Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
21.01.2016

ЁШЛАР ТАРБИЯСИГА ТАҲДИДЛАР

Бугун қандай кўринишларда намоён бўлмоқда? Уларга қарши қандай курашмоқ керак?

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур билан суҳбат.

— Президентимиз ҳар бир нутқида албатта ёшлар таълим-тарбияси ҳақида қайғуриб гапиради. 2016 йилни Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилиниши замирида ҳам соғлом авлодни тарбиялашдек улуғ мақсад ётибди. Мамлакатимиз раҳбари куни кеча Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидаги маърузасида ҳам соғлом она ва боланинг жамият мустаҳкамлигидаги ўрни, ёшларимизнинг жисмоний соғломлиги ва маънавий камолоти йўлида қилинадиган ишларга алоҳида тўхталди.

Сиз нима деб ўйлайсиз, бугун ёшлар тарбиясида қандай салбий ҳолатлар кўзга ташланмоқда? Қандай ижобий жиҳатларни эътироф этасиз?

— Аввало, ижобий жиҳатларини айтай, чунки истеъдодли ёшларимиз кўп. Улар илм-фан соҳасида ҳам, санъат ва спортда ҳам катта ютуқларга эришиб, юртимиз обрўсига обрў қўш­моқда. Ота-онасини рози қилмоқда, халқимиз ҳурматига сазовор бўлмоқда.

Бироқ ҳозирги глобаллашув замонида ёшлар тарбиясида айрим муаммолар ҳам илдиз отаётгани кўзга ташланмоқда. ­Оддий бир мисол, яқин ва узоқ қариндошлар, ҳатто баъзи туғишган ака-ука, опа-сингил ўртасида шу пайтгача кузатилмаган меҳр-оқибат заифлиги учрамоқда. Айрим ёшларда эса енгил-елпи ҳаётга мойиллик сезилмоқда. Бунинг сабаблари кўп, албатта.

Дунё глобаллашаётган ҳозирги даврда, айниқса, чет эл телеканаллари ва интернет ор­қали маънавиятга зиён етказувчи таъсирлар ҳам ҳаётга кириб келмоқда. Бу каби бузғунчи ғоялардан ёшларни асраб-авайлашнинг бирдан-бир йўли — аввало, миллий қад­риятлар, тарбия, маърифат.

«Ҳеч бир ота-она ўз фарзандига хулқу одобдан буюкроқ мерос бера олмайди», деб марҳамат қилган ­Расулуллоҳ (С.А.В). Демак, сиз айтган ҳолатга биринчи нав­батда биз — ўзимиз, яъни, ота-оналар йўл қўйиб бераётир. Ўз фарзанди ҳаётига лоқайд қараш мана шундай оғир оқибатларга олиб келади. Чунки ўғил ё қизга ўз ота-онасичалик яқин одам бўлмайди. Қолаверса, мураббийлар ва ўқитувчилар, зиё аҳли маърифий тарбияга жиддий ёндашиши зарур.

— Ёшлар тарбиясига таҳдид солаётган яна бир хавф-хатар — бу диний ­экстремизм экани кўпчиликка маълум. Мўътабар динимиз номидан иш кўраётган террорчилар бегуноҳ одамларнинг қонини тўк­моқда, вайронагарчиликлар содир этмоқда. Энг ачинарлиси, бу қабиҳ ишларга, жиноятларга ёшларни тортишмоқда. Ислом динини нотўғ­ри талқин қилиб ёшларни йўлдан урмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Уфада ўтган саммитида «Ислом давлати» тушунчаси мазмун-моҳиятини дунё жамоатчилигига кенг очиб бериш, бу масалага нуфузли халқаро ташкилот (БМТ) алоҳида жиддий эътибор қаратиши, мутахассислар «Ислом давлати» деган тушунчанинг илдизини тадқиқ этиши зарурлигини алоҳида таъкидлади. Ислом уламоси сифатида Сиз ушбу масалага қандай қарайсиз?

— Минг афсуслар бўлсинки, муқаддас динимиз номидан ғаразли мақсадда иш кўриш кейинги йилларда анча авж олди. Исломий-тарихий манбаларда келтирилган ва ўз даврига хос бўлган «жиҳод», «шаҳидлик», «ҳижрат» каби атамалар бугунги кунда қабиҳ экстремистик ва террористик уюшмалар томонидан бузиб, уларнинг манфаатига хизмат қиладиган тарзда ғаразли тал­қин этилиши дунё мусулмонларига жиддий азият етказмоқда. Чет эл оммавий ахборот воситалари уларни «исломчи» деб атаётгани эса вазиятни янада чигаллаштириб юбормоқда. Сир эмас, Ироқ ва Суриядан миллионлаб қочқинлар тинч ва хотиржам ҳаёт истаб, Европага кўчаётир. Уларнинг янги «ватан»да осойишталик топишлари ҳам амри маҳол.

Муҳтарам Президентимиз нафақат Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитларида, балки турли йиғин ва халқаро анжуманларда ёшларни йўлдан ураётган бузғунчи оқимларни, террорчиларни ва уларнинг ортида турган қора кучларни доим қоралаб, одамлар тинчлиги, осойиши учун инсонпарвар кучларни курашга ундаб келадилар.

Яқин Шарқ, Афғонистон, Ироқ, Сурия, Яман диёрларида рўй бераётган хунрезлик, қирғинбарот урушлар на дин ва на мантиққа тўғри келади. Бу каби ғайриинсоний тажовузга барҳам бериш ҳозирги куннинг энг долзарб вазифаси. Бунинг учун, аввало, ёвузликнинг илдизини очиб, башариятга кўрсатиш, ҳар бир нарсани ўз номи билан аташ лозим.

— Мана шундай бузғунчи оқимлар ёшлар ҳисобига сафини тўлдириб боради. Биз у ёшларни «адашганлар» деймиз. Ҳар бир одам ҳаётий бурчини тугал ўташи учун чуқур билим ва тушунчага эга бўлиши керак. Лекин бугун тўғри йўлдан оғаётган аксарият ёшлар билими саёз, тушунчаси юзаки бўлгани сабабли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолаётир. Умрини хазон қилаётир...

— Дарвоқе, ёшлар муаммоси доимо долзарб бўлиб келган. Уларни соғлом фикрли, ақл-идрокли, илм-маърифатли ва комил инсонлик руҳида тарбиялаш йўлида кўпдан-кўп хайр­ли ишлар қилинаётган бўлса-да, мазкур бузғунчи оқимлар айрим ёшларнинг ғўрлиги ва тажрибасизлигидан фойдаланиб, ўз сафларини улар билан тўлдиришга ҳаракат қилмоқда. Бу жараён узлуксиз кечаётир. Адашган ёшларнинг энг катта хатоси қалтис ва шубҳали бир ишга қўл уришдан аввал ота-онаси, устози ёки ҳаёт-мамот ишларига ақли етадиган мутахассислар, кўпни кўрган қария­лар билан маслаҳатлашмаган. Ёки уларнинг фикри, панд-насиҳатини писанд этмаган. Бундай камфикр ёшлар боши бориб деворга урилгандан ке­йин қилмишига пушаймон бўлади. Унда эса кеч, вақт ўтган, тузатиб бўлмайдиган хатога йўл қўйган бўлади. Умрнинг энг қимматли даврини тескари ишга сарфлаш, ёшликни хазон қилиш ундан ҳам ачинарли, албатта. Шунинг учун ер юзида бирон-бир иллат туғилдими, унинг илдизини очиб кўрсатиш ва муолажаси билан шуғулланиш лозим.

Умуман, инсон ақл юритиши керак-ку! Нега дунёга келган? Яратганнинг, қолаверса, ота-онаси ва жамият олдидаги бурчи нимадан иборат? Ғаразгўйнинг таъсирига тушиб қолган ўша ёш шуни ўйлаб кўрса, Қуръони каримни қўлига олиб, мутолаа қилса, шу ҳол рўй бермайди. Чунки муқаддас китоб бошдан-охир яхшиликка ундайди! Уни ўқиган одам, агар иймони саломат бўлса, ҳеч вақт ёмон йўлга юрмайди. Шу эл, шу юрт, унинг бахт-саодати деб яшайди. Ўзининг фарзандлик бурчини виждонан адо этади.

— Жаҳонда кечаётган глобаллашув жараёни таъсирими, оммавий маданият таъсирими, ҳарқалай, ҳо­зирги ёшлар орасида одоб-ахлоқ бироз сустлашиб кетаётгандек туюлади. Назаримда, енгил-елпи яшаш­га интилиш оқибатида улардан айримлари ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмоқда. Бу иллатлардан ёшларни асраш учун қандай йўл тутиш керак?

— Экстремистик оқимлар ташвиқотига лаққа тушаётган, уларнинг тузоқларига илинаётган ёшларнинг деярли ҳаммаси чаласавод, чуқур билими йўқ ва мустақил фикрга эга бўлмаган кимсалар. Шунинг учун ҳам ёшлар билимли, малакали, юқори даражали мутахассис бўлиб етишиши учун Давлат таълим дастурлари ишлаб чиқилган. Ҳозирги давримизда мактаб, лицей ва коллеж ҳамда олий ўқув юртларида таълим олаётган ёшларнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, дунёда кечаётган воқеа-ҳодисалар таҳлили ва моҳиятини уларга тушунтириб бориш зарур, деб ўйлайман.

