14.01.2016

Мамлакатимиз тинчлиги ва барқарорлигининг мустаҳкам қалқони

“Туркистон” саройида 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 24 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. 

Тантанали маросимни Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов очди. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 24 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригини Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Қ.Бердиев ўқиб эшиттирди. 

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз тинчлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир, замонавий, ҳар томонлама яхши қуролланган миллий армиямизни ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг 1991 йил 6 сентябрдаги Мудофаа ишлари вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги фармони бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлар пойдевори бўлди. Кейинчалик Президентимиз фармонига мувофиқ, Мудофаа ишлари вазирлиги Мудофаа вазирлигига айлантирилди. 

Президентимиз ташаббуси билан 1992 йил 14 январда мамлакатимиз парламентининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниши тарихий аҳамиятга эгадир. Шу кундан эътиборан мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий қисм ва муассасалар Ўзбекистон Республикаси тасарруфига ўтказилди. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуси билан 1993 йил 29 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг қонунига биноан 14 январь Ватан ҳимоячилари куни, деб эълон қилинди. Мазкур тарихий ҳужжатга асосан Ватан ҳимоячилари куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. 

Қуролли Кучларимизни шакллантириш жараёнида энг долзарб масалалардан бири – кадрлар масаласи эди. 1990 йилда маҳаллий офицерлар юртимиздаги ҳарбий кадрларнинг атиги 0,6 фоизини ташкил этарди. Мазкур муаммони ҳал этиш мақсадида ҳарбий таълим тизими тубдан ислоҳ қилинди. Бир қатор олий ҳарбий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда ҳарбий хизматга салоҳияти баланд, аҳди қатъий, шижоатли, мард ва жасур ҳарбий кадрлар тайёрлашга киришилди. 

Ҳозирги кунда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртлари, Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультетида замонавий билим ва мутахассисликларга эга етук ҳарбий кадрлар тайёрланмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академиясида малакали офицерларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ҳарбий соҳадаги илмий-амалий тадқиқотларни мувофиқлаштириш, мамлакатимизда ҳарбий таълимни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

2012 йили Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида ташкил этилган ҳарбий-тиббиёт факультети интеллектуал салоҳиятли, юксак малакали тиббий хизмат офицерлари, резерв ва захирадаги офицерлар таркибини тайёрлашга хизмат қилмоқда. Ушбу факультет Қуролли Кучлар тиббий ходимларининг ҳарбий ва касб тайёргарлиги даражасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш, билим ва кўникмаларини чуқурлаштириш, ҳарбий-тиббиёт соҳасида илмий тадқиқотлар олиб боришни ташкил этиш борасидаги асосий таълим муассасаларидан ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларида Қуролли Кучларимиз учун 30 га яқин йўналиш бўйича юқори малакали офицер кадрлар тайёрланмоқда. Офицер ва сержант кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини оширишнинг самарали тизими яратилган бўлиб, булар Сержантлар тайёрлаш мактаблари, олий ҳарбий таълим муассасалари, малака ошириш факультетлари, Қуролли Кучлар Академияси ҳузуридаги офицерларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш олий курслари ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академиясидир. Бу ўқув масканлари ҳарбий хизматчиларга профессионал, назарий ва амалий билимларини такомиллаштириш, ҳарбий-жанговар фаолиятида тажриба ва малакасини ошириш имконини бермоқда.

Қуролли Кучларда амалга оширилган улкан ислоҳотлар натижасида миллий армиямизнинг ташкилий тузилмалари бутунлай қайта кўриб чиқилди, Қуролли Кучларни тезкор-стратегик бошқаришнинг замонавий ва самарали тизими яратилди. Қўшин турларининг ўзаро ҳаракатланишини такомиллаштириш, уларни замонавий техника ва қурол-яроғ билан таъминлаш, жанговар ва ўқув тайёргарликнинг маъно-мазмунини ўзгартириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тубдан яхшиланди. 

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, армияда хизмат қилиш ёшларимиз учун алоҳида маъно-мазмунга эга бўлиб, унинг нуфузи ортиб бормоқда. Бундай хизматнинг жозибадорлиги фақат яратиб берилаётган имтиёзлар ва ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ва моддий жиҳатдан юқори даражада таъминлангани билангина боғлиқ эмас, албатта. Бу, авваламбор, армия ёш авлодимиз учун ҳақиқатан ҳам мардлик ва мустаҳкам иродани, юксак ватанпарварлик туйғусини, Ватанимизга севги ва садоқат ҳисларини тарбиялайдиган ҳаёт мактабига айлангани билан изоҳланади. Мухтасар айтганда, мустақиллик йилларида ҳар томонлама тайёргарликка эга ва армияда чиниқиш мактабини ўтаган, ҳар қандай фурсатда Ватан ҳимояси учун тайёр бўлган бутун бир авлод вояга етди ва мустаҳкам оёққа турди, деб ғурур ва ифтихор билан таъкидлашимиз мумкин. 

Мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-моддий қўллаб-қувватлаш, уй-жой билан таъминлаш ва маиший шароитини янада яхшилаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. 2015 йилда ҳам кўплаб ҳарбий хизматчилар ўз уйларига эга бўлди. 

Бу йил Ватан ҳимоячилари куни мамлакатимизда “Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!” шиори остида нишонланмоқда. Давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан ҳарбий қисм ва бўлинмаларда, барча вилоятларда, олис қишлоқ ва маҳаллаларда учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Уларда халқимиз юртимиздаги тинчлик-осойишталикни қадрлаши, бу азиз неъматни асраб-авайлашга барча ўзини бирдек дахлдор сезиши – Ўзбекистон ягона Ватан, бир тану бир жон экани намоён бўлмоқда. 

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 12 январда қабул қилинган фармонига мувофиқ, Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳи фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди. Йиғилишда уларга Ватанимизнинг ана шу юксак мукофотлари топширилди. 

– Ватанимизнинг юксак мукофотига муносиб кўрилганимдан фахрланаман, – дейди Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм взводи командири, “Мардлик” ордени соҳиби, капитан Улуғбек Абдуллаев. – Биз, ҳарбийлар давлатимиз раҳбарининг доимий эътибори ва ғамхўрлигини ҳис этиб яшаяпмиз. Бу бизга катта куч ва маънавий мадад беради. 

«Энг илғор олий ҳарбий таълим муассасаси», «Энг илғор Сержантлар тайёрлаш мактаби», «Энг илғор мудофаа ишлари бошқармаси» танлови ғолиблари эълон қилиниб, диплом ва эсдалик совғалари биланмукофотланди. 

Тадбирда “Жасорат” медали соҳиби, майор Исломиддин Норқобилов, “Мардлик” ордени соҳиби, кичик сержант Фарҳоджон Олимов, аскар онаси Малика Бекенова, халқаро тоифадаги ҳакам, ФИФА рефериси, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Равшан Эрматов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, шоира Энахон Сиддиқова ва бошқалар Ватан ҳимоячиларини байрам билан табриклаб, Президентимиз Ислом Каримовга ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатаётган доимий эътибори ва ғамхўрлиги учун самимий миннатдорлик билдирди. 

Тантанали маросимда таниқли санъаткорлар ва ёш истеъдодлар ижросида катта байрам концерти намойиш этилди. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди. 

Зиёдулла Жонибеков, Ёлқин Шамсиддинов, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА

Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: