09.01.2016

ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ —

демократик ислоҳотлар самарадорлигини оширишнинг муҳим омили

Президентимизнинг халқимизга янги йил табригида мамлакатимиз ҳаётида беқиёс ўзгаришлар рўй бераётгани, юртимиз тобора обод ва гўзал бўлиб бораётгани эътироф этилди, 2015 йил ҳар томонлама хосиятли ва файз­ли бўлгани таъкидланди. Дар­ҳақиқат, буни  юртимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнлари такомил­лашаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси спикери ўринбосари, Ўзбекистон ХДП Фракцияси раҳбари Ҳотамжон КЕТМОНОВ билан суҳбатда бунга яна бир бор амин бўлдик.

— Ҳақиқатан ҳам, 2015 йил мамлакатимиз ҳаёти, тараққиётида ўзига хос юксалиш йили бўлди, — дейди Ҳ.Кетмонов. — Хусусан, парламентимизда давлат ҳокимияти ва бош­қарувини эркинлаштириш, мамлакат тараққиётининг энг муҳим масалаларини ҳал этишда парламентнинг ўрни, аҳамияти ҳамда таъсир кучини янада ошириш, ҳуқуқий соҳадаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш билан боғлиқ ҳаётий муҳим масалаларда бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди, янги демократик тартиб-қоидалар жорий этилди.

Партиямиз Сайловолди дастури, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси, шунингдек, 2014 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида белгиланган устувор вазифалар фракциямиз фаолиятига асос бўлди.

Ўтган йил бошида парламент ва депутатлар олдига қўйилган вазифалар Ўзбекистон ХДП фракциясида ҳам ҳар томонлама чуқур ўрганилди, парламентнинг дастури, шунингдек, фракциямизнинг 2015 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Маълумки, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси ҳамда «Миллий тикланиш» Ўзбекис­тон демократик партияси парламентдаги кўпчиликни ташкил қилувчи Демократик кучлар блокига бирлашганлигини эълон қилди. Шунинг­дек, улар 2015 йил 23 январда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Вазирлар Маҳкамаси тақдим этган яқин ва узоқ муддатга мўлжалланган истиқболдаги Ҳаракат дастурини қўллаб-қувватлашлари ҳақида баёнот берди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 251-моддасига асосан ўзини парламент Қонунчилик палатасидаги Демократик кучлар блокига мухолифат деб эълон қилди. Шунга мувофиқ тарзда фракциямиз мамлакатимизда кўппартиявийлик тизимини ривожлантириш, партиялар­аро баҳс-мунозараларни кучайтириш, қонун ижодкорлиги жараёнларида партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Ўзбекистон ХДП фракцияси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги қонун лойиҳалари муҳокамасида фаол иштирок этиш, партия­нинг Сайловолди дастури ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиқиб, таклифлар билдиришдан иборат бўлди.

Хусусан, фракциямиз аъзолари иштирокида тайёрланган бир қатор қонунлар қабул қилинди. Бунга «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида»ги, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунларни мисол тариқасида келтириш мумкин.

Парламентда кенг муҳокамалардан сўнг қабул қилинган «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги (янги таҳрирда) қонунларда фракциямиз томонидан билдирилган бир қатор принципиал таклифлар ўз аксини топганини айтиш ўринлидир.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, фракциямиз қўшма мажлисда парламент олдига қўйилган вазифаларга мос равишда мамлакатимиз тараққиёти, аҳоли фаровонлиги билан боғлиқ долзарб масалаларда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини кучайтиришга алоҳида аҳамият бермоқда. Фракциямиз ташаббуси билан ўтган йилнинг учинчи чорагида Қонунчилик палатасида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси тўғрисидаги ахбороти эшитилди. Мазкур парламент эшитувида фракциямиз аъзолари ҳукумат томонидан касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини иш билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган қўшимча чора-тадбирларни ижобий баҳолаш билан бирга, дастурни амалга оширишнинг турли йўналишлари юзасидан бир қатор танқидий мулоҳазалар, таклифлар ҳам билдирди. Жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлиги таъминланганлиги тўғрисида тақдим этилаётган маълумотлар билан ҳақиқий ҳолат ўртасидаги тафовутларни бартараф этиш чораларини кўриш, туман, шаҳар ҳокимликлари қошидаги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини бажариш юзасидан доимий ишловчи ҳудудий комиссиялар фаолиятини кучайтириш ва самарадорлигини ошириш, касб-ҳунар коллежларида мутахассисларни тайёрлаш меҳнат бозорининг реал талабларига мос келишини таъминлаш, бу жараёнларни мунтазам ўрганиб бориш, таҳлил қилиш масалаларида таклифлар берилди.

