16.01.2016

СОЛИҚ ЎЗГАРИШЛАРИДАН

бехабар қолманг

Давлат солиқ қўмитаси солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида кўргазмали семинар ўтказди.

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўр­саткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисидаги қарорига асосан юртимизда тадбиркорлик ­фаолиятини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг реал даромадларини ошириш мақсадида қатор солиқ ва мажбурий тўловларнинг ставкалари пасайтирилди. Шу­нинг­дек, қонун ҳужжатларига мувофиқ берилган имтиёзлар муддати узайтирилди.

Хусусан, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 2015 йилдаги 6 фоиздан 1 фоизли пунктга пасайтирилиб, 5 фоиз қилиб белгиланди. Божхона расмийлаштируви бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар (божхона брокерлари) учун ягона солиқ тўлови ставкаси ҳам 1 фоизли пунктга пасайтирилиб, 5 фоиз қилиб белгиланди. Эътироф этиш жоизки, ягона солиқ тўлови ставкасининг камайиши ҳисобига микрофирмалар ва кичик корхоналар ихтиёрида жорий йилда 58,4 миллиард сўм маблағ қолиши кутилмоқда.

Экспорт қилувчи корхоналар учун қатор солиқ имтиёзлари 2016 йилда ҳам сақлаб қолинди.

Тадбиркорлик фаолия­тини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар учун фойда солиғи, мол-мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ҳамда Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этиш тарзидаги имтиёзларнинг муддати 2018 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.

Бундан ташқари, тўқимачилик саноати корхоналари учун мол-мулк солиғи тўлашдан озод этиш бўйича берилган имтиёзнинг муддати 2018 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.

Жисмоний шахслар даромадларига солиқ юкини пасайтириш мақсадида шу йилнинг 1 январидан бошлаб жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкасининг иккинчи шкаласи (энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда) 2015 йилдаги 8,5 фоиздан 1 фоизли пунктга камайтирилиб, 7,5 фоиз қилиб белгиланди. Натижада 235 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ишчи ва хизматчиларнинг ихтиёрида қоладиган бўлди.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг амалдаги ставкаси 15 фоизга индексация қилинди ва солиқнинг асосий ставкаси мол-мулкнинг инвентаризация қийматига нисбатан 1,5 фоиз миқдорида белгиланди. Алоҳида ставкалар шаҳарларда жойлашган умумий майдони 200 квадрат метрдан 500 квадрат метргача бўлган тураржой ва квартираларга 1,8 фоиз, майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган тураржой ва квартиралар учун эса 2,5 фоиз қилиб белгиланди. Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни кадастр ҳужжатларидаги инвентаризация қийматидан келиб чиқиб, бироқ 3 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдордан солиқ ҳисоблаш тартиби жорий қилинди.

«Солиқ ва бюджет сиё­сатининг 2016 йилга мўл­жалланган асосий йўналишлари қабул қи­линганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан Солиқ кодексининг 39 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Кирим қилинмаган товарлар учун қўлланиладиган молиявий жарима шу йил 1 январдан бошлаб, ушбу кирим қилинмаган товарлар суммасининг 100 фоизи ўрнига 20 фоиз миқдорида ундирилиши белгиланди, яъни 5 баробарга камайтирилди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.