19.01.2016

МАМЛАКАТИМИЗНИНГ ИҚТИСОДИЙ ҚУДРАТИ ЮКСАЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси халқимиз томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда, тегишли хулосалар чиқариб олинмоқда.

Маърузада келтирилган рақамлар, маълумотлар юртимиз тобора обод бўлиб, халқимиз ҳаёти фаровонлашиб бораётганини кўрсатади. 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишларида қайд этилган рақамлар, вазифалар эса тараққиётимизни яна бир поғона юқорига олиб чиқишга хизмат қилади. Маърузани ўқиб, ўрганаётган партиямиз фаоллари, юртдошларимиз ана шундай фикрларни билдирмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган барча даражадаги депутатлар, партия ташкилотлари етакчилари ва фаоллар ушбу кенг қамровли маърузанинг мазмун-моҳияти, халқимиз тақдири, жамиятимиз ҳаёти, тараққиётидаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини ўртага ташламоқда. Давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси, электорат манфаатлари билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш бўйича янги вазифалар белгилаб олинмоқда.

Баҳромжон ОБИДЖОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Президентимиз ўз маърузасида дастлаб ўтган йилда амалга оширилган ислоҳотлар, катта аҳамиятга эга бўлган ўзгаришлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва экс­пертларнинг мамлакатимиз ривожи ҳақидаги таҳлилий ҳулосаларига эътиборимизни қаратди. Аввало, шуни айтиш керакки, 2015 йилда эришилган улкан ютуқлар иқтисодиётимиздаги юксалишлар, халқимиз турмушидаги ўзгаришларда яққол акс этди. Буни ижтимоий соҳада эришилган натижалар мисолида ҳам кўриб турибмиз.

Ўтган йили аҳоли бандлигини таъминлаш, авваламбор, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув ­юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалалари ҳар доимгидек, эътибор марказида бўлди. Шу давр­да мамлакатимизда 980 мингдан ортиқ кишининг банд­лиги таъминланган бўлса, шунинг 60 фоизи қишлоқ жойларига тўғри келди. Қувонарлиси, касб-ҳунар коллежларининг 480 минг нафардан ортиқ битирувчиси иш билан таъминланди. Уларга тижорат банклари томонидан 280 миллиард сўмга яқин имтиёзли кредитлар ажратилди. Битирувчи ёшларимиз шу асосда ўз ишини йўлга қўйиб олди. Булар айтишга осон албатта. Аввало, чуқур ўйлаб олиб борилган сиёсат, ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар, матонатли меҳнат эвазига бу ютуқларга эришилмоқда.

Биз аҳоли, сайловчилар билан учрашганимизда жойлардаги янгиланишлар, ўзгаришлар одамларнинг кайфиятига ижобий таъсир қилаётганининг гувоҳи бўламиз. Улар катта-катта орзу ниятлар билан меҳнат қилишаётганини айтишади. Айниқса, ёш фермерлар, коллежни битириб, ўз ишини йўлга қўйган йигит-қизларнинг ёниб турган кўзлари кўп нарсадан гувоҳлик беради.

Иқтисодиётимизнинг жадал суръатлар билан ўсиши, янги иш ўринлари яратилиши биринчи нав­батда аҳоли даромадларини янада кўпайтириш, одамларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Биз ­тарғибот ишларида бу масалага алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

Лола ИЛИЕВА, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети кафедра мудири, Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Ҳар йили бўлгани сингари 2015 йилда ҳам таълим-тарбия соҳасини янада ислоҳ этиш ва такомиллаштириш учун давлат Бюджети ҳисобидан катта маблағ сарфланди. Маърузада алоҳида қайд этилганидек, 384 объектнинг моддий-техник базасини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бў­йича қиймати 423 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилди, намунавий лойиҳалар асосида 29 янги умумтаълим мактаби барпо этилди, 219 мактаб реконструкция қилиниб, 136 таси капитал таъмирланди.

Энди ўйлаб кўрайлик, бу рақам ва кўрсаткичлар нимани англатади? Биринчи навбатда, ёшларимизга эътибор ва ғамхўрлик ­намунаси бу, деб ўйлайман. Улар чуқурроқ билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун зарур шароитлар яратиб берилаётганини кўрсатади. Таълим-тарбия жараёни такомиллашиб бораётганини билдиради.

Ана шулар ҳақида гапирганда, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчиларини мунтазам қайта тайёрлаш бўйича мутлақо янги, такомиллаштирилган тизим жорий қилинганини алоҳида таъкидлаш керак. Яъни, 15 таянч олий ўқув юртида олий таълим муассасалари раҳбарлари ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш курслари ташкил этилди. Мазкур курсларда олий ўқув юртларининг 2 минг 700 нафарга яқин ўқитувчиси малака оширди.

