БУХОРОДА 2015 йил якунлари ва 2016 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими М.Эсонов бошқарган йиғилишда 2015 йилда вилоят иқтисодиётини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳисобот даврида вилоят иқтисодиётининг барча соҳаларида изчил ўсиш таъминланди. Ялпи ҳудудий маҳсулот 7,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7, қурилиш-монтаж ишлари ҳажми 11,7 фоизга ошди. Кичик бизнеснинг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 67,4 фоизга, саноатдаги улуши 32,6 фоизга етди.
Вилоятда молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 3 триллион 878,4 миллиард сўмлик капитал маблағлар ўзлаштирилди. Бу борадаги ўсиш 2,1 фоизни ташкил этди. Ушбу маблағларнинг 1 триллион 458,6 миллиард сўми хорижий инвестициялардир. Ўтган йили 11 соғлиқни сақлаш, 32 умумтаълим мактаби, 5 болалар спорти иншооти, жами 87 ижтимоий объект қурилиб, фойдаланишга топширилди. 24 қишлоқ аҳоли пунктида тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Ушбу бунёдкорлик ишларига қарийб 100 миллиард сўмлик маблағ сарфланди.
Ҳисобот даврида намунавий лойиҳалар асосида 24 массивда 920 дан зиёд замонавий уй-жой барпо этилиб, ушбу ҳудудларда умумий узунлиги 50,4 километр ичимлик суви, 23,2 километр электр тармоғи, 37,1 километрлик газ қувури тортилди. 22,3 километр йўллар қурилди.
Вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. 2015 йилда 74 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Доимий иш билан таъминланганларнинг 26 мингга яқини коллежлар битирувчиларидир.
Йиғилишда айрим соҳаларда мавжуд имкониятлардан етарли даражада фойдаланилмаётгани аниқ мисоллар асосида танқид қилинди. Жумладан, Шофиркон, Пешку, Вобкент, Жондор, Бухоро ва Ғиждувон туманларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга етарлича эътибор берилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Бухоро вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.Азимов сўзга чиқди.
Эркин ЁДГОРОВ,
ЎзА мухбири.
|