09.01.2016

ЎЗХДП ФРАКЦИЯСИ

меҳнат муҳофазасини кучайтириш тарафдори бўлмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқди.

Парламент қуйи палатасининг мажлиси кун тартибига киритилган масалалар аввалроқ сиёсий партия­лар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг депутатлар гуруҳи йиғилишларида атрофлича муҳокама қилиниб, уларни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилган эди.

Депутатлар муҳокамасига «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонун лойи­ҳаси биринчи ўқиш учун тақдим этилди.

Мажлисда таъкидланганидек, мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар айнан инсон омилини кучайтиришга, унинг манфаатларини мустаҳкамлашга қаратилган. Муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида давлат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида муҳим аҳамият касб этади. Бу эса давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган жамиятни демократлаштириш ва модернизация қилиш жараёнларининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Амалдаги қонун қабул қилинганидан буён 22 йилдан зиёд вақт ўтди. Ўтган давр мобайнида меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини тартибга солувчи, ушбу соҳада замонавий талабларни белгиловчи кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бундан мақсад қонун нормаларини янги қабул қилинган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштириш, ташкилотларда иш берувчининг ва ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш бўйича масъулиятини оширишдан иборатдир. Шунингдек, махсус ваколатли давлат органининг, давлат бошқаруви бошқа органларининг меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш юзасидан тегишли назоратни таъминлаш борасидаги вазифаларини белгилаш назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини такомиллаштиришга қаратилган. Меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги соҳасидаги Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари ва тавсиялари асосида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича амалдаги норматив база ўзгартирилди. Унда 20 дан зиёд чет эл, шу жум­ладан, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Япония, Жанубий Корея ва бошқа давлатларнинг тажрибаси инобатга олинди.

Депутатлар мазкур қонун лойиҳаси меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги долзарб масалаларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлашди.

— Қонун лойиҳасида иш берувчининг ҳамда ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган. Хотин-қизлар, вояга етмаганлар, пенсия ёшидаги шахслар, шунингдек, меҳнат қобилияти чекланган инсонларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари аниқлаштирилган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Аҳад Аҳмедов. — Бундан ташқари, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги жамоатчилик назоратининг механизми қайта кўриб чиқилган. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилишга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида касаба уюшмаларининг ҳуқуқлари кенгайтирилган. Бу эса партиямизнинг Сайловолди дастури қоидаларига мувофиқдир. Биз ушбу қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида ходимларнинг, хусусан, ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган ходимларнинг ҳуқуқлари янада кенгайтирилишини қўллаб-қувватлаймиз.

Ушбу қонун лойиҳаси ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг ҳамда касб касалликларининг олдини олиш ва уларнинг сонини камайтиришни ҳам назарда тутади.

Муҳокамалардан сўнг депутатлар қонун лойиҳаларини концептуал жиҳатдан маъқуллаб, биринчи ўқишда қабул қилди. Масъул қўмиталарга қонун ло­йиҳаларини депутатлар, мутахассислар ва экспертлардан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда, кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш вазифаси топширилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Ахборот хизмати хабари асосида тайёрланди.



DB query error.
Please try later.