Муҳим томони шундаки, 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида ушбу таклифлар инобатга олинди. Жумладан, маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги комиссиялар фаолияти самарадорлигини кучайтириш чоралари белгиланди.

Партиямиз Сайловолди дастури ижроси билан боғлиқ бошқа долзарб масалаларда ҳам парламент назоратини кучайтириш, ҳукумат аъзоларининг ахборотини эшитишни режалаштирмоқдамиз.

— Маълумки, электорат манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда, сайловчиларнинг хоҳиш-истаклари ва талабларини чуқур ўрганишда ҳамда уларни қонун ижодкорлиги жараёнида акс эттиришда сайловчилар билан учрашувларнинг аҳамияти жуда катта. Шу нуқтаи назардан қараганда, фракция аъзоларининг сайловчилар, электорат вакиллари билан учрашувлари натижалари ҳақида нима дея оласиз?

— Фракциямиз аъзолари қонунчиликка мувофиқ, 2015 йилнинг май ҳамда ноябрь ойларида сайловчилар билан 550 дан ортиқ учрашув, давра суҳбати ва турли семинарлар ўтказди. Мазкур тадбирларда мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада парламентда қабул қилинаётган қонунлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамия­ти ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Айрим қонун лойиҳалари соҳа мутахассислари, олимлар ва экспертлар иштирокида кўриб чиқилиб, кенг жамоатчиликнинг муносабати, фикр-мулоҳазалари ўрганилди. Бу кейинчалик фракциямиз таклифларини тайёрлаш ва асослаб беришда муҳим ўрин тутди. Умуман, одамларда жамият миқ­ёсида фикрлаш кўникмаси кучайиб, фуқаролик позицияси мустаҳкамланиб бораётгани сайловчилар билан учрашувлар самарадорлиги ошишига хизмат қилмоқда.

Учрашувларда сайловчилар мамлакатимиз ҳаёти, келгуси тараққиётига дахлдор мавзуларда ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш билан бирга, ўзларини ўйлантириб келаётган масалаларда кўплаб саволлар билан мурожаат қилишди. Хусусан, сайловчилар, электорат вакилларининг 1 минг 400 га яқин савол ва мурожаатлари фракциямиз аъзолари эътиборига олинди. Уларнинг 400 дан ортиғи ижтимоий соҳа, 350 дан ортиғи фан, таълим, маданият ва спорт, 600 дан кўпроғи пенсия, ижтимоий нафақа ва бандликка кўмаклашиш, 100 га яқини ижтимоий ҳимоя­га муҳтож кексалар ва ногиронлар манфаатлари, 100 дан ортиғи соғлиқни сақлаш, 300 дан кўпроғи уй-жой, коммунал хизматлар, яна 300 га яқини эса суд-ҳуқуқ, ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалаларига оид бўлди. Мурожаатларнинг 700 га яқини тегишли соҳалар мутасаддилари иштирокида учрашувлар вақтида ҳал этилди.  450 га яқин мурожаат маҳаллий давлат органларига, 70 га яқини эса тааллуқлилиги бўйича республика ташкилотларига юборилиб, назоратга олинди.

Мана шу мурожаатларнинг йўналиши, характери фракциямиз қандай ижтимоий масалалар бўйича парламент ва депутатлик назоратини кучайтириши кераклиги ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.

Кези келганда яна бир масалага тўхталиб ўтиш зарур, деб ўйлайман. Парламентнинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил йўналишлардаги фаолиятини янада такомиллаштириш, айниқса, қонунлар ижросини назорат қилиш бўйича парламент ҳамда жамоатчилик назоратини изчил йўлга қўйиш долзарб вазифадир. Бу борада мавжуд механизмлардан самарали фойдаланишда маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.

