12.01.2016

ВЕТЕРИНАРИЯ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШАДИ

Зулайҳо АКРАМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— 2015 йилнинг 29 декабрида Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Қонун 10 га яқин янги моддалар билан тўлдирилди. Шу билан бирга, ҳозирги замон юридик техника талабларига мослаштирилди. Ҳозирда у бир-бирига мантиқан боғланган 32 моддадан иборат яхлит Қонунга айланди.

Соҳа мутахассисларининг чуқур таҳлиллари, депутатларнинг таклифлари асосида соҳага оид асосий тушунчалар аниқлаштирилди. Натижада 13 асосий тушунча туркуми яратилиб, уларга алоҳида-алоҳида таъриф берилди. Бу ҳуқуқий ҳужжат ижросини таъминлашда ҳар томонлама қулайлик яратади.

Ушбу Қонун қабул қи­лингунга қадар Қонунчилик палатасидаги Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳузурида ташкил этилган барча сиёсий партия фракцияларининг аъзолари, экспертлар, ветеринария со­­­ҳасининг етакчи мутахассислари ва олимлари, амалиётчилар ҳамда жамоат ташкилотларининг вакилларидан иборат ишчи гуруҳи унинг лойиҳаси устида иш олиб борди. Турлича таклиф ва тавсиялар, баҳс-мунозаралар асосида лойиҳа маромига етказилди.

Шунингдек, қонун лойиҳаси юзасидан Қашқадарё, Фарғона, Жиззах, Самар­қанд вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида давра суҳбатлари ўтказилиб, аҳолининг таклиф ва мулоҳазалари олинди.

Таъкидлаш лозимки, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши инсон ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликлардан аҳолини ҳимоя қилиш, бошқа давлатлардан ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишининг олдини олиш, ягона давлат ветеринария назоратини амалга ошириш, ветеринария-санитария муаммоларини ҳал қилиш ҳамда ветеринариянинг изчил ривожланишига ёрдам беради.

Қонунда Вазирлар Маҳкамаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси ҳамда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини белгиловчи бир қатор моддалар ўрин олган. Жумладан, ветеринария масалаларини ҳал этишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирокини белгиловчи моддалар ҳам киритилган. Мазкур моддаларда ҳайвонот оламига мансуб озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлашдаги давлат ветеринария назоратининг аҳамияти, тамо­йиллари, шунингдек, унинг ўрни ва жавобгарлиги масалалари тўлиқ ёритиб берилган.

Айтиш жоизки, ветеринария хизмати тизими давлат, идоравий ва ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизматларидан иборатдир.

Қонуннинг 10-моддасида белгиланишича, Давлат ветеринария хизмати Давлат ветеринария бош бошқармаси, Қорақалпоғистон ­Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат ветеринария бошқармалари, давлат чегарасидаги ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармаси, туманлар ва шаҳарлар давлат ветеринария бўлимларидан, илмий-тад­қиқот институтлари, лабораториялар, ташхис қўйиш марказлари, ветеринария ши­фохоналари, ҳайвонлар ка­салликларига қарши курашиш экспедициялари ва отр­ядлари, шунингдек, ветеринария участкалари, бозорлардаги ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари ҳамда бошқа муассасалардан иборатдир.

Давлат ветеринария бош бошқармасига эса Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири томонидан тайинланадиган бошлиқ раҳбарлик қилиши, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат ветеринария бош­қармаларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишилган ҳолда Давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғи томонидан тайинланадиган бошлиқлар раҳбарлик қи­лиши белгилаб қўйилган.

Давлат ветеринария бош бошқармаси тўғрисидаги низом ва унинг ташкилий тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Умуман олганда, мазкур Қонун ветеринария тизими ва уни бошқаришни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.