16.01.2016

СОҒЛОМ АВЛОД ШАКЛЛАНИШИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, инсон саломатлигининг 50-52 фоизи турмуш тарзига, истеъмол қилаётган озиқ-овқатига, 20 фоизи атроф-муҳит таъсири ва 8-10 фоизи тиббий хизмат даражасига боғлиқ. Бундан кўринадики, витаминларга бой маҳсулот истеъмол қилиш, соғлом турмуш тарзига эътиборли бўлиш соғлом ҳаёт кечиришнинг асосий омилидир.

Бинобарин, болалар саломатлигини асраш уларнинг витаминга бой озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилиши, тўғри овқатланиши ва соғ­лом турмуш тарзи муҳим аҳамиятга эга.

Президентимиз Ислом ­Каримов раҳнамолигида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, болалар саломатлигини асраш, хасталикларнинг олдини олиш чораларини кўриш мақсадида кўплаб ло­йиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. «Кўкрак сути билан эмизишни тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлаш», «Беш ёшгача бўлган болалар орасида А витамини саплементацияси» каби лойиҳалар болалар ўлимининг камайиши, хас­таликлар асоратини бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги ҳамда «Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида»ги қонунларининг қабул қилиниши аҳоли ўртасида турли касалликлар камайишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, болаларни эмлаш, уларни витаминлар билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар самарасида ўсиб келаётган авлоднинг соғлом ва баркамол улғайишида улкан натижаларга эришилмоқда.

Мазкур йўналишдаги миллий дастур асосида 2003 йилдан буён йилда икки марта «Болалар саломатлиги ҳафталиги» ўтказилади. Болаларни юқумли касалликларга қарши давлат томонидан бепул эмлашнинг миллий тақвими яратилиб, замон талаблари асосида янги эмлаш воситалари билан бойитилмоқда.

Яқинда ўтказилган ушбу саплементациянинг йигирма бешинчи тури давомида мамлакатимиздаги 2,7 миллион бола А витамини билан эмланди. 

А витамини етишмаслиги натижасида эпителий тўқимаси зарарланади, кўз хиралашади. Тери, нафас йўллари, қовуқ ва ичакда салбий ўзгаришлар пайдо бўлади. Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида балиқ мойи, сариёғ, сут, тухум сариғи, жигар, буйракда ушбу витамин бор. А витамини кўплаб касалликларнинг олдини олиш ва асоратини йўқотишга хизмат қилади. Тузни йодлаш, болалар ўртасида А витамини саплементацияси, ҳомиладор аёлларни поливитамин комплекслари билан таъминлаш каби дастурлар микронутриентлар тан­қислиги, камқонликнинг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида кўп­лаб хасталикларнинг олди олинаётгани халқимизнинг соғ­лом турмуш кечиришида муҳим аҳамият касб этаётир.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 6-оилавий поликлиникада ҳам болаларда А витамини танқислигининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оила шифокорлари оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, улар организмини керакли витаминлар билан тўйинтириш мақсадида овқатланиш рационига амал қилиш, болани тўғри парваришлаш бўйича суҳбатлар ўтказади. Бу каби чора-тадбирлар ҳудудда аҳоли, хусусан, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилишда юксак самаралар бермоқда.

— Аҳолига витаминлар бериш, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар мунтазам ташкил этилаётгани фарзандлар саломатлигини муҳофаза қилиш имконини кенгайтирмоқда, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси педиатри ­Зуҳриддин Сиддиқов. — Аммо бу жараёнда ота-оналар эътиборли бўлиши, ўз саломатлиги, фарзандларидаги ўзгаришларга ҳушёрлик билан қараши талаб этилади.

Она соғлом бўлсагина ундан жисмонан ва ақлан соғ­лом фарзанд дунёга келади. Шу боис аёлнинг болалик, ўсмирлик давриданоқ репродуктив саломатлигига катта аҳамият бериш масъулиятли вазифадир. Мутахассислар томонидан бу борадаги тар­ғибот-тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилаётгани аҳоли, айниқса, ёш оналарнинг тиббий маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

 

Барно МЕЛИҚУЛОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.