16.01.2016

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

ҳар бир фуқаронинг бурчидир

Президентимизнинг мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 24 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табриги ўғли ҳарбий соҳада хизмат қилаётган оналаримизнинг кўнглини тоғдек кўтарди, деб ўйлайман. Мен ҳам онаман, ўғилларим ҳарбий хизматни ўтаган, шунинг учун бунинг қандай саодат эканини юрак-юрагимдан ҳис қилиб турибман.

Табрикда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматгача бўлган фарзандларимизни тарбиялаш ва уларнинг маънавий-руҳий тайёргарлигини ошириш борасидаги вазифалар кўрсатиб ўтилди. Албатта, бу долзарб вазифаларни бажариш нафақат Қуролли Кучларимиз, балки шу юртда яшаётган ҳар бир ватандошимиз зиммасига катта масъулият юклайди.

Президентимиз табрикда бизнинг Ҳарбий доктринамиз мудофаа характерига эга эканини алоҳида таъкидлади. Агар чуқур ўйлаб, мулоҳаза қилиб кўрадиган бўлсак, айниқса, бугунги жуда мураккаб ва таҳликали замонда бундай позициянинг мазмун-моҳияти кенг, аҳамияти беқиёс экани яққол кўринади. 

Бир нарсани кўп эслайман. 80-йилларнинг бошида акам ҳарбий хизматга узоқ юртга жўнаб кетди. Онам бир энлик хат кутиб, туну кун интизор бўлиб, кўчага термуларди. Телефонда гаплашиш учун ойлаб марказий почтада навбатда турарди. Кўпинча кунлаб кутиб, охири «телефон ишламади», деб хомуш тортиб уйга қайтарди. Билардим, ўша кеча тунни уйқусиз ўтказарди. Қачон ҳарбий хизмат ҳақида гап кетса, ана шу хотиралар эсимга тушаверади.

Минг шукурки, ўғлим мус­тақиллик йилларида ўз Ватанимизда ҳарбий хизматни ўтади. Шунда бир вақтлар онамнинг кўнглидан нималар ўтганини, мус­тақилликдан олдин ўғилларини узоқларга хизматга жўнатган оналарнинг аҳволини англагандек бўлдим. Мустақиллигимизга, тинч­лигимизга шукрона келтирдим.

Бош Қомусимизда мамлакатимиз Қуролли Кучлари Ўзбекис­тон Республикасининг давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, халқимизнинг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун ташкил этилиши белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи экани қайд этилган. Шундан келиб чиқиб, ўтган давр мобайнида профессионал армияни шакллантиришга алоҳида эътибор берилиб, тизимнинг қонуний асослари янада мустаҳкамланди.

Хусусан, «Мудофаа тўғрисида», «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида»ги Қонунларнинг қабул қилиниши юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, осойишталигимизни асраш, ҳаётимизнинг барча соҳаларида барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. ­Ватан ҳимояси, Қуролли Кучларга оид қонунлар мунтазам ва изчил такомиллашиб бораяпти.

Гап шу ҳақда кетганда, мамлакатимиз дахлсизлигини таъминлаш учун мустақил бўлганимизнинг илк кунлариданоқ жасоратли қадамлар қўйилганини алоҳида таъкидлашни истардим. Яъни, 1991 йил 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилди. 1992 йил 14 январь куни эса мустақил давлатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий қисм ва бўлинмаларни Ўзбекистон тасарруфига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни, деб эълон қилинди.

90-йилларда маҳаллий офицерлар ҳарбий кадрларнинг бор-йўғи 0,6 фоизини ташкил этар эди. Шунинг учун истиқлолга эришганимиздан сўнг маҳаллий ҳарбий кадрларни тайёрлашга катта эътибор қаратилди. 1995 йилда Марказий Осиёдаги даст­лабки Қуролли Кучлар Ака­демия­си ташкил этилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган сержантлар тайёрлаш мактабларида соҳанинг барча бўғинлари учун юксак маънавий-ахлоқий ва етакчилик фазилатларига эга, интеллектуал салоҳияти юқори кичик командирлар тайёрланмоқда.

Бугун армияда хизмат қилиш бурчгина эмас, балки олий шараф ҳисобланади. Ор-номусли йигит борки, Ватан ҳимоясини ҳаётининг мазмуни, деб билади. Ота-оналар эса ўз фарзандини миллий армиямиз сафида хизмат қилишини орзу қилади. Шу маънода, Президентимизнинг байрам табригида айтилган сўзлар юрагимиз, қалбимиздан чуқур жой олди. Ҳар биримиз, энг аввало, фарзандларимизга, оила аъзоларимизга тинчликнинг, осуда ҳаётнинг қадрини, қимматини тушунтириб беришимиз, тинчликка, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз керак, деб ўйлайман.

 

Комила КАРОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.