12.01.2016

СОҒЛОМ АВЛОДНИ ТАРБИЯЛАШ

буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Соғлом она ва бола йилини барчамиз хурсандчилик билан қарши олдик. Бу халқимизнинг янги йилдан кутилаётган яхшиликларга ишончи, шу билан бирга, аввалги йилларда амалга оширилган эзгу ишлардан розилиги ифодаси бўлди.

Дарҳақиқат, бугун кенг кўламли, умуммиллий ҳаракатга айланган бу ислоҳотнинг тамал тоши мустақиллигимизнинг ­дастлабки кунларидаёқ қўйилган. Ўша пайтдаги турли иқтисодий-ижтимоий қийинчиликларга қарамай, давлатимиз раҳбари миллат генофондини соғ­ломлаштириш, баркамол авлодни тарбиялаш масаласига биринчи галдаги вазифа сифатида эътибор қаратди.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим тизимини такомиллаштириш, болалар спортини ривожлантириш каби соҳалардаги изчил ислоҳотлар бир-бирини тўлдириб, узвий тизимга айланди. Бугун замонавий тиббий марказлар, таълим муассасалари, спорт иншоотлари ҳар жиҳатдан ­соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Ўзаро изчиллик касб этган «Оила йили», «Аёллар йили», «Соғлом авлод йили», «Она ва бола йили», «Сиҳат-саломатлик йили», «Ёшлар йили», «Баркамол авлод йили», «Мус­таҳкам оила йили», «Соғлом бола йили» муносабати билан қабул қилинган давлат дастурлари натижасида оилаларнинг иқтисодий ва маънавий асослари, оналар ва болалар саломатлиги янада мустаҳкамланди.

Юртимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган замонавий скрининг марказлари, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Репродуктив саломатлик маркази, уларнинг минтақавий филиалларида оналар ва чақалоқларга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Болалар спортининг ривожи соғ­лом авлодни тарбиялашнинг яна бир муҳим воситасига айланди. Барча ҳудудларда, хусусан, чекка қишлоқларда бунёд этилган замонавий спорт мажмуаларида 2 миллиондан зиёд бола спортнинг 30 тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Бу жараёнга қизларни жалб этишга, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар оилаларнинг турмуш шароитларини яхшиламоқда, аёлларнинг рўзғор юмушларини енгиллаштирмоқда. Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижаси фарзандларимизнинг саломатлигида, камолотида яққол намоён бўл­моқда. Бугунги болаларнинг соғлиғи, фикрлаши, ҳаракатлари 20-25 йил олдинги болалардан бутунлай бошқача.

Ўзбекистоннинг илк ордени «Соғ­лом авлод учун» дея номлангани, мамлакатимизнинг бош майдони — Мустақиллик майдонига она ва бола ҳайкали ўрнатилганида ҳам чуқур маъно бор.

Соғлом она ва бола йилида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаяди. Азалдан бобо-момоларимиз насл-насабнинг соғлом бўлишига алоҳида эътибор билан қараган. Ўғил уйлантиришдан олдин бўлғуси келиннинг етти пуштини суриштиришган. Наслнинг тозалиги, авлоднинг соғлом ва баркамоллиги кўп жиҳатдан онанинг саломатлигига боғлиқ эканлигини яхши англашган. Соҳибқирон Амир Темур ҳам бу масалага жиддий аҳамият берган. ­Асрлар давомида такомиллашиб, вақт синовидан ўтган бу миллий қад­риятлар истиқлол туфайли тикланди. Бўлғуси келин-куёвларни никоҳдан аввал тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби жорий қилинди. Барча ҳудудлардаги қишлоқ врачлик пункт­лари, вилоят кўп тармоқли шифохоналари, перинатал ва скрининг марказлари, гинекология ва туғуруқхона мажмуаларида аёлларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Ўсмир қизлар ва туғиш ёшидаги аёллар бепул тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Уларнинг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришга доир маърифий ишлар изчиллик билан олиб борилаётир. Бунинг натижасида юртимизда оналар ва болалар ўлими анча камайди. Ирсий касалликлар ва туғма нуқсонларнинг олди олинди.

Бундай юксак натижаларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ, албатта. Бунинг ортида катта-катта маблағлар, доимий эътибор ва ғамхўрлик турибди. Келинг, шу ўринда айрим рақамларга эътибор қаратайлик. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда оналар ўлими 3,1 баробар, гўдаклар ўлими 3,2 баробар камайди. «Она ва бола скрининги» дас­тури амалга оширилиши натижасида туғма нуқсонли болалар туғилиши 2000 йилдан буён 1,8 марта камайди. Бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. «Save the children» халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олди.

Халқимизда касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал, деган нақл бор. Дейлик, касалманд бир боланинг соғлиғини тиклаш учун қанчадан-қанча маблағ, вақт ва асаб кетади. Аввало, бундан ота-она азоб чекади, қолаверса, бу қариндош-уруғ, дўсту биродарларни ҳам ташвишга солади. Бундай ҳолатлар кўпайгани сайин жамиятнинг маънавий-ахлоқий негизига путур етиб, турли ижтимоий-иқтисодий муаммолар келиб чиқади.

Ҳар бир ота-она ўз соғлиғига эътибор берса, бутун жамиятда шундай муҳит шаклланса, бу муаммолар ўз-ўзидан барҳам топади. Соғ­ломлик деганда нафақат жисмоний, балки маънавий баркамолликни ҳам тушунамиз. Бу борада ҳам кўп вақтини фарзандлари билан ўтказадиган оналарнинг ўрни беқиёс. Болаларини ақлли, билимли этиб тарбия­лай олиш учун, аввало, аёлнинг ўзи илму маърифатли бўлиши зарур. Давлатимиз раҳбари қиз болаларни ўқитиш, уларга касб ўргатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас.

Халқимизнинг барча орзу-ҳаваслари, ҳаётининг мазмуни фарзандлари билан боғлиқ, десак, янглишмаймиз. Шундай фазилатларга эга авлодни тарбиялаб вояга етказган халқ келажакка катта ишонч билан қарайди.

Бу йил олдимизда масъулиятли вазифалар турибди. Чунки ЎзХДП Ҳаракат дастурида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш ва тиббий хизмат сифатини янада яхшилашга оид қатор масалалар илгари сурилган. Демак, бу борадаги ишимизни янада кучайтириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ташаббускор бўлишимиз зарур.



DB query error.
Please try later.