Бизнинг олий таълим муассасамизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Профессор-ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши, малакасини доимий ошириб боришига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юртбошимиз маърузасини ўқиб, таълим соҳасига ўзини дахлдор ҳисоблаган ҳар бир инсон зиммасида ҳали жуда катта вазифалар турганини ҳис қилдим. Бугунги замон биздан фидойи бўлишни, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишни талаб этади.

Барно САНАҚУЛОВА, иқтисод фанлари номзоди, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Экспертлар гуруҳи аъзоси:

— Президентимиз маърузада 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига тўхталаркан, хусусан, жорий йилда умумий қиймати 5 миллиард доллардан зиёд бўлган 164 йирик инвестиция ­ло­йиҳасини белгиланган муддатларда сўзсиз ишга тушириш лозимлигини қайд этди. Албатта, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш иқтисодиётимизнинг бар­қарор ва тез суръатларда ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Ушбу улкан лойиҳалар амалга ошиши қанчадан-қанча юртдошларимиз ишли бўлишига, қанчадан-қанча оилаларнинг фаровонлиги ошишига хизмат қилади.

Шунингдек, 2016 йилда қишлоқ жойларда 1 миллион 800 минг квадрат метрдан зиёд ҳажмдаги 13 минг­та уй-жой барпо этиш, узунлиги 900 километр ичимлик суви, газ ва электр тармоқлари, 325 километр йўл қурилиши мўлжалланаётгани ҳам таъкидланди.

Қишлоқ жойларида бу каби шарт-шароитларнинг яратилиши, биринчи ­навбатда, ­ижтимоий ҳи­моя­га муҳтож, кам таъминланган аҳоли вакиллари учун муҳимдир. Барча ўзгариш ва янгиланишлар асосида эса мус­таҳкам иқтисод туради. Агар мамлакатнинг иқтисодиёти барқ­арор бўлмаса, ривожланишнинг аниқ режалари мавжуд бўлмаса, бу мақсадларнинг бирортасига эришиб бўл­майди. Демак, мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Шундай шароитда ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб, меҳнат қилишимиз ҳаётий зарурат ҳисобланади.

Назира МАТЁҚУБОВА, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:

— Маърузада келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини янада ошириш билан боғлиқ масалалар жорий йилда ҳам эътибор марказида бўлади. Маърузада алоҳида таъкидланганидек, бу йил ижтимоий соҳага давлат Бюджети жами харажатларининг 59,1 фоизи ёки ўтган йилга нисбатан кўпроқ маблағ ажратилади. Жумладан, таълим-тарбия соҳасига давлат Бюджети харажатларининг 33,7 фоизи, соғлиқни сақлаш тизимига 14 фоизи йўналтирилади. Таълим-тарбия соҳасини таъминлаш ва ривожлантириш сарф-харажатлари ўтган йилдагига қараганда 16,3 фоизга, соғлиқни сақлаш тизимида 16 фоизга кўпаяди.

Дунёда мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кескинлашиб бораётган, молиявий-иқтисодий инқироз ҳамон давом этаётгани ҳақида ўйлайдиган бўлсак, бу кўрсаткичларнинг қанчалик муҳим ва қадрли экани яққолроқ намоён бўлади.

Президентимиз маърузада бизнинг партиямиз учун муҳим бўлган яна бир масалага алоҳида эътибор қаратди. Яъни ҳар йили касб-ҳунар коллежлари ва лицейларга қабул режасини ишлаб чиқишда 3-4 йилдан сўнг туман, шаҳар ва вилоятлар ҳудудида қандай янги объект­лар ишга туширилиши, уларда меҳнат қилиш учун қайси мутахассисликлар бўйича кадрлар кераклигини ҳар томонлама ҳисобга олиш ва шу асосда қабул режасига тегишли ўзгартиришлар киритиш ғоят муҳим вазифа экани таъкидланди.

Ушбу масалада Ўзбекистон ХДПнинг минтақавий ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари янада фаол ва ташаббускор бўлишлари талаб этилади. Партиямиз Жамоатчилик қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар, ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирлари асосида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларига таклифлар билан чиқиш муҳим аҳамиятга эга.

Умуман, мамлакатимизни тараққий эттириш, иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш масалаларида партия­миз ташкилотлари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари олдида долзарб вазифалар турибди. Уларни бажариш учун ҳар биримиз зиммамизда турган масъулиятни чуқур ҳис қилишимиз, ўзимизга ва бир-биримизга талабчанликни янада оширишимиз зарур.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.