— Ёш авлод тарбиясида оила, ўқув юрти ва жамоатчиликнинг ўрни ҳақида қандай фикрдасиз? Сиз бу жараённи қандай кўришни истайсиз?

— Тарбия — бу буюк ҳикмат. Тарбияси бузуқ ёки заиф бўлган одамдан нима кутиш мумкин? Ҳозир кўп ёшлар тарбия ёки одоб-ахлоқни, аниқ айтганда, тушунчани ота-она ёки ўқитувчидан эмас, интернет сайтларидан, муаллифининг тайини йўқ уйдирма ахборотлардан олмоқда. Ундай маълумотлар эса муайян ғараз билан тайёрланади. Шунинг таъсирига тушиб қолган ёшлар эса ота-она меҳри, устоз ва мураббий қадрини билмайди. Бу каби қадриятлардан узоқлашиб кетади. Бу ҳол, табиийки, ота-она ва устоз-мураббийлар зиммасига янада кўпроқ вазифа юклайди. Улар ёшларни ўзларига жалб қилиш учун мароқли ва замонавий йўлларни қидириши лозим. Ўғил-қизларда: «Бугун устозлардан яна ҳам қизиқарли сабоқ оламан, билмаганларимни сўраб, масалага ойдинлик киритаман», деган интилиш бўлиши учун, хўш, нима қилиш лозим? Биз шу ҳақда жиддий бош қотиришимиз лозим. ­Бошқа йўл йўқ. Чунки глобаллашув жараёнини тўхтатиб бўлмайди. Интернет ва бошқа ахборот воситаларидан ҳам воз кечиш мумкин эмас. Бу — ҳаёт оқими. Биз ўғил-қизларимизга замонавий ахборот манбаларидан оқилона фойдаланиш йўлини кўрсатсак, уларни ёмон билан яхшининг фарқига боришга ўр­гатсак ва ҳар томонлама ибрат бўлсак, фарзандларимиз ҳеч кимдан кам бўлмайди.

— Ёш авлод тарбияси борасида мусулмонлар идораси, унинг жойлардаги вакиллари қандай маърифий ишларни олиб бормоқда?

Ёш авлодни комил инсон руҳида тарбия қилишда оила, ўқув юртлари, маҳалла ва жамоатчиликнинг ўрни беқиёс, албатта. Қайси жойдан жиноятчи, адашган ёки саёқ ёшлар чиқаётган бўлса, билингки, мана шу масъул соҳалар лоқайдлиги туфайли. Демак, улар ёш авлод тақдирига етарли эътибор қаратмаётир. Ўз бурчини, вазифасини виждонан адо этмаётир. Ёшлар тарбияси борасида кўп иш қилинаётир, аммо мазкур жараёнда изчиллик ва собитқадамлик етарли эмас. Мен ёшлар тарбиясига масъул бўлган ҳар бир шахс уларнинг бахт-саодати йўлида фидойи ва бир-бирига намуна бўлишини истардим. Зеро, муқаддас динимиз таълимотига кўра, одам фақат ўз манфаатини ўйлаб яшаши мақбул эмас. Ўзгалар манфаатини биринчи ўринга қўйиб, кўпроқ эл-улус ғамини еб яшаш, одамларга моддий ва маънавий ёрдам бериш эса азиз-авлиёларга хос хислат ва фазилат дейилади. Мир Алишер Навоий ҳазратлари бежиз:

Кимки бир кўнгли бузуқни хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай, — демаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси, унинг тасарруфидаги барча масжидларнинг имомлари, мадрасаларнинг мударрислари, вилоятлардаги вакиллари диёримиз мусулмонларига шариат аҳ­ком­ларини етказиб бериш билан бирга, муҳим мавзуларда маърифий ваъз-насиҳат ўтказилиши анъанавий тарзда йўлга қў­йилган. Шунингдек, ёшлар тарбиясига оид адабиёт ва қўл­ланмалар тайёрлаб, нашр этиш изчил тус олган.

Булардан ташқари, мутасадди ва масъул ходимлар томонидан ҳар йили вилоятларда мингга яқин учрашув ва маърифий мулоқотлар ўтказиб келинади. Махсус дастурлар асосида илмий-амалий семинар ва анжуманлар ташкил қилинади. Бу каби илмий-маърифий тарғибот ишлари ҳеч вақт ниҳоя билмайди.

Ўғил-қизларимизга тўғри тарбия берсак, уларнинг тушунчаси бой ва мустаҳкам бўлса, бизнинг орзу-истакларимизни рўёбга чиқаради. Фар­занд­лар бизнинг бебаҳо бойлигимиздир. Улардан вақт­ни, меҳрни, илмни, тарбия ва эътиборни аямаслигимиз лозим.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Бардамбек САЪДУЛЛАЕВ суҳбатлашди. 



DB query error.
Please try later.