14.01.2016

9944 БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТ

Бу йил уларнинг олдида янада масъулиятли вазифалар турибди

Сиёсий партиянинг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш, ғояларини жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, ташаббус ва амалий ишларини одамларга етказишда бошланғич партия ташкилотлари муҳим ўрин тутади. Ривожланган демократик давлатлар тажрибасидан маълумки, қайси сиёсий партия жамият ҳаётида муҳим ўринга, нуфузга эга бўлишни истаса, энг аввало, бошланғич ташкилотлар фаолиятига жиддий эътибор беради.

Ана шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимида бошлан­ғич ташкилотларнинг ташкилий-ҳуқуқий асоси мустаҳкамланаётгани, уларнинг фаолиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас, албатта.

Ўзбекистон ХДП тизимидаги 9944 бошланғич ташкилотнинг таъсир кучини ошириш, жойлардаги ижтимоий муаммоларни аниқлаш, уларни партия ташкилотларига, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларига етказишда фаоллигини кучайтириш долзарб масала ҳисобланади.

Партия Сайловолди дастурида кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, эл-юрт вакилларини қўллаб-қувватлаш ишлари самарадорлигини оширишда бошланғич ташкилотлар имкониятидан тўлиқ фойдаланиш масаласи алоҳида қайд этилган.

Соғлом она ва бола йилида партиямиз ташкилотлари ва депутатлари олдида муҳим вазифалар турибди. Чунки, Сайловолди дастурида оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, тиббий хизмат сифатини янада ошириш билан боғлиқ долзарб масалалар ўрин олган. Мазкур вазифалар ижросини таъминлашда эса айниқса бошланғич партия ташкилотлари фаол иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга.

Айни вақтда бошланғич партия ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ҳамкорлигида электорат вакиллари манфаатлари билан боғлиқ масалаларда депутатлик ва жамоатчилик назорати изчил йўлга қўйилмоқда.

— Ижтимоий масалаларни ўз вақтида самарали ҳал этишда жойлардаги ҳолатни тизимли мониторинг қилиш, бу жараёнда бошланғич партия ташкилотлари фаоллигини ошириш муҳим вазифадир, — дейди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш сектори мудири Дониёр Каримов. — Бу кўп жиҳатдан бошланғич партия ташкилотлари ишининг тизимли ташкил этилганига ҳамда етакчиларнинг салоҳияти ва ташаббускорлигига боғлиқ. Шу боис қуйи бўғин фаолиятини янада жонлантиришга қаратилган бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Марказий ҳамда минтақавий кенгашларда бошланғич ташкилотлар билан ишлайдиган сектор ташкил этилгани фикримизнинг яққол тасдиғидир. Мазкур сектор бошлан­ғич ташкилотлар фаолиятини тизимли ташкил этиш, партия дастурий мақсадларини амалга оширишдаги иштирокини янада кенгайтириш чораларини кўрмоқда. Масалан, бошланғич ташкилотлар фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида 2015 йилнинг ноябрь-декабрь ойлари давомида барча минтақавий, туман ва шаҳар кенгашларида бошланғич ташкилотлар етакчилари иштирокида семинарлар ўтказилди. Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад қуйи ташкилотлар фаоллигини янада ошириш бўйича таклифлар олиш, бу йўналишдаги муаммоларни аниқлаб, уларга ечим топиш, намунали бошланғич ташкилотлар тажрибасини оммалаштириш, шулар асосида тавсия ва қўлланмалар ишлаб чиқиш, қолаверса, БПТ етакчиларини рағбатлантириш механизмларини жорий этишдан иборатдир.

Жорий йилда олдимизда бу йўналишда жуда муҳим вазифалар турибди. Чунки партия аъзолари сафи кенгайишида бошлан­ғич ташкилотлар муҳим ўрин тутади. Шундан келиб чиқиб, қуйи бўғин етакчилари ўртасида турли танловлар, ўқув семинарлари ташкил этишни режалаштирганмиз.

— Бошланғич ташкилот партия ғоялари, мақсад ва вазифаларини ҳаётга татбиқ этувчи етакчи куч ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон ХДП Самарқ­анд вилоят кенгаши бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш сектори мудири ­Озода Эгамназарова. — Шу жиҳатдан жойларда ўтказилган семинарлар бошланғич ташкилотларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг партия кенгашлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳларимиз билан ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш, бу борадаги янги тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур тадбирлардан сўнг вилоятимиздаги барча бошлан­ғич партия ташкилотлари фаолиятида жонланиш кузатилмоқда. Қуйи бўғин фаолияти мунтазам равишда мониторинг қилиняпти, ютуқ ва камчиликлар етакчилар билан муҳокама этилиб, галдаги вазифалар белгилаб олиняпти.

2016 йилда вилоят ташкилоти томонидан айнан қуйи бўғин фаолиятини кучайтириш бўйича махсус режа ишлаб чиқилган. Унга асосан ҳар бир бошланғич ташкилотга кириб бориш, етакчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, аъзоларнинг фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш бўйича аниқ чоралар кўрилади.

— Бошланғич ташки­лоти­мизда 55 нафар аъзо бирлашган, — дейди Янгиер шаҳри «Обод юрт» маҳалласидаги ҳудудий бошланғич таш­килот етакчиси Насриддин Нажми­­д­динов. — Улар билан ҳар ҳафта йиғилишиб, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий мавзуларда машғулотлар ўтказамиз. Бугун дунёдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни, мамлакатимизда эришилаётган ютуқлар, ҳафта давомида бўлиб ўтган муҳим воқеаларни таҳлил этишга ҳаракат қиламиз. Электорат мурожаатлари бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатларга таклифлар берамиз. Пар­тиямиз Сайлов­олди дастури ижросида бошланғич ташкилотимизнинг, аъзоларнинг ўрни қандай бўлиши кераклиги тўғрисида фикр алмашамиз. Қувонарлиси, маҳалламизда партиямизга аъзо бўлиш истагидаги ёшлар сони кўпайиб бормоқда.

Жорий йилдан бошлаб ёшлар билан ишлаш масаласига алоҳида эътибор берамиз. Улар билан семинарлар ўтказиб, партиямиз дастурий мақсадларини тушунтириш, янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари билан доимий равишда таништириб боришни йўлга қўй­моқчимиз.

Хулоса сифатида шуни айтиш керакки, партия тизимида амалга оширилган ҳар бир ташаббус, ҳаётга татбиқ этилган янгилик партиямиз ғоялари тарғиботи, Сайловолди дас­тури ижроси ва албатта, электорат манфаатларига хизмат қилиши лозим. Шу маънода, бошланғич ташкилотлар фаолиятини янги босқичга кўтариш партиямизнинг жамият ҳаётига чуқур кириб бориши, ижтимоий масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар кўпайиши, аъзоларнинг сиёсий-ҳуқуқий билими ва фаоллиги ошишига хизмат қилади.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.