Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
19.01.2016

ҚОНУН МУКАММАЛ БЎЛИШИ КЕРАК

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси бўйича ўз позициясини маълум қилди

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинмоқда.

Аввало айтиш керакки, мазкур қонун лойиҳаси барча сиёсий партиялар фракциялари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилган ва концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланган эди. Айни пайт­да қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш бўйича фракциялар томонидан таклифлар тайёрланмоқда.

13 январь куни парламент Қонунчилик палатасидаги Демократик кучлар блоки йиғилишида қонун лойиҳаси муҳокама этилиб, қўллаб-қувватланди ҳамда «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрирда эълон қилинишига қарор қилинди. Бироқ Ўзбекистон ХДП фракцияси қонун ло­йиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилишида партия Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, қонун лойиҳасидаги айрим меъёрлар бўйича ўз позициясига эга эканини маълум қилди.

Хўш, масаланинг моҳияти қандай? ЎзХДП фракцияси аъзолари қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича илгари сураётган таклифларнинг аҳамияти нимадан иборат?

Фарҳод УМАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Ушбу саволларга жавоб топиш учун айрим маълумотларга тўхталиб ўтиш жоиз. Амалдаги «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун 1996 йилда қабул қилинган бўлиб, бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш, хўжалик операцияларини назорат қилиш, бухгалтерия ҳужжатларини сақлаш, молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим этиш тартибини қамраб олган. Лекин Қонуннинг айрим моддалари ва нормаларини қўллашда охирги йилларда қабул қилинган бош­қа қонун ҳужжатларига нисбатан номувофиқликлар келиб чиқ­япти. Бу эса хўжалик юритувчи субъект­лар, давлат ва хўжалик бошқарув органлари ҳамда судлар фаолиятида маълум қийинчиликларни юзага келтиряпти.

Бюджет кодексининг қабул қилиниши муносабати билан Қонунга 2013-2014 йилларда киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар бюджет ташкилотларида бухгалтерия ҳисобини тартибга солиш, бошланғич ҳисоб ҳужжатлари масалаларида айрим ёндашувларни ўзгартириш ва молия­вий ҳисобот шаклларини қисқартириш имконини берди. Ўз навбатида, динамик ривожланаётган демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнлари бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада ­такомиллаштириш заруратини туғдирди. Шунинг учун Қонунни янги таҳрирда қабул қилиш эҳтиёжи вужудга келди.

Энди бевосита парламентда муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасига тўхталсак. Ундан кўзланган мақсад — қонундаги алоҳида моддаларни қайта кўриб чиқиш, янги ва аниқлаштирувчи меъёрларни киритиш, шунингдек, бухгалтерия ҳисоби тизими халқаро тамойил ва стандартларга мувофиқ тарзда янада ривожланиши учун ҳуқуқий шароит яратиб беришдан иборат.

Қонун лойиҳасида қатор масалалар кўзда тутилмоқда. Жумладан, қонун лойиҳасида бухгалтерлар жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий мақоми, уларнинг бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги ҳуқуқлари («Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонунга мос равишда) очиб берилган.

Бугунги кунда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этишда 20 дан ортиқ бухгалтерия миллий стандартларига амал қилиб келинаётган бўлса-да, амалдаги Қонун матнида ушбу стандартлар ҳақида тушунчалар ўрин олмаган. Қонун лойиҳасида бу борадаги номувофиқликни бартараф этиш масаласи ҳисобга олинган. Шунингдек, «бухгалтерия ҳисоби» ва «бухгалтерия ахбороти» каби тушунчалар алоҳида модда сифатида назарда тутилмоқда.

Албатта, ушбу меъёрлар келажакда бухгалтерия тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Айнан юқоридаги сабабларга кўра фракциямиз қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал нуқтаи-назардан қўллаб-қувватлади.

Лекин қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида фракциямиз аъзолари айрим меъёрлар бўйича партиямиз Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, ўз таклифларини билдирди.

Қаҳрамон МИРЗАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Бизнинг фикримизча, янги таҳрирда қабул қилинадиган қонун бухгалтерия тизими билан боғлиқ барча муносабатларни қамраб олиши, давлатимиз сиёсатининг муҳим ва устувор йўналишларига мос келиши лозим. Қонун лойиҳасидаги айрим меъёрлар эса ушбу тамойилга тўғри келмаяпти. Мисол учун, қонун лойиҳасида мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган бухгалтерия ҳисоби субъекти бухгалтерия хизматининг раҳбари олий маълумотга эга бўлиши лозимлиги кўрсатилган. Маълумки, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг мутахассислиги бўйича бандлигини таъминлашга қаратилган сиёсат партия­миз Сайловолди дастуридан алоҳида ўрин олган. Шу боис юқоридаги меъёр мамлакатимиз касб-ҳунар коллежларини бухгалтерия мутахассислиги бўйича битираётган кўплаб умидли ёшларимизнинг ҳуқуқларини чеклайди, имкониятларини қисқартиради, деб ҳисоблаймиз. Таклифимиз шундан иборатки, бухгалтерия хизматининг раҳбари бўлиш учун охирги беш календар йилидан камида уч йили бухгалтерия ҳисобини юритиш ёки молиявий ҳисоботни тузиш ёхуд аудиторлик фаолияти билан боғлиқ иш стажига эга бўлишнинг ўзи етарли. Қонунга бу масалада қўшимча талаб киритишнинг зарурати йўқ.