Айни шу мақсадда Навоий, Сирдарё, Қашқадарё вилоятлари ва бош­қа ҳудудларда партиямизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган масалаларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари кун тартибига киритишда ҳуқуқни қўллаш амалиётига бағишланган депутатлар форумлари ўтказилди. Натижада фракциямиз аъзолари маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳларига коммунал хизматларни ривожлантириш, намунавий лойиҳалар бўйича уй-жойлар қуришнинг кенгайтирилиши муносабати билан коммунал инфратузилмани ривожлантириш, шу орқали иш жойлари ташкил этиш билан боғлиқ ва бош­қа масалаларни сессияларга киритишда ҳуқуқий ёрдам кўрсатди.

Бу амалиёт келгусида маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳларимиз таҳлил ва таклифлари асосида электорат манфаатларига алоқадор масалаларни парламент муҳокамасига олиб чиқишимизда қўл келади.

Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимда жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонун ижодкорлиги жараёнини тубдан такомиллаштириш билан боғлиқ бир қатор долзарб вазифаларни кўрсатиб берди. Жамиятда қонун устуворлиги тамойили мустаҳкамланиши кўп жиҳатдан парламент­да қонунлар ҳар томонлама пишиқ ва пухта ишлаб чиқилишига, уларнинг ижроси бўйича парламент назорати кучайишига ҳам боғлиқ. Шу жиҳатдан қараганда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, хусусан, Ўзбекистон ХДП фракцияси олдида қандай вазифалар турибди деб ўйлайсиз?

Жамиятда қонун устуворлиги таъминланиши кўплаб омилларга боғлиқдир. Албатта, бунда қонунларни ҳар жиҳатдан сифатли ишлаб чиқиб, қабул қилиш муҳим ўрин тутади. Маърузада бу борада ечимини кутаётган муаммолар чуқур таҳлиллар асосида кўрсатиб берилди. Олий Мажлис, ҳукумат ва қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган бошқа субъектларнинг энг муҳим вазифаси қонунлар ва уларни ҳаётга жорий этиш механизмларини ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиш экани таъкидланди. Қонун ва механизмлар ҳаётдаги аниқ муносабатларни кенг миқёсда амалда тартибга солиб бориши, ҳар бир субъект ўз ўрнини билиши ва ўз фаолиятида қонун талабларига асосланиши кераклиги уқтириб ўтилди.

Дарҳақиқат, қонун мукаммал бўлса, ижроси изчил таъминлансагина халқимиз, давлат ва жамиятга фойдаси бўлади. Барчамизга аёнки, қонунни қабул қилиш билан иш битмайди. Уни ҳаётга татбиқ этиш муҳим масала ҳисобланади. Сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувлар давомида қабул қилинган қонунларнинг ижроси юзасидан назорат олиб борганимизда айрим ижро ҳокимияти органлари, корхона ва ташкилотлар мутасаддилари фао­лия­тида қонунни четлаб ўтиш ҳоллари кузатилаётганига ҳам гувоҳ бўлдик. Демак, раҳбар ва мутасаддилар орасида қонунга ҳурмат руҳини шакллантириш, шу масалада тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

Келгусида қонун ло­йиҳаларини кўриб чиқиш, уларга партия позициясидан келиб чиқиб муносабат билдиришда, таклифларни шакллантиришда расмий, юзаки ёндашувдан қочишимиз, маърузада қўйилган масалаларга мос равишда фаолиятимизни тубдан қайта кўриб чиқишимиз зарур.

Маърузада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қабул қилинган қонунлар ва улардаги талабларни сўзсиз бажариш юзасидан долзарб фикрлар илгари сурилди. Айниқса, қонун ва қонунчилик ҳужжатларини қабул қилишда уларнинг умумий принцип ва механизмларини белгилаб қўйиш билан чегараланмаслик кераклиги алоҳида таъкидланди. Бу борада қонунларда ҳуқуқий нормаларни қандай вазиятда қандай қўллаш лозимлигини аниқ-равшан кўрсатиб бериш, қонун лойиҳалари фракциямизда муҳокама қилинаётганда  шу масалага жиддий ёндашишимиз талаб этилади. Шунинг учун эндиликда қонун лойиҳалари бўйича фракциямиз томонидан билдириладиган ҳар бир таклиф аниқ масаланинг ечимига хизмат қилишига эътибор берилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлаш, қонун ижодкорлиги жараёнини такомиллаштириш, қонунлар ижроси бўйича назоратни кучайтириш масалаларида парламент, хусусан, фракциямиз олдида жуда катта ва масъулиятли вазифалар турибди. Уларни бажариш учун сид­қидилдан меҳнат қилишимиз зарур.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тўлқин ТЎРАХОНОВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.