09.01.2016

ИСПАНИЯ: ҲУКУМАТ ҚАНДАЙ ВА ҚАЧОН ШАКЛЛАНАДИ?

Испания дунёдаги ривожланган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Бу мамлакатдаги демократик жараёнларда ­сиёсий партиялар муҳим ўрин тутади. Испания парламенти икки палатали бўлиб, юқори палата — Сенат ва қуйи палата — Конгрессдан иборат. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, парламентдаги ўринлар учун асосан икки сиёсий куч — Испания социал ишчи партияси ва Халқ партияси кураш олиб боради. Аммо 2015 йил 20 декабрь куни мамлакат парламентига бўлиб ўтган сайлов натижалари кутилганидан ҳам кескин ўтди.

Аввало, Испаниядаги сайлов тизимига эътибор қаратадиган бўлсак, ўзига хос жиҳатларни кўриш мумкин. Мисол учун, Конгресс 350 депутатдан иборат бўлиб, улар умумхалқ овоз бериш йўли билан пропорционал тизим асосида сайланади. Мазкур палата қонун лойиҳаларини кўриб чиқади, бюджетни муҳокама қилади. Сенат эса уларни тасдиқлайди. Кон­гресс­да 19 қўмита фаолият юритади. Қуйи палатада тузиладиган сиёсий партия фракция­си камида 15 депутатдан иборат бўлиши керак.

Энди бевосита сайлов натижаларига эътибор қаратадиган бўлсак, бир неча сайловлардан бери етакчилик қилиб келаётган Халқ партияси яна бир карра ғолиб чиқди. Улар сайловчиларнинг 28,72 фоиз овозини тўплаб, Конгрессда 123 ўринга эга бўлди. Иккинчи натижани социал партия қўлга киритди. Улар 90 депутатлик ўрни билан кифояланди.

Учинчи ўринни социалистларга асосий рақобатчи бўл­ган Podemos партияси қўлга киритди. Мазкур партия 69 депутатлик ўрнига эга бўлди. Эътиборга молик томони шундаки, ушбу сиёсий партия бир неча ўн йиллар давомида ҳукм­ронлик қилган икки пар­тия­га муносиб қаршилик кўрсатди.

Ўнг марказчилар ҳисобланган «Фуқаро» партияси 40 ­депутатлик ўрнини эгаллади.

Сайловда ғолиб чиққан Халқ партияси Европадаги энг йирик партиялардан бири ҳисобланади. Ҳозирда унинг 700 мингдан ортиқ аъзоси бор. 2011 йилда ўтказилган сайловларда ҳам мутлақ кўпчилик — 186 депутатлик ўрнини қўлга киритган эди. Бугунги кунда Европарламентда партиянинг 16 нафар депутати фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида партиянинг органи фаолият юритади. Унинг олий органи Миллий Кенгаш ҳисобланади.

Социал-демократия ғоялари тарафдорлари бўлган ­Испания социал ишчи партия­си 1879 йилда ташкил этилган. Мазкур партия 1999-2004 йиллардаги парламент сайловларида ғалаба қозониб, етакчи мавқега эга бўлганди. Шундан сўнг социал партия вакиллари асосан иккинчи натижани қайд этмоқда.

Умуман олганда, мамлакатда ўтказилган мазкур муҳим сиёсий тадбирда фуқаролар юқори фаоллик кўрсатишди. Бу рақамларда ҳам ўз ифодасини топди. Сайловда 2011 йилга нисбатан 4 фоиз кўп — яъни 73,2 фоиз сайловчи иштирок этди.

Маълумот учун, Испанияда 36,5 миллион киши овоз бериш ҳуқуқига эга бўлиб, уларнинг 2 миллионга яқини хорижда истиқомат қилади. Шуни ҳисобга олиб, хорижий мамлакатларда 23 мингга яқин сайлов участкаси ташкил этилди. Сайловда биринчи бор овоз берганлар эса, 1,6 миллионни ташкил этди.

Испанияда қарийб 30 йил, яъни 1982 йилдан буён Халқ партияси ҳамда Испания социалистик ишчи партияси нав­батма-навбат ҳукуматни шакл­лантириб келган. Кейинги йилларда Фуқаролар ҳамда Podemos — «Биз уддалаймиз» партияси асосий рақобатчига айланди. Бу галги сайловда 13 сиёсий партия ҳамда бирлашмалар ўз номзодлари билан иштирок этди.

Сайловдан сўнг сиёсий партия етакчилари берган интервьюда эндиликда икки партияли тизимга барҳам берилиши ва бу мамлакат бошқаруви тарихида янги бурилиш ясашини таъкидлаган. Боиси, охирги сайлов натижалари Халқ партияси тарихида кузатилмаган. Эндиликда бу партия олдида мураккаб вазият турибди. У ҳукуматни шакл­лантириш учун ўзидан кейинги ўринларда турган партиялардан бири билан қонунчиликда белгиланган 30 кун ичида коалиция тузиши зарур. Акс ҳолда, ҳукуматни қўлдан бой бериши ва қайта сайлов ўтказилиши мумкин.

Айни пайтда ҳар бир сиёсий партия ҳолат юзасидан ўз қарашларини турлича баён қилмоқда. Халқ партияси раҳбари, собиқ Бош вазир Мариано ­Рахой сайловдан аввал ғолиб партия ҳукуматни бошқариши керак, деган ташаббус билан чиққан эди. Лекин ҳеч бир партия ҳукуматни шакллантириш масаласида Халқ партияси билан муросага келмаяпти.

Мутахассислар ва кузатувчилар фикрича, ўнг ва чап коалицияни шакллантириш бирдек мураккабликлар туғдиради. Чунки социалистлар ва Podemos кўпдан буён рақобатлашиб келади. Уларнинг Сайловолди дастурлари ҳам бир-биридан анча фарқ қилади. Яна бир томони, уларнинг коалиция бўйича муроса қилиши ҳам парламентдаги мутлақ кўпчилик ўринни эгаллаш имконини бермайди.

Экспертларнинг хулосасига қараганда, яна бир усул ҳам бор. Бу — «Катта коалиция» тузиш. Яъни Халқ партияси ва социалистлар ўзаро келишиши вазиятни юмшатиши мумкин. Бироқ ушбу партия етакчилари бу ҳақда бирор аниқ фикр айтганича йўқ. Сабаби, бу икки партиянинг дастури, мамлакатни тараққий эттириш ғоялари бир-биридан анча йироқ. Шунинг учун ҳукуматни шакллантириш, хусусан, ­вазирликларга ўз вакилларини қўйиш масаласида икки йирик партия бир-бирига ён бергиси келмаяпти. Хуллас, шу кунга қадар ҳукумат бошқаруви бўйича испанияликларни ўй­лан­тираёт­ган саволга аниқлик киритилмади.

Хулоса сифатида шуни айтиш керакки, бугунги кунда бутун дунё­да кечаётган молиявий-иқтисодий инқироз, мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар туфайли ривожланган давлатлар, уларда фаолият юритаётган сиёсий партиялар олдида жуда муҳим вазифалар турибди. Сиёсий партиялар буни қай даражада адо этиши кўп жиҳатдан мамлакатнинг эртанги тақдирини белгилаб беради.

 

Нурали ОРИПОВ,

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА.



DB query error.
Please try later.