Саҳобиддин АРЗИҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Бундан ташқари, қонун лойиҳасига кўра, барча бухгалтерия ҳисоби субъектининг бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбарлари уч йилда бир марта малака оширишдан ўтиши кўзда тутилган эди. Аммо Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари таклифига асосан масъул қўмита томонидан ушбу меъёрга фақатгина аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган бухгалтерия ҳисоби субъектининг бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбарларига нисбатан қўлланилишини назарда тутадиган ўзгартириш киритилди. Бу эса мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлмаган корхона ва ташкилотлар бухгалтерия хизмати раҳбарларининг ўз устида ишламаслигига, иқтисодиётимизда, молия ва солиқ соҳаларида бўлаётган ўзгаришлардан бехабар қолишларига олиб келиши, натижада бухгалтерия ҳисоби юритилишида хато ва камчиликларга йўл қўйилиши мумкин. Шунинг учун қонун ташаббускори (Вазирлар Маҳкамаси) томонидан киритилган меъёр қонун лойиҳасида қолдирилиши лозим, деб ўйлаймиз.

Зулайҳо АКРАМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Шу ўринда яна бир масалага эътибор қаратиш жоиз. Партиямиз Жамоатчилик қабулхоналарига электоратимиз ҳисобланган пенсионерлардан тушаётган қатор мурожаатларда ёшга доир нафақага чиқиш учун талаб этиладиган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни олишда қийинчиликлар келиб чиқаётгани айтилмоқда.

Бундай ҳолатлар, айниқса, либерал-демократларнинг асосий таянчи бўлмиш хусусий секторга тааллуқлидир. Корхоналар, тадбиркорлик субъектларида иш стажи, иш ҳақи миқдори тўғрисидаги маълумотлар доимий ёки тўлиқ сақланмаслик ҳолатлари йўқ эмас. Худди, шунингдек, тугатилган корхоналарда юритилган тегишли молиявий ҳужжатлар архивга топширилмай қолган ҳолатлар мавжуд. Бу эса айрим ҳолларда фуқароларга пенсия миқдорини тайинлашда муайян қийинчиликлар, англашилмовчиликларни келтириб чиқармоқда.

Қонун лойиҳасининг «Бухгалтерия ҳужжатларини сақлаш» номли моддасида бухгалтерия ҳужжатлари ҳисобот йилидан кейин камида беш йил муддат мобайнида сақланиши кўрсатилган. Юқоридаги каби ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида бухгалтерия ҳужжатларини сақлаш муддатини қайта кўриш, шунингдек, тугатилаётган корхоналарнинг молиявий ҳужжатларини айнан мана шу қонун билан архивларга топшириш мажбуриятини юклашимиз лозим, деб ҳисоблаймиз.

Бу мулкчилик шаклидан қатъи назар, иш берувчиларнинг ходимларнинг ҳуқуқ-манфаатлари билан боғлиқ ҳужжатларни бекаму-кўст сақлаш бўйича масъулиятини оширишга, сарсон-саргардончиликларни бартараф этишга хизмат қилади.

Фракциямиз аъзоларининг фикрича, қонун лойиҳасида келтирилган «ички назорат» ҳақидаги меъёр бевосита «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг объекти эмас. Мулкий шакли, таркиби, молиявий операциялари ҳажмидан келиб чиқиб, ушбу жараённи ҳар бир корхона ички ҳужжатларида акс эттириши керак. Шунингдек, қонун лойиҳасида хўжалик юритувчи субъект ва унинг бухгалтерия хизмати раҳбари ўртасида юзага келган низонинг ҳал этилиши ва жавобгарликнинг тақсимланиши билан боғлиқ меъёр белгиланмоқда. Фракциямиз аъзоларининг таъкидлашича, бу масала ҳам ҳар бир хўжалик юритувчи субъектнинг ички тартиб-қоидалари билан белгиланиши лозим.

 

ЎзХДП фракцияси аъзолари юқоридаги таклифлар қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга, келгусида бухгалтерия ҳисобининг шаффофлигини, ички назорат тизимини таъминлашга, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва бухгалтерларнинг ҳуқуқий масъулиятини кучайтиришга, шунинг билан бирга, мазкур соҳада қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди.

Йиғилиш сўнггида масаланинг ижтимоий-иқтисодий аҳамиятини ҳисобга олиб, қонун лойиҳасини жамоатчилик, бухгалтерларнинг профессионал бирлашмалари, молия ва иқтисодчи мутахассислар, бизнес вакиллари ва хўжалик юритувчи субъект­лар вакиллари иштирокида кенг муҳокамадан ўтказишга келишиб олинди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.