган тадбирлар, амалга оширилаётган турли лойиҳалар орқали опа-сингилларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Масалан, 2015 йилда қатор ло­йиҳалар доирасида ўтказилган тадбирларда қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган хотин-қизлар қонун ҳужжатлари ижроси билан боғлиқ 300 дан ортиқ масала юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдиришди.

Албатта, кўтарилган масалаларга жойларнинг ўзида депутатлик сўровлари, оғзаки ва ёзма мурожаатлар орқали маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда ечим топиляпти. Демак, биз хотин-қизларни ўйлантираётган масалалар бўйича таклифларни биринчи нав­батда уларнинг ўзидан олишимиз, бунинг учун лойиҳаларимиз ва тадбирларимизни номлашдан тортиб режалаштиришгача умумий ёндашувлардан, зерикарли дастурлардан бутунлай воз кечишимиз керак. Шунда хотин-қизлар, айниқса, қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган опа-сингилларимизнинг турмуш шароитларини енгиллаштиришга хизмат қиладиган ташаббуслар билан чиқишга эришамиз.

Президентимиз маърузасида оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, перинатал ва скрининг марказлар, патронаж хизматларининг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини шакллантириш ва мустаҳкамлаш каби долзарб вазифалар илгари сурилди. Уларнинг амалга оширилиши биринчи навбатда аёлларимиз, оналаримизни хурсанд қилади. Буни асло унутмаслигимиз лозим.

 

Қўшма йиғилишда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Абдуғаффор Қирғизбоев, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Жасур Қулмуҳаммедов, Тошкент вилоят партия кенгаши сектор мудири Илмижаҳон Тлеубергенова, ЎзХДП Бўка туман кенгаши раиси Холбек Сулаймонов сўзга чиқиб, партия ташкилотлари, депутатлик бирлашмаларининг долзарб вазифалари бўйича фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришди.

Шу асосда қўшма йиғилишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари учун дастлабки чора-тадбирлар режаси қабул қилинди.

«Бош мақсадимиз — мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, олиб бораётган ислоҳотларни, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни изчил давом эттириш, хусусий мулкчилик, кичик бизнес ва тадбиркорликка янада кенг йўл очиб бериш ҳисобидан олдинга юришдир» номли маъруза тез кунларда Қорақалпоғистон республика, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар партия кенгашларининг кенгайтирилган йиғилишларида чуқур ўрганилиб, вазифалар белгилаб олинади.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.