19.01.2016

ЁШЛАР ТАЪЛИМ-ТАРБИЯСИ

долзарб, муҳим масала

Баҳриддин ЗАЙНИДДИНОВ, Тошкент солиқ коллежи директори:

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 24 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида ҳарбийлар, умуман, кенг жамоатчилик вакиллари олдига масъулиятли, муҳим вазифалар қўйди.

Табрикда қайд этилганидек, дунё шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги замонда, маънавий қадриятларимиз, маданият ва урф-одатларимизга мутлақо зид бўлган, ёт ва буз­ғунчи ғояларни жамиятимиз ҳаётига турли йўллар билан сингдиришга қаратилган уринишлар кучайган, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онгини эгаллаш учун кескин кураш кетаётган бир шароитда, ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматгача бўлган ёшдаги фарзандларимизни тарбиялаш ва уларнинг маънавий-руҳий тайёргарлигини ошириш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

Ҳеч қайси бир миллат, мамлакат ёки ота-она йўқки, фарзандини ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом бўлиб улғайишини истамаса. Эртанги кунини ўйлаган халқ, давлат бу масалага жиддий эътибор қаратади.

Мазкур йўналишдаги муҳим вазифалардан бири бу — тар­ғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш, ёшларни Ватанга садоқат, қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда Қуролли Кучларимиздан ғурурланиш ва ҳарбий хизматга муқаддас бурч сифатида қараш каби туйғуларни камол топтиришдир. Шу ўринда, айниқса, таълим муассасаларида ҳарбий ватанпарварлик йўналишидаги дарслар, учрашувлар, тадбирлар савиясини кўтариш, мазмун-моҳиятини янада чуқурлаштириш, бир сўз билан айтганда, янада юксалтириш долзарб масалага айланмоқда.

Бугун дунёда юз бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, турли низолар келиб чиқишининг асосий омилларини таҳлил этар эканмиз, Президентимиз табрикда ўртага ташлаган масала қанчалик муҳим эканини янада теранроқ англаймиз.

Қайси мамлакатда ёшлар масаласи эътибордан четда қолган, маънавий қадриятлар оёқ-ости қилинган бўлса, ўша жойда парокандалик, инқироз кузатилмоқда. Буни шу кунларда хорижий мамлакатларда бўлаётган воқеа-ҳодисалар мисолида ҳам кўриб турибмиз. Турли хуружлар, ғоя­вий таҳдидларга қарши тура оладиган, ўз мустақил фикри, дунёқарашига эга бўлган йигит-қизлар ҳар қандай мамлакатнинг энг катта бойлигидир.

Шу кунларда зиёлилар, жамоат ташкилотлари ва ижтимоий тузилмалар, маданият, санъат ва спорт каби соҳаларнинг кўзга кўринган намояндалари бу жараёнда янада фаол иштирок этиши, ҳам сўзда, ҳам шахсий ибрати билан келажак авлодни Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини асраб-авайлаш, таҳдидларга қарши мардона курашиш руҳида тарбиялаш ишига муносиб ҳисса қўшиши талаб этилади.

Табрикда алоҳида таъкидланганидек, бундай ўта муҳим ишда расмиятчилик ва юзаки ёндашувлардан воз кечган ҳолда, оммавий ахборот воситалари ва Интернетнинг миллий тармоғи имкониятларидан кенг фойдаланиш зарур.

Жаҳонда юз бераётган бугунги таҳликали вазият ҳар биримиздан, айниқса, ўқитувчи-мураббийлардан, ота-оналардан, маҳалла фаолларидан янада ҳушёр ва огоҳ бўлишни тақозо этмоқда.

Фарзандларимиз таълим-тарбияси, дарсдан ташқари шуғулланаётган машғулотлари, оила муҳити, керак бўлса, унинг атрофидагилар, интернет тармоғидаги фаолияти барча-барчаси доимий эътиборимизда бўлиши лозим.

Бунда ота-она — таълим даргоҳи — маҳалла ҳамкорлигига таяниш, ҳар бир ҳал­қанинг мустаҳкамлигини назорат қилиш жуда муҳимдир.

Бугун мамлакатимизда ёшларимиз учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ўқийман деганга, ҳунар ўрганмоқчи бўлганга, спорт билан шуғулланиш истагидагиларга имконият эшиклари очиқ. Мана шундай эътибор ва ғамхўрликнинг қадрига етишни, улардан унумли фойдаланишни ёшларимиз онгига сингдиришимиз, мухтасар айтганда, уларни тўғри йўлга бошлашимиз, йўналтиришимиз зарур.

Ватанини севадиган, оиласини қадрлайдиган, ота-онасини ҳурмат қиладиган фарзанд­дан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди, у ён-атрофида бўлаётган воқеаларга бефарқ қарамайди, Ватани учун керак бўлса жонини ҳам аямайди. Демак, бизнинг, жамиятнинг олдида турган асосий вазифа ёшларимизни ана шундай фазилатларга эга кишилар қилиб тарбиялашдир.



DB query error.
Please try later.