16.01.2016

КОММУНАЛ СОҲАГА ОИД МАСАЛАЛАР

халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳларининг фаол иштирокида ҳал этилмоқда

ЎзХДП уй-жой коммунал хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, бунинг учун зарур бўлган муҳандислик ва ижтимоий инфратузилмани жадал тараққий топтириш зарур, деб ҳисоблайди. Партиямиз Сайловолди дас­турида коммунал соҳада рақобат муҳитини яратиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш борасида муҳим вазифалар белгиланган. Шундан келиб чиқиб, ўтган йили партиямиз ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳлари назорат-таҳлил ишларини олиб борди. Бу борадаги айрим масалалар сессиялар муҳокамасига олиб чиқилди. Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатларга ўз вақтида ижобий ечим топиш чоралари кўрилди.

Маълумотларга кўра, ўтган йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича Жамоатчилик қабулхоналарига коммунал соҳага оид 1500 дан ортиқ мурожаат бўлган. Уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилиб, қолганлари бўйича тушунтиришлар берилган.

Аввало таъкидлаш керакки, ҳудудларда аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини яхшилаш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётган соҳадаги айрим ­муаммолар мутасадди ташкилотлар иштирокида босқичма-бос­қич ҳал этиляпти.

Коммунал соҳадаги масалалар ечимида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари фаол иштирок этиши муҳим аҳамиятга эгадир. Бунинг учун аҳоли билан доимий мулоқотда бўлиб, жойларда бу борадаги муаммолар, кишиларни ўйлантираётган масалалардан хабардор бўлиш керак. Шунингдек, депутатлик бирлашмалари масалаларни назорат-таҳлил тартибида ўрганиши, бу жараёнда тегишли қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросига алоҳида эътибор бериши мақсадга мувофиқ, албатта.

Шоҳиста НАБИЕВА, ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

— Ўтган йили халқ депутатлари Қоровулбозор туман Кенгашидаги партиямиз гуруҳи сайловчилар мурожаати асосида туманда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласини ўрганди. Ишчи гуруҳи маълумотлари партия гуруҳи йиғилишида атрофлича кўриб чиқилди. Сўнг бу масала халқ депутатлари туман Кенгаши сессия­сида муҳокама этилди.

Ўрганишлар Чўлқувар, Тинчлик маҳаллаларида сув қувурлари, сув тозалаш иншоотлари таъмирталаб экани, қувурлар хизмат даврини ўтаб бўлганини кўрсатди. Сессия қарорига асосан, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш чоралари белгиланди.

Вилоят партия кенгаши Жамоатчилик қабулхоналарига коммунал соҳада бўлаётган мурожаатлар ечимига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, ўтган йили Қоровулбозор туманида яшовчи фуқаро ­Мария Калабухова хонадонидаги иссиқ сув қувурларини таъмирлаш масаласида ёрдам сўраб Жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилган. Бу масала туман Кенгаши депутати Ирода Облобердиева сўрови билан ҳал этилди. Депутат сўрови асосида тумандаги 8-мактаб томи ҳам таъмирлаб берилди.

Сардор ҚОСИМОВ, ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши бўлим мудири:

— Жойларда уй-жой коммунал хўжалигида кузатилаётган камчиликларни бартараф этишда ташаббускорлик, талабчанлик муҳим ўрин тутади. Шунинг учун барча даражадаги партия ташкилотлари ва гуруҳлари бу йўналишда янада жиддий ишлаши, хусусан, Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ҳал этишга эътиборни кучайтириши керак, деб ўйлайман. Бу борада атрофлича таҳлил олиб бориш, ҳар бир масалани чуқур ўрганиш, тегишли идора ва ташкилотларнинг масъулиятини ошириш, депутатлар, пар­тия гуруҳлари ваколатлари доирасида фаолият юритиш мақсадга мувофиқдир.

Партия ташкилотлари ва гуруҳлари томонидан соҳада учраётган айрим камчиликларни мутасадди идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида бартараф этишга ҳаракат қилиняпти. Бу борада Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатлар билан тизимли ишлаш муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Хусусан, 2015 йилда вилоят бўйича Жамоатчилик қабулхоналарига 600 га яқин мурожаат тушган бўлса, уларнинг 150 га яқини айнан коммунал соҳа билан боғлиқ. Мазкур мурожаатларнинг аксарияти депутатлар ҳамда масъул ташкилотлар кўмагида ижобий ҳал этилди.

Масалан, Андижон шаҳар Лутфий кўчасидаги электр сим ёғочлари яроқсиз ҳолатга келиб қолгани сабабли, уларни янгисига алмаштириш зарурати ҳақидаги аҳоли мурожаати вилоят Кенгаши депутати Абдул­ҳамид Нурматов саъй-ҳаракати билан ҳал этилди.

Андижон тумани Жевачи маҳалласида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар Жамоатчилик қабулхонамизга мурожаат қилиб, ичимлик суви таъминотида қийинчиликларга дуч келишаётганини баён этишган. Депутатлар ва вилоят «Сувоқава» очиқ акциядорлик жамияти ҳамкорлигида сув қувурларидаги носозликлар бартараф қи­линди.

Бу каби мурожаатлар ва уларнинг ечими борасидаги маълумотларни бошқа ҳудудлар мисолида ҳам давом эттириш мумкин. Коммунал хизматлар фақат бир кишининг эмас, оилалар, кўплаб одамларнинг яшаш шароити билан боғлиқ муҳим масаладир. Бу борадаги камчиликлар бутун қишлоқ ёки маҳалла аҳли турмушида қийинчилик, ноқулайлик туғдириши мумкин. Шунинг учун депутатлар, мутасадди ташкилотлар жойларда коммунал хизматлар сифатини ошириш, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ҳал қилиш масалаларига масъулият билан ёндашиши талаб этилади.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.