21.01.2016

ОЛИМПИАДА ШОҲСУПАСИГА ЙЎЛ

Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари янги йилда кўпроқ медалларни қўлга киритишга бел боғлашмоқда.

Янги — 2016 йил мамлакатимиз спортчилари учун мусобақаларга бой бўлади. Бу йил ҳамюртларимиз Осиё ва жаҳон чемпионатлари, йирик халқаро турнирларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш билан биргаликда Рио-де-Жанейро (Бразилия)да бўладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этади.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси президенти, 1996 йилги Атланта олимпиадаси кумуш медали сов­риндори ­Армен Багдасаров билан ўтган мавсум якунлари, Янги йил режалари хусусида суҳбатлашдик.

— Поёнига етган 2015 йил мамлакатимиз дзюдочилари ҳаётида қандай из қолдирди?

— Ўтган йил биз учун ғалабаларга бой бўлди. Айниқса, август ойида Босния ва Герцоговинанинг ­Сараево шаҳрида кадетлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ёш спортчиларимиз эришган муваффақият ўзбек дзюдоси тарихида муҳим воқеа бўлди. Унда Диёра Келдиёрова (48 кг) қизлар ўртасида жаҳон чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлди. Шунгача қизларимиздан бирортаси бундай юксак натижага эришмаган эди. Шунингдек, мазкур нуфузли мусобақада йигитларимиздан Жасур ­Содиқов (73 кг) ва Шерхон Тўрабоев (81 кг)лар шоҳсупанинг фахрли учинчи поғонасидан жой олди. Жамоавий баҳсларда эса Ўзбекистон ёшлари бронза медалини қўлга киритди. Бу ютуқлар, аввало, юртимизда болалар спортини ривожлантиришга берилаётган катта ғамхўрликнинг самараси, деб биламан. Қолаверса, бу мамлакатимизда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни излаб топиш борасида мураббийларимиз фаолияти тўғри йўлга қўйилганлигининг натижасидир.

Бундан ташқари, катталар ўртасида уюштирилган жаҳон чемпионати, Гран-при ҳамда «Катта дубулға» туркумидаги қатор нуфузли турнирларда вакилларимиз кучлилар қаторидан жой олганлиги барчамизни хурсанд қилди.

— Ўтган йили истеъдодли дзюдочиларимиз — Диёрбек Ўразбоев ҳамда Шарофиддин Лутфуллаевлар учун мавсум кутилганидан-да омадли келди. Улар бир хил — 60 килограммгача бўлган полвонлар ўртасида кўплаб йирик халқаро турнирларда ғолиб ва совриндор бўлишди. Рио-де-Жанейро олимпиадаси йўлланмалари учун муҳим рейтинг очколарини қўлга киритишди. Аммо бу вазн тоифасида фақат бир нафар спортчи ­Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади. Олимпиада йўлланмаси кимга берилади?

— Албатта, бу икки моҳир дзюдочимиз ўтган йил давомида эришган натижалари мутахассисларимизни беҳад қувонтирди. Айни чоғда улар дунё таснифида тўплаган очколари бўйича бир-бирига яқин туришибди. Шарофиддин Лутфуллаев олтинчи, Диёрбек ­Ўразбоев эса ўн тўртинчи поғонада бормоқда. Улардан қай бирининг Рио-де-Жанейро олимпиадасида қатнашишини айтишга ҳали эрта. Буни вақт кўрсатади. Аниқроғи, спортчиларнинг янги мавсумда қўлга киритадиган натижасига қараб, бир хулосага келиш мумкин. Аслида уларнинг ҳар иккиси ҳам Рио-де-Жанейро олимпиа­дасида қатнашишга муносиб. 2016 йилда бўладиган халқаро турнирларда улар эришадиган натижалари масалага ойдинлик киритиб беради.

— Юртимизнинг энг номдор дзюдочиларидан бири Ришод ­Собиров ўтган йил ўзи учун янги (66 кг) вазн тоифасида жаҳон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди. ­Пекин ва Лондон олимпиадалари бронза медали совриндорининг XXXI ёзги Олимпия ўйинлари олдидан им­коният­ларини қандай баҳолайсиз?

