07.01.2016

САЙЛОВЧИНИ ЎЙЛАНТИРАЁТГАН МАСАЛА

ўз вақтида ҳал қилиниши зарур

Депутат аҳоли томонидан давлат ҳокимиятининг олий, маҳаллий вакиллик органларига сайланган ишончли вакилдир. Шу боис ундан аҳолини ўйлантираётган масалаларни ечишда фаоллик кўрсатиш, одамлар манфаати йўлида мунтазам изланиш, елиб-югуриш талаб этилади. Бу борада унга катта ҳуқуқ ва ваколат берилган. «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, у тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқор­ғи Кенгесининг Раисига ва Вазирлар Кенгашига, вазирларга ҳамда бошқа давлат органлари раҳбарларига, ҳокимларга, ҳоким ўринбосарларига, ҳокимликлар бўлимлари ва бошқармаларининг раҳбарларига, шунинг­дек, тегишли халқ депутатлари Кенгаши ҳудудида жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарларига сўров билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларида Ўзбекис­тон ХДПдан сайланган 212 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида эса 1652 нафар депутат фаолият кўрсатмоқда.

Депутатлар партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб таклиф ва ташаббуслар билан чиқмоқда. Бу борада депутатлик сўрови институти муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўтган йилда коммунал тўловлар, ижтимоий соҳа, бандлик масалаларида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари 762, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари эса 2926 депутатлик сўрови билан мурожаат этган.

Хўш, уларнинг натижалари қандай бўлди? Мутасадди ташкилотлар депутатлик сўровларининг ҳаммасига ўз вақтида жавоб беришдими? Элек­­­­торат манфаатларини ҳимоя қилишда депутатлик сў­ровлари қай даражада самара бермоқда?

Сирожиддин Аъзамов, Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси:

— Депутат зиммасида сайловчилар манфаатларини ифода этиш вазифаси туради. Депутат қайсидир масалада мутасадди ташкилотларга сўров юбориш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат ўрнатиш, аниқланган масалани халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессиясида кўриб чиқиш учун таклиф киритиш ва бош­қа ҳуқуқларга эга. Тўғри, берилган ҳуқуқ ва ваколатлар кенг, лекин улардан самарали фойдаланиш ўзига хос мураккаб жараён ҳисобланади. Чунки бу фақат депутат фаоллиги ёки партия ташкилотининг интилишига боғлиқ эмас. Бунда ижро ҳокимияти билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш керак бўлади.

Тошкент вилоятида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлар депутатлик сўрови институти имкониятларидан самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Ўрни келганда айтиш керакки, аҳоли турмуш фаровонлиги йўлида кўплаб хайрли ишларни амалга ошираётган депутатлар ҳам, депутатлик сўровларига ўз вақтида муносабат билдираётган раҳбарлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Масалан, Пскент туман Кенгаши депутати Жўрақул Отақулов томонидан ­Ойбек номли маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Тўмарис кўчасида истиқомат қилаётган аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланишида юзага келаётган муаммо юзасидан депутат сўрови киритилди. Мазкур сўров туман «Сувоқава» ташкилоти мутасаддилари томонидан ўз вақтида кўриб чиқилди ва қисқа муддатда мазкур масала ижобий ҳал этилди.

Айни кунларда халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашида партиямиздан сайланган 16, шаҳар ва туман Кенгашларида эса 197 нафар депутат фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг аксарияти партиямиз дастурий мақсадлари ҳамда вазифаларини амалга оширишда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатишмоқда. 2015 йилда давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига жами 474 депутатлик сўрови киритилди. Муҳими, уларнинг аксариятига вақтида жавоб олинди ва 394 депутатлик сўрови юзасидан электорат манфаатларига дахлдор катта-кичик муаммоларни жойларда ҳал этишга эришилди.

Абдулҳамид Нурматов, Ўзбекистон ХДП Андижон вилоят кенгаши раиси, вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг давлат бошқаруви органлари устидан назоратини, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича аниқ таклиф, муқобил дастурларни илгари суриш борасидаги фаолиятини кучайтириш бугун олдимизда турган энг асосий вазифалардан биридир. Шу маънода, ҳар бир депутат ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини таҳлил қилиб бориш, ечимини кутаётган масалаларни ҳал этишда жонбозлик кўрсатиши талаб этилмоқда.

Бугунга келиб халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашида партиямиздан сайланган 161 нафар депутат фаолият олиб бормоқда. Улар томонидан 2015 йил давомида аҳолини ташвишга солаётган масалалар юзасидан давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг мансабдор шахсларига 450 депутатлик сўрови билан мурожаат қилинди.

Масалан, халқ депутатлари Андижон туман Кенгаши депутати Сардор Қосимовнинг «Вилоятэлектртармоқлари» ОАЖ бош­қаруви раисига юборган сўрови натижасида «Жевачи» маҳалла фуқаролар йиғинидаги электр трансформатор янгисига алмаштирилди ҳамда ҳудудда электр энергияси таъминотидаги узилишларнинг олди олинди.

15-Зарғалдоқ сайлов округидан сайланган депутат Нодир Арапов томонидан Булоқбоши туман газ корхонаси бўлими раҳбарига юборилган депутатлик сўрови ҳам жавобсиз қолгани йўқ. Натижада туман аҳолисига табиий газ етказиб берилишининг узлуксизлиги таъминланди.

16-Учтепа сайлов округидан сайланган яна бир депутатимиз томонидан Булоқбоши туман ободонлаштириш бўлими раҳбари номига йўлланган сўров қисқа муддатда ўрганилиб, тегишли мутасаддилар томонидан тумандаги «Учтепа» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Шамшод кўчасининг таъмирталаб қисмига асфальт ётқизилди.

Бундай мисолларни барча ҳудудлардан келтиришимиз мумкин. Депутатлик сўровларига ўз вақтида жавоб берилаётгани маҳаллий ижро ҳокимияти идоралари, корхона-ташкилотлар мутасаддиларининг масъулияти ортиб бораётганини ҳам англатади.

 

Аброр ҚУРБОНОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.



DB query error.
Please try later.