09.01.2016

«МАТЕМАТИКАСИЗ ҲАЁТИМИЗНИ ТАСАВВУР ҚИЛИШ ҚИЙИН»

Болаларда интеллектуал салоҳиятнинг ошиши ҳамда фикрлаш қобилияти шаклланиши учун авваламбор уларни математика фанига қизиқтириш зарур. Бу ҳақиқатни олимлар кўп бора таъкидлаган. Бола математика фанига қанча эрта қизиқса, бу унинг ўқишига ижобий таъсир кўрсатади.

Математикани соддалаштириш, уни ўрганишнинг осон йўлларини излаб топиш мақсадида 6-8 январь кунлари Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида «Ажойиб математика» (Touch Much) фестивали бўлиб ўтди.

— Математикасиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин, — дейди Инҳа университети проректори Турдимурод Турсунмуродов. — Ёшларимиз қайси касбни эгаллашидан қатъи назар математикага оид маълум билимлардан хабардор бўлиши керак. Айниқса, ахборот технологиялари соҳасида математиканинг ўрни катта. Университетимизда ўтказилган фестивалда математикага визуал нуқтаи назаридан ёндашган ҳолда, махсус дастурлар асосида дарслар ўтилди. Мамлакатимиздаги мактаб, лицей ва коллежларнинг математика ўқитувчилари ўртасида онлайн тарзда танлов ўтказдик. Унинг шартларига кўра, ўқитувчилар университет томонидан тақдим қилинган вазифаларни инглиз тилида бажаришлари керак эди. Бундан кўзлаган асосий мақсад инглиз тилида дарс ўта оладиган ўқитувчиларнинг энг истеъдодлиларини Жанубий Кореянинг нуфузли университетларида магистратура ва доктарантурада ўқишига ёрдамлашишдир.

Танловда юқори ўринларни эгаллаган ўқитувчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Фестивалнинг фахрий меҳмони, Жанубий Кореянинг Инҳа университети профессори Хун Чанг гиперкуб ва кундалик ҳаётимиздаги математика тўғрисида маърузалар ўқиди.

— Баъзи одамларга математика зерикарли фандек туюлиши мумкин, — дейди ­профессор Парк Женам. — Мазкур фестиваль бу фикр нотўғри эканлигини ва математика улар ўйлаганидан кўра қизиқарли эканини кўрсатди. Фестивалда иштирок этаётган болаларга математика бўйича турли саволлар берилди. Тўғри жавоб топганлар рағбатлантирилди. Бу каби савол-жавоблар 3 кун давомида кунига 3 мартадан ташкил этилди.

— «Ажойиб математика» фес­тивали Ўзбекистонда биринчи бор ўтказилди, — дейди ­Тошкент шаҳридаги Инҳа университети 2-курс талабаси Нодирбек Холиқулов. — Биз фестивалда қўллаган янги методларимиз математикани ҳеч қанақа формулаларсиз ўрганишга қаратилган.

— Қаршидан отам ва опам билан ушбу фестивалга келдим, — дейди Одил Дилмуродов. — Математика фанига қизиқаман. Фес­тиваль менга жуда ёқди, унда турли биноларни қуриш лойиҳалари билан танишдим. Кўплаб қизиқарли математик ўйинлар ўйнадик, шакллар ясадик. Бу ерга келиб, математиканинг қизиқарли фан эканлигига яна бир бор ишондим. Ҳозир 5-синфда ўқийман мактабни битиргач, Инҳа университетига кирмоқчиман.

— Ўғлим Шоҳрухни математикага қизиқтириш учун ушбу фестивалга олиб келдим, — дейди Ғолиб Бердиев. — Бу каби тадбирлар ўқувчилар учун жуда ҳам зарур.

Фестиваль сўнгида иштирокчиларга Инҳа университети қошида очилган курслар ва уларда ўқиш тартиби ҳақида маълумот берилди.

 

Шаҳбоз САИДОВ



DB query error.
Please try later.