Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
16.01.2016

2016 ЙИЛ 1 МАРТДАН

йўл ҳаракати қоидалари ўзгаради

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавф­сизлиги Бош бошқармаси матбуот анжумани ўтказди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан «Йўл ҳаракати қоидалари»га киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Янги таҳрирдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»га 15 қўшимча, бир қанча ўзгартишлар киритилди. Айрим атамалар ҳамда тушунчалар таърифи аниқлаштирилди.

Амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»да «мотоцикл» атамасига кажавали ёки кажавасиз икки ғилдиракли механик транспорт воситаси, деб изоҳ берилган эди. Бу изоҳ ҳозирги кун талабига тўлиқ жавоб бермай қолди. Чунки техника тараққиёти натижасида автомобиль йўлларимизда «мотоцикл» атамаси билан айтилмайдиган, аммо айнан шу туркумга мансуб бўлган икки, уч ва тўрт ғилдиракли механик воситалар кўпайди. Ўз-ўзидан улар томонидан қоидаларни бузиш ҳолатлари учраб турибди. Бундай ҳолатларни тартибга келтириш учун амалдаги қоидага тегишли ўзгартиш киритиш зарурати пайдо бўлди. Шу сабабли, «мотоцикл» тушунчаси кенгайтирилиб, двигатель иш ҳажми 50 сан­ти­метр­дан юқори, тезлиги 50 километр соатдан ортиқ скутер, электроскутер ва квадроцикл­лар шу атамага киритилди.

Эндиликда санаб ўтилган транспорт воситалари мотоцикл сифатида рўйхатга олинади ва уларга давлат рақам белгилари берилади. Бундай турдаги транспорт воситасини бошқарадиган ҳайдовчилар «А» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлишлари шарт.

Маълумки, транспорт воситаларида йўловчилар, айниқса, болалар хавфсизлигини таъминлаш муҳимдир. Шу сабабдан қоидага «Болалар гуруҳини ташкилий ташиш» атамаси киритилди. Унга кўра, 8 ва ундан ортиқ болани автобусда ташиш (йўналишли транспорт воситалари бундан мустасно) болаларни ташкилий ташиш экани белгиланди.

ДЙҲХХ йўл патрул хизмати фаолиятида йўл ҳаракати доирасидаги ҳуқуқбузарликларни автоматик тарзда аниқлаш амалиёти кенг қўлланилмоқда. Шу сабабли «фото ва видеофиксация» ибораси қоидада ўз аксини топиб, маъмурий ҳужжатларда ҳам қайд этилмоқда.

Янги таҳрирдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»да ҳайдовчиларга бир қатор мажбуриятлар ҳам юклатилди. Эндиликда ҳайдовчи ҳаракатни бошлашдан олдин йўловчиларни ҳаракат вақтида танани (қўлни чиқариш бунга кирмайди) автомобиль салонидан ташқарига чиқариш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантириши шарт. Бундан ташқари, ҳайдовчи йўловчиларга хавфсизлик камарини тақиб олишни айтиши мажбурий қоида ҳисобланади.

Яна бир муҳим янгилик. Маълумки, тунда транспорт воситаси бирон бир сабаб билан, масалан, носозлик туфайли тўхтаб қолиши мумкин. Шундай вақтда ҳайдовчи машинасини таъмирлаш учун таш­қарига чиқади. Мана шу вақт­да йўлдан ўтаётган транспорт воситаси ҳайдовчилари таъмирлаш ишлари билан банд бўлган одамни кўрмай қолиши, бунинг натижасида бахтсиз ҳодиса рўй бериши мумкин. Мана шуларни эътиборга олиб, янги қоидада ­тунги вақт­ларда ҳайдовчиларга нур қайтарувчи нимчаларни кийиб олиш мажбурияти юклатилди. Эндиликда ҳар бир транспорт воситасида тиббиёт қутичаси, ўт ўчиргич, мажбурий тўхтаганни билдирувчи белги билан биргаликда нур қайтарувчи махсус нимчалар ҳам бўлиши шарт. Шунинг учун бу янгиликка барча ҳаракат иштирокчилари алоҳида эътибор билан қарашлари керак бўлади.

Қоидада пиёдаларга йўл юрганда, пиёдалар учун ажратилган жойлардан ўтаётганда хаёлни чалғитувчи нарсалардан, жумладан, телефон, планшетлардан фойдаланиш, видео кўриш, газета-журнал ва китоб ўқиш ман этилди.

Яна бир янгилик бу — тезлик билан боғлиқдир. Турар-жой даҳаларида, кўп қаватли уйлар орасида юқори тезлик соатига 30 километр қилиб белгиланди. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоят ҳокимликларига агар йўлнинг ҳолати тезликни ошириш имконини берса, айрим жойларда ёки айрим йўл бўлакларида, айрим транспорт восталарига тезликни ошириш учун рухсат бериш ваколати берилди.

«Йўл ҳаракати қоидалари»га бошқа бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам киритилди. Бундан кўзланган асосий мақсад йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, одамларнинг соғлиғи ва ҳаётини муҳофаза қилиш чораларини кучайтиришдир.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.