— Ришод — мамлакатимизнинг энг тажрибали дзюдочиларидан, албатта. Рио-де-Жанейро олимпиадаси унинг учун учинчиси бўлади. Икки бор бронза медалидан кейин Ришод фақат олтин медаль ҳақида ўйлаяпти. Унинг жуда меҳнаткаш ва тиришқоқлиги кўпчилик спортчилар учун ибрат бўла олади. Жароҳатларига қарамай, ўтган мавсумда Ришод Собиров Алматида ўтказилган жаҳон чемпионатида бронза медални қўлга киритди. Бу натижа ҳозирча унинг учун янги вазндаги энг катта соврин ҳисобланади. Қолаверса, Ришод шу билан кифояланиб қолмасдан Самсун (Туркия)да ўтган Гран-при туркумидаги халқаро турнирда олтин, Варшава (Польша)даги Европа очиқ чемпионати ва Абу-Даби (Бирлашган Араб Амирликлари)да уюштирилган «Катта дубул­ға» халқаро турнирида бронза медаллари билан тақдирланди.

— Спортда башорат ҳар доим ҳам ўзини оқламайди. Шундай бўлса-да, Рио-де-Жанейро олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоасидан қандай натижаларни кут­япсиз?

— Бош мақсадимиз, аввало, XXXI ёзги Олимпия ўйинларига кўпроқ йўлланмаларни қўлга киритишдир. Ҳозирча спортчиларимизнинг дунё рейтингида эришган натижаларидан кўнглимиз тўқ. Жумладан, унда ­Шарофиддин Лутфуллаев, Диёрбек Ўразбоев (иккиси ҳам 60 кг), Ришод ­Собиров (66 кг), Мирали Шарипов (73 кг), Шаҳзод Собиров, Яҳё Имомов (81 кг), Шерали Жўраев (90 кг), Рамзиддин Саидов (100 кг), ­Абдулла Тангриев (+100кг)лар кучли ўттизликдан жой олиб турганлиги фикримиз тасдиғидир. Улар орасидан эса Рамзиддин Саидов Рио-де-Жанейро олимпиадасига биринчи бўлиб йўлланмани қўлга киритишга яқин турибди.

Бу йилги тақвим бирмунча тиғиз. Олимпия ўйинларига рейтинг очколари тақдим этувчи мусобақалар шу йилнинг 22 январидан бошланади. Гран-при туркумидаги дастлабки йирик халқаро турнир Кубада ўтказилади.

— Халқаро дзюдо федерацияси қарорига кўра, ўтган йил пойтахтимиз Гран-при туркумидаги халқаро турнирга учинчи маротаба мезбонлик қилди. Тақвим бўйича яна бир бор ана шундай мусобақа Тошкентда ўтказилади. Ундан кейин ҳам юртимизда шу каби йирик халқаро мусобақаларни уюштириш режалаштирилганми?

— Халқаро дзюдо федерацияси қарорига кўра, Тошкент қаторасига тўрт йил Гран-при халқаро турнирига мезбонлик қилиши кўзда тутилган. Якунланган учта турнир юксак савияда ташкил этилганлиги халқаро спорт жамоатчилиги томонидан эътироф этилди. Айниқса, мухлислар кўплиги Халқаро дзюдо федерацияси раҳбарлари томонидан юқори баҳоланди. Бу мусобақанинг юртимизда ўтказилиши мамлакатимизда янги-янги истеъдодларни кашф этишда жуда қўл келаётганлигини таъкидлашни истардим. Ўтган йилги беллашувларда дзюдочиларимиз биттадан олтин ва кумуш, тўртта бронза медални қўлга киритиб, ўз рейтинг очколарини бойитиб олишга муваффақ бўлдилар.

Келажакда бу каби нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилишдан умидвормиз, албатта. Жумладан, Гран-при туркумидаги навбатдаги халқаро турнир Тошкентда Рио-де-Жанейро олимпиадасидан сўнг ўтказилади. Федерациямиз келгусида ҳам халқаро турнир мезбонлигига юртимиз даъвогар эканлиги хусусида ўз таклифларини билдиради. Балки, пойтахтимизга келгусида «Катта дубулға» туркумига кирувчи халқ­аро турнирлардан бири ишониб топширилар?! Чунки охирги йилларда Ўзбекистон нафақат дзюдо, балки бошқа спорт турлари бўйича ҳам Осиё ва жаҳон чемпионатларига муносиб мезбонлик қилиб келмоқда. Бу борада мамлакатимизда бой тажриба тўпланган, барча шарт-шароит яратилган, имкониятлар етарли.

 

Самандар БОБОРАЖАБОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.